Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 21:03

Янгисини қурмай туриб, эскисини буздилар


Шаҳрихон туманидан қўнғироқ қилган Фарҳод ака Андижон марказий йўлидаги Кўзи ожизлар жамиятига тегишли ётоқхона бузилгани, янгиси эса қуриб берилмаётганидан шикоят қилди.

"Болаларга кўпроқ эътибор берилса..."

Озодликка Жиззах вилоятининг Фориш туманидан қўнғироқ қилган маданият уйи ходими Отабек Қосимов сўнгги пайтларда Ўзбекистон радио ва телевидениесида болалар учун мўлжалланган ўзбек миллий мусиқаси ҳақидаги эшиттиришлар камайиб кетганига раҳбарлар эътиборини қаратмоқчи эканини айтди.

- Қўнғироқ қилишимдан мақсад шуки, Ўзбекистон телерадиокомпаниясида кўп гаплар гапирилади. Миллий меросимиз йўқ бўлаяпти, мусиқа санъатимиз йўқ бўлаяпти, у дейди, бу дейди. Лекин ҳаммаси ëшликдан бошланади.

Мен айтмоқчи бўлган гапим шундан иборатки, болалар қўшиқлари ҳозирги пайтда телевидениеда, радиода деярли берилмаяпти десам ҳам бўлади. Бир кунда иккита қўшиқ беради. Унинг бастакори ким, ким ëзган, шоир ким? Буни ҳеч ким эълон қилмайди.

Яна битта гапим шундан иборатки, илгари телевизорда “Биргаликда куйлаймиз”, “Қўшиғим, жон қўшиғим” деган кўрсатувлар, радиодастурларда эшиттиришлар бўларди болалар учун. Қўшиқлар, ярим соатлик концертлар бўларди болалар учун. Ўша эшиттиришлар йўқ бўлиб кетди.

Мактаб ëшидаги болаларга тайинланаëтган ўқитувчилар умуман саводи йўқ. Мана мен ўзим маданият уйида ишлайман бадиий ҳаваскорлик жамоасида. Ўқувчилар келади байрам дастурларига тайëргарлик учун. Мен ашула ўрганаман, деб келади. “Нима ашула биласан?” десам, “мадҳияни биламан фақат” дейди. Унинг бастакори ким, шоири ким билмайди.

Халқ таълими вазирлигига менинг мурожаатим шундан иборатки, болалар учун қўшиқлари ўргатади ўқитувчилар. Аттестация бўлади, мактабларни текширади. Шу мусиқа ўқитувчиларини бир текширишса яхши бўларди.

Айниқса Ўзбекистон радиоканалига битта эътирозим бор. Болалар учун эшиттиришларни, телевизорда кўрсатувларни кўпроқ берса. Ярим соатлик концерт дастурлари бўларди. Шулар ҳам йўқ бўлиб кетди.

Яна бир эътирозим бор. Ëшлар радиоканалида 13-студия деган эшиттириш бор. Телевидениеда кўрсатуви ҳам бор. Ўшанга бир куни мутахассислар чиқиб қолди, бошловчилар чиқиб қолишди. Дўконларимизда дисклар сотилади, у ëқ, бу ëқ дейди. Дўконларда болалар учун ҳеч қанақа дисклар йўқ. Мен шуни айтмоқчи эдим, дейди Отабек Қосимов.


"Кўзи ожизларга тегишли бинолар сотилмаса..."

Андижон вилоятининг Шаҳрихон туманидан қўнғироқ қилган Фарҳод ака кўзи ожизлар жамиятига тегишли ётоқхона бузилгани, кўзи ожизларни иш билан таъминлаш муаммо бўлиб қолаётганига Ўзбекистон раҳбарлари эътиборини қаратишни хоҳлаб, Озодликнинг Эркин Микрофонига мурожаат қилганини айтди.

- Кўзи ожизлар бўйича бир масала бор эди. Икки йил бўлиб қолди. Асака шаҳридаги кўзи ожизларнинг умумий ëтоқхонаси Андижон марказий йўлидан олинди. Ҳозирда шаҳар ижтимоий таъминот бўлимининг эски биносига кўчириб қўйилди. Янги бино қуриб берамиз, деб бузишганда. Шунга кўзи ожизларнинг раҳбарлари, юқоридаги марказий правлениенинг раҳбарлари ҳам, шаҳар раҳбарлари ҳам бепарволик билан қарашди шекилли. Биз ҳамма кўзи ожизлар кўп шу ерга борардик. Шу ер энг файзли жой эди-да.

Озодлик: У ерда нима билан шуғулланардинглар?

- Цехи бор эди. Дорожка тўқиларди илгари. Биринчи жойи ҳам, иккинчи жойи ҳам сотиб юборилган. Давлат раҳбарларидан шуни сўрардимки, кўзи ожизларга дотация берадими, қандай қилади, қанақадир иш билан таъминлаши керак-да. Ëтоқхонасига цех яқин бўлган ўша пайтда. Энди ҳозир марказий управлениенинг ҳам кучи етмайди. Ҳайронман, буни нима мақсадда бузишди. Шартномаси ҳам тузук бўлмаган. Бу тўғрида келишилган бўлиши керак. Одамларни шаҳар ижтимоий таъминот бўлимининг эски биносига қўйишган. У ерда яшаш учун шароит деярли қийин. Муаммони кўтариб шаҳарга, бошқага чиқишган. Лекин янги бино қилиб берамиз дегандан кейин қилиб беришлари керак эди. Мен президентимиз, вазирликларнинг эътиборини ҳақиқатан шу билан тортсамки, кўзи ожизлар жамиятининг жойлардаги биноларини деярли сотиб юборишга йўл қўйишмаса, дейди шаҳрихонлик Фарҳод ака.


Ариқдан сув ичган қўрғонтепаликлар касалга чалинаяпти

Тошкентда мардикорчилик билан шуғулланаётган Неъматжон ака укаси яшаётган Андижон вилоятининг Қўрғонтепа туманидаги Охунбобоев қишлоғида ичимлик суви йўқлиги, шу боис ўтган йил қишлоқдаги ўнлаб одам касалликка чалинганидан шикоят қилди.

- Ўтган йил ноябр ойида ариқдан сув ичган 50 одам сариқ касали бўлган. Андижон сув омборидан ичади. Водопровод йўқ, ишламайди. Сув узоқ жойдан келади. Ариқдан ҳар хил хашак, бало-баттар оқади-да. Водопровод йўқ. Ҳеч ким қарамайди ҳам унга.

Озодлик: Водопровод қувурлари ўтганми?

- Совет иттифоқи пайтида бўлган. Кейин ўлган.

Озодлик: Туман раҳбарларига: “одамлар касал бўлди, бизларга ичимлик сувини еткаиб беринглар”, деб мурожаат қилдингларми?

- Мурожаатга биров қарамайди. Ҳар ким ўзи билан ўзи овора. Буларга бир нарса керак эмас. Мурожаат қилсангиз, қараб ҳам қўймайди.

Озодлик: Одамлар қанақа қилиб сув ичаяпти?

- Ҳозир ҳам ариқдан ичаяпти.

Озодлик: Яна касаллик тарқалса, нима бўлади?

- Ким билади нима бўлишини. Ҳайрон бўлдим мен. Яқинда укам гапириб берди. Тошкентда мардикор бўлиб ишлаб юрибман мен. Укам: “гапириб беринг-чи ака, бир ëрдам қилар”, деди. Шунга мен айтиб қўймоқчи эдим, дейди Тошкентда мардикорчилик билан шуғулланаётган Неъматжон ака.


"Мирза Азизовга роли ярашмабди"

Тожикистоннинг Истаравшан туманида яшовчи Саодат ўзи ва дугоналари ўзбекистонлик актёр Мирза Азизовнинг телевидение орқали намойиш қилинган "Тубанлик" номли филмида ўйнаган ролидан норози эканликларини айтди.

- Биз доим Ўзбекистон телевидениесини кўрамиз. Ўтган ҳафта "Тубанлик" деган кино берди. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Мирза Азизов бош ролда экан. Ўша роли ҳеч менга маъқул бўлмади. Шу фикримни Озодликдан айтинглар, демоқчиман.

Озодлик: Бу актëр ўйнаган ролнинг нимаси ëқмади?

- Актëримиз шундай бир ҳожи ролида чиқди. У одам жуда ҳам бир яхши ролларда чиқарди. Бу жуда ҳам ўтиб тушди-да. Маъқул бўлмади. Дугоналаримга ҳам маъқул бўлмади. Ачиниб кетдик шу санъаткорга. Ҳожи ролида чиққан. Ҳижоб ўраганлар бор-ку, қандайдир ташкилотга аъзо бўлганларга бошлиқ экан. Ўзининг учта фарзандини ташлаб кетиб, 15 яшар қизга уйланди-да. Қизнинг онаси ҳижобга кирган экан. Мажбурий равишда қизни унга берди. Ҳали балоғатга етмаган экан. Филмда кўринишича энди.

Озодлик: Актëрнинг иши шунақа. Бир сафар шоҳни ўйнаса, кейинги сафар гадони, кейинги сафар олимнинг ролини ўйнаши мумкин.

- Тўғри бу гапингиз. Жуда ҳам ачиниб кетдим-да шу санъаткорга. Касби бўлса ҳам жуда ноқулай рол экан-да.

Озодлик: Шунчалар ўхшатганидан сизларга таъсир қилдими?

- Жуда ўхшатгану, лекин бу одамга ярашмади энди. Ëшроқ санъаткор қарилар либосида чиқиб ўйнаганда ҳам бўларди. Бу одамга ҳеч ўтирмади. Ҳаммамиз хафа бўлиб кетдик. Шундай буюк санъаткор шундай ролда ўйнайдими? Жуда ифлослик-да. 15 яшар қизчани олиб кириб никоҳлаб олгандан кейин “Амакижон, менга тегманг” деб шундай ялинаяпти энди. Алвастидай одам-да энди бу. Жасади ҳам катта. Эртаси куни уни докторга олиб бордилар. Ўзингиз ҳам кўргандирсиз. Шунга биз жуда хафа бўлиб кетдик. Биз маслаҳат қилиб, “Озодликка айтамиз. Бизга маъқул бўлмади шу одамнинг роли. Ўзимиз шундай ачиниб кетдик шу санъаткорга” деб айтдик. Санъаткорни ëмонлаганимиз йўқ. Ўзимиз шу ролни ўйнаганидан хафа бўлиб кетдик, дейди Тожикистоннинг Истаравшан туманида яшовчи Саодат.

**********************************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз, бизга қўнғироқ қилинг ëки Skypeда биз билан мулоқотга чиқинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 777 148 199 рақамига йўлланг.

Skypeда Озодликни оzodskype ëки ErkinMikrofon деб қидиринг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!
XS
SM
MD
LG