Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 17:36

Жиззахда махсус индустриал ҳудуд очилади


Жиззах вилоятида замонавий талабларга жавоб берадиган ва хорижий сармоядорларни жалб этишга қаратилган махсус индустриал ҳудуд очиш ҳақида Ўзбекистон президентининг фармони эълон қилинди.

ЎзАда чоп этилган расмий хабарда айтилишича, Жиззах вилоятида замонавий ва рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқаришни таъминлайдиган юксак технологияга асосланган ишлаб чиқариш зонаси ташкил этилади.

Президент Ислом Каримов имзолаган фармонда бу зонани ташкил қилиш учун хорижий ва маҳаллий сармоядорларни жалб этишга катта эътибор берилган.

Расмий маълумотга кўра, ҳозирча бу ҳудудда Хитой билан ҳамкорликда ташкил этиладиган ўзбек-хитой саноат паркини барпо этиш бўйича Хитой билан келишувга эришилган.

Президент фармонида Жиззах ва Сирдарё вилоятлари ҳокимликлари масъулиятида бўладиган бу ҳудудда юксак инновацион технологияга асосланган корхоналар, бу зонага кирувчи минтақанинг минерал-хомашё ресурслари ва қишлоқ хўжалик хомашёсини чуқур қайта ишлаш бўйича янги ишлаб чиқариш корхоналари қурилиши кўзда тутилган.

Индустриал зонанинг фаолият юритиш муддати 30 йил қилиб белгиланган ҳамда бу муддатнинг кейинчалик узайтирилиши мумкинлиги айтилган.

Бу зонани ташкил қилиш учун эса, асосан хориж сармоядорларини жалб қилиш кўзда тутилмоқда.

Шу боис, зона иштирокчиларига жуда катта имтиёзлар бериш режалаштирилган.

Жумладан, иштирокчилар фойда солиғи, мол-мулк солиғи, ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи, ягона солиқ тўлови, йўл солиғи, хориждан келадиган ускуналар учун солинадиган ҳар хил бож тўловларини (божхона йиғимларидан ташқари) тўлашдан озод қилинади.

Бу имтиёзлардан фойдаланиш учун сармоядорлар фармонда белгиланган ҳажмда сармоя киритиши лозим.

Бу имтиёзлар "300 минг АҚШ долларидан 3 миллион АҚШ долларигача бўлганда – 3 йил муддатга; 3 миллион АҚШ долларидан ортиб 10 миллион АҚШ долларигача бўлганда – 5 йил муддатга; 10 миллион АҚШ долларидан ортиқ бўлганда – 7 йил муддатга берилади".

XS
SM
MD
LG