Линклар

Шошилинч хабар
17 апрел 2024, Тошкент вақти: 00:04

“Ўқув даргоҳимизни ёпмасликлари учун Наврўзни нишонладик”


Тожикистондаги Ислом давлат университети талабалари ўз тарихида иккинчи марта Наврўз байрамини нишонлади. Талабаларнинг айтишларича, расмий мақом олган олийгоҳнинг ёпиб қўйилмаслиги учун улар бу байрамда иштирок этишга мажбур бўлишган.


Тожикистон Ислом университетидаги Наврўз байрами Қуръон оятларини тиловат қилишдан бошланди.

Яхши ўқиган ва ишлаган талабалар, қолаверса устозларни тақдирлаш маросимининг ўтказилиши, йиғилганларда ўқув йили сарҳисобига ўхшаш тасаввур қолдирди.

Университет ёшлар ташкилоти раиси Холиддин Матиновнинг айтишича, олийгоҳ давлатга тегишли эканлиги ҳақидаги мақомни олгандан сўнг, барча расмий байрамлар нишонланадиган бўлган:

- Бугунги Наврўз байрами одатдаги байрамдан фарқ қилади. Бу ерда ашула айтиш ва рақсга тушиш йўқ. Олов қўйиб, уни устидан сакраш каби бидъат маросимлар йўқ. Биз исломий меъёрларга риоя қилишимиз керак, дейди Холиддин Матинов.

Тожикистон Ислом университетида Наврўз байрами
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:34 0:00

Байрамда арқон тортиш, тош кўтариш, кураш каби ўйинлар мусобақаси бўлиб ўтди.

Бироқ, исми сир қолишини сўраган олийгоҳ талабаларидан бирининг айтишича, аксарият устоз ва талабалар Наврўзни байрам қилишга қарши эди:

- Биз шу ўқув даргоҳимизни ёпиб қўймасликлари учун, ректоримиз гап эшитмаслиги учун ҳам Наврўзни байрам қилишга рози бўлдик, дейди университет талабаси.

Университет ўқитувчиси Маъруф Назаровнинг Озодлик радиосига айтишича, ислом Наврўзни байрам қилишни тақиқламаган, лекин Наврўзнинг шариатга зид одатларини рад этади:

- Пайғамбаримиз(с.а.в) бир ҳадисларида айтадиларки, исломга зид келмайдиган урф-одатларни тақиқламанг, зеро бундан одамларнинг исломга ихлоси камаяди. Наврўз бизнинг халқимизнинг миллий байрами ва унинг ҳеч қандай зарари йўқ. Ислом зардуштийларидан давридан қолган оташпарастлик, олов устидан сакраш каби анъаналардан воз кечишни талаб қилади. Наврўз зардуштийларнинг байрами эмас ва бугунгача бу айнан уларнинг байрами эканлиги исботланмаган, дейди Маъруф Назаров.

Тожикистон давлат Ислом университетида Наврўз байрами ҳукумат қарори билан иккинчи марта нишонланмоқда. Шу пайтгача бу олийгоҳда Наврўз байрам қилинмаган.
XS
SM
MD
LG