Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 02:48

Жанубий Корея ва АҚШ жанговар шайликни оширмоқда


Жанубий Корея ва АҚШ Шимолий Корея бўйича биргаликдаги жосуслик амаллари ва жанговар шайлик даражасини оширмоқда.


Пхенян ўрта масофали баллистик синов ракеталарини отишга шайланаётгани борасидаги хавотирлар кучаяр экан, АҚШ ва Жанубий Корея Шимол бўйича биргаликдаги кузатувларини кучайтирган.

Разведка хабарларига кўра, Шимолий Корея ўтган бир неча кун ичида иккита ўрта масофали ракеталарини ўз қирғоқларига жойлаштирган.

Жанубий Корея Ташқи ишлар вазири Юн Бюнг-сэ чоршанба куни мамлакат парламентида қилган чиқишида Пхенян ҳужумни истаган пайт амалга ошириши мумкинлигини айтди.

- Шимол ўзининг янги типдаги “Мусудан” деб аталувчи ўрта масофали ракетасини учириши мумкин. Бу ракета 3500 километр радиусда ҳаракатланади, - деди Юн Бюнг-сэ.

БМТ Хавфсизлик Кенгаши феврал ойида Шимолий Корея учинчи ядровий синовларни амалга ошириши ортидан бу мамлакатга нисбатан санкцияларни кучайтирган эди.

Ўшандан буён Пхенян Жанубий Корея, Япония ва минтақадаги АҚШ базаларига қарата тажовузкорона таҳдидлар қилиб келмоқда.

Сешанба куни Шимолий Кореянинг коммунистик ҳукумати Жанубий Кореядаги хорижликларни, уруш бошланган тақдирда, эвакуация чораларини кўришга чақириб огоҳлантирди.

Айни пайтда Япония ҳам Шимолий Кореянинг эҳтимолий таҳдидларига қарши чора кўрмоқда.

Япония Мудофаа вазири Итсунори Онодера чоршанба куни ўз мамлакати аҳолисини ҳимоялаш учун пойтахт Токионинг учта ҳудудида аксилракета батареялари ўрнатилганини маълум қилди.

- Ҳозирги вазиятда ҳар қандай ҳолатга шай бўлиб туриш керак, - деди Онодера.

Жаноб Онодерага кўра, "Пэтриот" русумли аксилракета тизимлари Токиодаги Мудофаа вазирлиги ва икки ҳарбий базага жойлаштирилган.

Шимолий ва Жанубий Корея 1953 йили ўзаро ўт очишни тўхтатиш билан якунланган қуролли можародан сўнг расман ҳануз уруш ҳолатидадир.

Жанубий Кореяда минглаб аскарларини жойлаштирган АҚШ вазият кесинлашган пайтда Сеул мавқеини қўллаб-қувватлаб келади.
XS
SM
MD
LG