Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 19:09

Нурсултон Назарбоев Тошкентга келди


Икки собиқ коммунист - Ислом Каримов ва Нурсултон Назарбоев ўртасида¸ кузатувчилар фикрича¸ минтақавий лидерлик борасидаги мусобақа ҳали-ҳамон тугамаган.
Икки собиқ коммунист - Ислом Каримов ва Нурсултон Назарбоев ўртасида¸ кузатувчилар фикрича¸ минтақавий лидерлик борасидаги мусобақа ҳали-ҳамон тугамаган.
Ўзбекистон президенти таклифига биноан 13-14 июн кунлари Нурсултон Назрбоев Тошкентда меҳмон бўлади. Постсовет ҳудудидаги энг кекса ва мустақилликдан бери ҳокимиятни ҳеч кимга бермай келаëтган бу икки собиқ коммунист учрашувининг расмий протокол руҳида ўтиши кутилмоқда.

Учрашув расмий кун тартиби

Ўзбекистон ва Қозоғистон президенти матбуот хизмати эълон қилган қисқа расмий хабарга кўра¸ Ислом Каримов таклифига кўра Тошкентга келаëтган Назарбоев ҳамкасби билан ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш¸ минтақавий ва халқаро майдондаги долзарб муаммоларни муҳокама қилади.

Назарбоев матбуот хизмати шунингдек¸ Қозоғистон раҳбарининг Тошкентда қозоқ халқ шоири ва мутафаккири Абай ҳайкали ва Қозоғистон элчихонаси янги биносининг очилиш маросимида қатнашишини ҳам қўшимча қилди.

Одатдаги ўта мужмал тилда ëзилган ва ўқиб эшиттирилган қисқа бу маълумотдан бошқа¸ на Тошкент ва на Остона расмийларидан Назарбоев-Каримов учрашуви кун тартибига оид маълумот олишнинг имкони бўлмади.

Назарбоев сафари арафасида маҳаллий матбуотда чиқиш қилган Қозоғистон Чегараолди ҳамкорлик уюшмаси вакили Марат Шибутов¸ Назарбоев Каримов билан учрашувда икки давлат ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликнинг амалга ошмай қолаëтган имконлари ҳақида тўхталишини билдирди.

Унга кўра¸ Марказий Осиëнинг икки йирик қўшниси ўртасидаги товар алмашинув реал имкони 3 миллиард АҚШ долларигача бориши мумкин бўлган ҳолда¸ ҳозирда бу кўрсаткич 1¸95 миллиард АҚШ долларидан ошмаëтир.

Бугунги кунда Ўзбекистонда қозоқ сармояси асосида ишлаëтган 178 муассаса¸ Қозоғистонда эса¸ Ўзбекистон тадбиркорлари иштирокидаги 605 ширкат фаолият юрғизмоқда¸ деб қайд этади Шибутов.

Ўзбек-қозоқ ҳамкорлиги йўлидаги ғовлар муаллифи - Тошкент

Олмаотадаги “Эксклюзив” журнали бош муҳаррири¸ сиëсатшунос Расул Жумалига кўра¸ икки қўшни давлат ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик потенциалининг очилмай қолаëтганига¸ асосан¸ Ўзбекистон ҳукумати масъул:

- Бу ҳамкорлик йўлидаги асосий тўсиқларни¸ Ўзбекистон томони яратмоқда. Ўзбек сўмининг ўта оғир аҳволга тушиб қолгани¸ ўзбек пулининг конвертация қилинмаслиги¸ хориж валютасининг мамлакатдан чиқиб кетиши олдини олиш иддаоси билан Тошкент ҳукуматининг ўз ҳудудини юқори тарифлар¸ савдо тўсиқлари орқали маҳкам ëпиб қўйгани қозоқ инвестициясининг Ўзбекистонга киришига йўл бермаëтир.

Қозоғистон олигархлари ўз маблағларини 2-3 фоиз устама ҳақ эвазига Ғарб банкларида сақлашдан кўра¸ уни ўзбек иқтисодига сармоя қилиб ëтқизишни афзал биладилар. Аммо Ўзбекистон ҳукумати яратаëтган сунъий тўсиқлар¸ қолаверса¸ қозоқларнинг ўзбек иқтисодига сармоя ëтқизишидан президент Каримов нафсониятининг оғриши¸ бунга йўл бермаëтир¸ дейди қозоғистонлик минтақашунос.

Қозоғистондаги ўзбек мардикори не ўйда?

“Ислом Каримов Назарбоев билан учрашувда ўзбекистонликларнинг Қозоғистонга ўтиб¸ қонуний ишлашлари ва қонун ҳимояси остида бўлишлари масаласини кўтарса¸ Тошкент ҳукумати Қозоғистондаги юз минглаган нолегал ўзбеклар ҳимоясига киришса¸ бизга шуниси етарди”¸ дейди йиллардан бери қозоқ иш берувчилари мурувватига қарам ҳолда ишлаб келаëтган муҳожир:

- Масалан¸ биз ишга келамиз¸ регистрацияни фақат бир ойга қилади¸ ундан ортиғи йўқ. Олти йилдан бери Қозоғистонда ҳеч бир ҳужжатсиз ишлаб юрибман¸ мана ҳозир 10 шеригим билан 10 минг доллар иш ҳаққимизни ололмай юрибмиз. Бизни ишлатган одам¸ "Қаерга борсанг бор¸ пулингни бермайман!"деди ва ҳақиқатан ҳам борадиган жойимиз йўқ. Чунки Қозоғистон ҳудудида нолегалмиз. Авваллари бир қилганда олти ойга регистрация қиларди. Ҳозир ҳар икки ойда Ўзбекистонга чиқиб келишга тўғри келади¸ дейди ўзбек муҳожири.

Ўзбекистонга “чиқиб келиш” эса¸ азобдан бошқа нарса эмас¸ деб давом этади бу муҳожир йигит:

- Мен ўзим икки кун ëтиб чегарадан ўтолмадим¸ одам жуда кўп. Орқамга қайтиб¸ самолëтда келишга мажбур бўлдим. Кунига камида 500-1000 атрофида одам Қозоғистонга ўтади. Бу оқим камайиш ўрнига¸ кўпаймоқда. Ўзбекистонда иш йўқ¸ бор ишга эса¸ бу ерда берадиган ҳақ йўқ¸ дер экан Қозоғистондаги муҳожир Каримов ва Назарбоев учрашувида ўзбек меҳнат муҳожирлари статуси масаласининг муҳокама қилинишига умид билдиради.

Аммо мустақил сиëсатшунос Расул Жумали¸ бундай умидда кўп ҳам асос йўқ¸ деган фикрда.

- Зотан¸ Каримовга юз минглаб ўзбекистонлик менинг ҳудудимда ноқонуний мардикорлик қилиб юрибди¸ шу масалани бир гаплашиб олайлик дейиш¸ унинг нафсониятини оғритиши муқаррар бўлгани учун¸ Назарбоевнинг бу масалани кўтаришига шубҳам бор. Каримов эса¸ ўз эгосидан устун келиб¸ бундай муаммо борлигини тан оладиган президент эмас¸ деб қўшиб қўяди қозоғистонлик сиëсатшунос.
XS
SM
MD
LG