Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 01:17

Тошкентни чиқиндилардан тозалаш учун янги машиналар олинади


Чиқинди ташиш учун мўлжалланган MAN машинаси.
Чиқинди ташиш учун мўлжалланган MAN машинаси.

Тошкент кўчаларидаги маиший чиқиндиларни йиғиштириб олиш учун чиқинди ташиш учун мўлжалланган “MAN” ва “ISUZU” русумидаги янги машиналар сотиб олинади.


Тошкентни чиқиндилардан тозалаш бўйича иш олиб борадиган “Махсустранс”нинг етакчи мутахассиси Озодлик билан суҳбатда ой охиригача “MAN” русумидаги 150 та машина сотиб олинишини билдирди.

Суҳбатдошга кўра, чиқинди ташийдиган бу машиналар JV MAN Auto-Uzbekistan қўшма корхонаси тарафидан мамлакатнинг ўзида ишлаб чиқарилмоқда.

MAN юк машинаси базасида йиғилган бу махсус улов ҳар гал 15 куб метр миқдордаги маиший чиқиндини олиб кетиши мумкинлиги билдирилди.

“Махсустранс” мулозимига кўра, Тошкентни чиқиндилардан тозалаш ишлари ЕИ дастури асосида Европа банкларининг махсус кредити эвазига амалга оширилмоқда.

- Бу лойиҳаларини амалга ошириш доирасида 2016 йилгача Тошкентда 520 та янги қўриқланадиган чиқинди йиғиш майдонлари ташкил этилади. Шунингдек, шаҳар етти мингга яқин Европа стандартидаги 750 литрлик контейнерлар билан таъминланади, - деди “Махсустранс”нинг ўз исмини айтмаган етакчи мутахассиси Озодлик билан суҳбатда.

Машина бор, аммо ëқилғи йўқ

Тошкентни чиқиндилардан тозалаш бўйича иш олиб борадиган “Махсустранс” идорасида Европа кредитлари асосида оладиган янги машиналар учун ëқилғи муаммоси ҳал бўлмаган масала сифатида қаралмоқда.

Масалан, сешанба куни Тошкентнинг “Махсустранс” идорасига оид чиқинди йиғадиган машиналарнинг бир қисми жойидан қўзғалмади. Бунинг боисини айни ширкатнинг ўзини Равшан деб таништирган мулозими Озодлик мухбирига қуйидагича тушунтирди:

- Маиший чиқиндиларни жадвалга биноан олиб чиқиш учун дизел ëқилғиси йўқ, - деди “Махсустранс” туман бўлимларидан бирида ишловчи Равшан.

Чиқиндилар ëнидаги ҳаëт

Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туманида истиқомат қилувчи 45 ёшли уй бекаси Зулхумор опа ўзи яшаëтган мавзеда 3 ойдан бери чиқинди уюми тоғ бўлиб ëтганидан шикоят қилди.

- Ëзнинг кунида сасиб ëтган бу уюм каламуш, суварак ва пашшалар урчийдиган жойга айланган, - дейди суҳбатдош.

Машина қўядиган жойга айлантирилган мусорхона

Тошкентнинг Чилонзор мавзеида чиқинди ташланадиган махсус жойлар ташкил қилиниб, атрофи ўраб олинган эди.

Айни пайтда бу жой машина қўядиган парк ва машина ювадиган жойга айлантирилгани айтилади.

Чиқинди эса турли жойларга ташлаб кетилмоқда.

Оқсоқоли бақувват бўлган маҳаллалар юк машина тутиб, чиқиндини олиб, бошқа овлоқ жойларга элтиб ташламоқда.

Тошкентнинг Ачавот маҳалласи аҳли чиқиндилар ëнига қўшни маҳаллалардан келган ахлатнинг ҳам келиб қўшилаëтганидан ташвишда.
XS
SM
MD
LG