Линклар

Шошилинч хабар
24 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:57

Майналарни оммавий равишда отиш кампанияси тўхтатилди


Ўзбекистон Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги қошидаги Овчилик хўжалиги, қўриқхоналар ва миллий боғлар бошқармаси мамлакатда майналарни отиб йўқ қилиш самарасиз, деган хулосага келди¸ дея билдирди Озодлик билан суҳбатда бошқарма расмийси.

10 йил аввал Ўзбекистонда майналар гилос, олча, узум ва полиз экинларига қирон келтираётгани борасидаги боғбон, фермерларнинг шикоятлари ортидан уларни оммавий йўқ қилишга киришилган эди.

Боғларни майналардан тозалашга овчилар, милиция ходимлари, зоология ва бионазорат мутахассислари жалб этилди, овчиларга 12 калибрли ов милтиқлари беминнат тарқатилди.

Шу йўл билан Ўзбекистонда майналар популяциясини тахминан учдан бирга қисқартириш мўлжалланган эди.

Лекин Овчилик хўжалиги, қўриқхоналар ва миллий боғлар бошқармасининг ўз исми айтилишини истамаган ходимига кўра¸ бугунга келиб майналарни отиш билан улар сонини минимумга етказишнинг уддасидан чиқилмаган:

– Майналарни отиш билан улардан қутулишнинг иложи йўқ, чунки республикада йўқ қилинган қушлар ўрнига қўшни мамлакатлар, хусусан Афғонистондан бошқа мигрант қушлар учиб келади, деди бошқарма расмийларидан бири.

Мутахассисларга кўра¸ иқтисодий жиҳатдан ҳам майналарни йўқ қилиш мантиқсизликдир. Бунга кетган ҳаражат, ўқ-дори улар келтирадиган зарардан кўра ошиб кетади, демоқда Овчилик хўжалиги, қўриқхоналар ва миллий боғлар бошқармаси бошқармаси мутахассислари.

Чумчуқдан бир оз йирикроқ, тана узунлиги 20-25 см га етадиган майна узум, гилос ва бошқа меваларни чўқиб еб, қишлоқ хўжалигига зарар етказади.

Тошкентлик боғбон Қаҳҳор аканинг айтишича¸ гала бўлиб учувчи майналар саноқли кун ичида 10-15 гектар майдонни қуритиб битириши мумкин:

- Бу қуш xудди учиб юрадиган каламуш. Жуда тез кўпаяди. Гилос борми, узум борми, бир пасда ҳаммасини eб битиради. Бундан ташқари майналар турли инфекцион касаллиги ташувчиларидир, дейди тошкентлик боғбон Қаҳҳор ака.

Атроф-муҳит ва ҳайвонот олами ҳимоячилари Ўзбекистонда майналарнинг йўқ қилинишига бошидан қарши чиқишган.

Тошкентдаги Ҳайвонларни асраш жамияти ходимаси Валерия Захарованинг айтишича, майналар далаларда кўплаб зарарли ҳашаротларни қириб бититиш орқали аслида қишлоқ хўжалигига катта фойда келтиради:

- Майнанинг зараридан кўра фойдаси кўпроқ, чунки улар зарарли ҳашаротлар ва чигирткаларни ҳам ейди. Қушнинг лотинча номи Acridotheres, “чигирткахўр” деб таржима қилинади. Агар бу қуш боғбон фермерларни ташвишга солаётган бўлса, ҳар хил товушли қўрқитиш воситалари бор, шулардан фойдаланса бўлади, дейди Захарова.

Боғбонларнинг Озодлик мухбирига айтишича¸ Захарова тилга олган қўрқитиш воситалари майналарга умуман таъсир қилмай қўйган:

– Бу қуш ҳеч нарсадан тап тортмайди. Ҳатто уй ҳайвонларига ҳам ташланади, дейди Қаҳҳор ака.

Ўзбек энциклопедиясида келтирилишича, майналар ватани Афғонистон, Ҳиндистон ва Покистондир. Марказий Осиёга майна ўтган аср бошларида Афғонистон орқали учиб келган ва тезда кўпайиб кетган.
XS
SM
MD
LG