Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:06

Обама иқлим ўзгариши билан боғлиқ муаммолар ечимига киришди



АҚШ президенти Барак Обама иқлим ўзгариши¸ унинг сабаб ва оқибатлари тўғрисида махсус маъруза қилишга қарор берди. Сешанба куни Вашингтон вақти билан соат 14 да бошланадиган ушбу нутқида Обаманинг келажак авлодлар учун ер курраси иқлимини асрашга оид ҳаракат дастурини эълон қилиши кутилмоқда.

Сешанба куни матбуот учун ўтказилган брифингда Обама маъмурияти расмийси АҚШ президентининг мамлакатдаги қатор йирик идоралар учун иқлим ўзгаришининг салбий оқибатларини тўхтатишга қаратилган Президент меморандумини қабул қилишини билдирди.

Бу амалий топшириқлар орасида¸ айтилишича¸ атмосферага чиқарилаëтган заҳарли газлар миқдорини камайтириш¸ шунингдек юк ташиш машиналари¸ қолаверса йирик иншоотлар учун ëнилғи тежашни кучайтиришга қаратилган бандлар бор.

Ҳукумат агентликлари зиммасига¸ Президент меморандумида¸ иқлим ўзгаришининг бевосита оқибати бўлмиш кескин қурғоқчилик¸ ўрмон ëнғинлари ва кучли довулларга ҳозирлик жараëнида маҳаллий ҳукуматлар¸ фермерлар¸ қолаверса касалхоналар билан бирга ишлаш вазифаси юклатилади.

Оқ уй расмийларига кўра¸ Обама иқлим ўзгариши билан боғлиқ фалокатлар олдини олиш ва уларни бартараф этиш вазифасининг¸ келажак авлодлар ҳаëти учун қанчалик муҳимлигини англаганидан шундай қарор берган.

2012 йил охирида мамлакат Конгресси олдида қилган йиллик нутқида АҚШ президенти иқлим ўзгариши билан боғлиқ муаммоларга алоҳида тўхталган ва 2016 йилда Оқ уйни тарк этгунига қадар¸ бу муаммоларнинг узоқ муддатли ечими борасида жиддий қарорлар олажагини ваъда қилган эди.

Маъмуриятнинг иқлим ўзгариши билан боғлиқ саъй-ҳаракатларга оид ҳозирлаган кенг кўламли қонун лойиҳаси Конгресс тасдиғидан ўтмаганига қарамай¸ Обама ижроия ҳокимияти ваколатларидан фойдаланган ҳолда¸ бу муаммолар ечимини топишга ҳаракат қилмоқда.

Обама имзо чекадиган янги мемондарумда¸ Атроф-муҳитни ҳимоя қилиш агентлигига мавжуд ва янги ишга тушириладиган кўмир билан ишловчи иншоотларга ҳавога чиқарилаëтган заҳарли газлар миқдорига оид янги чеклов жорий қилиш кўзда тутилади.

Ҳозирга қадар президент маъмурияти атроф-муҳит ҳимоячиларининг кўмир билан ишловчи мавжуд иншоотларга ҳам шундай чеклов жорий қилиш талабини инобатга олмай келаëтган эди.

Президент меморандумида¸ айтилишича¸ Афтоф-муҳитни ҳимоя қилиш агентлигига янги чеклов миқдорини белгилашда барча манфаатли томонлар билан яқиндан ишлаш тавсия қилинади.

Айни пайтда¸ Президент меморандумига мувофиқ¸ АҚШ Транспорт вазирлиги ҳам автомобилсозлик ширкатлари билан ëнилғини тежовчи янги русумдаги юк машиналари ва автобуслар ишлаб чиқаришни кенг йўлга қўйиш борасида яқиндан иш олиб бориши лозим бўлади.

Обама қарорида шунингдек Қишлоқ хўжалик вазирлигига қақшатқич қурғоқчилик ва сув тошқинларининг озиқ-овқат маҳсулотлари нархига кескин таъсири олдини олиш¸ Уй-жой вазирлигига эса¸ қурилаëтган турар-жой биноларининг кучли шамол ва довулга чидамлилигини ошириш вазифалари юклатилади.

АҚШ да биргина 2012 йилда содир бўлган иқлим ўзгариши билан боғлиқ фалокатлар мамлакат бюджетига 110 миллиард доллар зиëн еткизди ва бу рақам 1980 йилда табиий офатлар келтираëтган молиявий зарар ҳисоб-китоб қилина бошланган бери кўрилган энг йирик зарардир.
XS
SM
MD
LG