Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:55

Миср ҳарбийлари президентга берган муҳлат тугамоқда


Мисрда мамлакат президенти Муҳаммад Мурсий истеъфоси талаби билан намойишлар давом этмоқда. Миср ички ишлар вазирлиги чоршанба куни вазият зўравонликка айланиб кетишига қарши чоралар кўрилишидан огоҳлантирди. Бу огоҳлантирув мамлакат ҳарбийларининг ҳукумат ва намойишчилар ўзаро муросага эришиши учун белгилаган муҳлат тугаши арафасида қилинди. Президент Мурсий ҳарбийларнинг ултиматумини рад қилиб, ўз ихтиёри билан ҳокимиятни тарк этмаслигини айтиб келмоқда.



Миср ички ишлар вазирлигининг зўравонликлар олдини олиш учун чоралар кўрилиши тўғрисидаги огоҳлантируви президент Муҳаммад Мурсийга ҳарбийлар томонидан қўйилган ултиматум муддати тугаши арафасида эълон қилинди.

Душанба куни Миср Мудофаа вазири генерал Фаттоҳ ал-Сиси эълон қилган ултиматумда Мурсий ҳукумати 48 соат ичида муҳолифат билан ўзаро келишмовчиликларни ҳал қилмаса, ҳарбийлар вужудга келган вазиятдан чиқиш учун чора кўришидан огоҳлантирган эди.

48 соатлик муҳлат чоршанба куни Тошкент вақти билан соат 19:30 тугайди. Генерал ал-Сиси бу муҳлатдан кейин қандай чоралар кўрилишини аниқлаштиргани йўқ, лекин матбуотга сизиб чиққан хабарларга кўра, ҳарбийлар исломчи кучлар назоратида бўлган парламентни тарқатиб юбориш, конституциявий ўзгартишларни жорий қилиш, ҳукуматга муваққат раҳбар тайинлаб, янги президент сайлови муддатини белгилашни режалаштираётгани айтилмоқда.

Чоршанба куни, ҳарбийлар ултиматуми муҳлати тугаши арафасида, мудофаа вазири ал-Сиси Миср мухолифати етакчиси Муҳаммад ЭлБарадей ҳамда сунний мусулмонлар ва копт насронийлари етакчилари билан музокара ўтказгани хабар қилинди.

Сешанба куни президент Мурсий ҳарбийлар ултиматумини рад қилиб, вазиятдан чиқиш учун ўз режаси борлигини баён қилди. Мурсий “конституцион легитимлигини” ҳимоя қилиш учун ҳаётини тикишини таъкидлади.

- 25 январ инқилоби ва унинг мақсадларига эришиш ҳамда легтимлигмиз биздан тортиб олинмаслиги учун нима қилишимиз керак? Летимилигимизнинг баҳоси менинг ҳаётимдир. Мен халқимизнинг ҳаётини сақлаб қолишни истайман, деди Миср президенти.

Мурсийнинг бу баёноти сешанба куни кечқурун телевидениедан кўрсатилаётган пайтда пойтахт Қоҳира ва мамлакатнинг бошқа шаҳарларида миллионлаб мисрлик унинг истеъфосини талаб қилиб норозиликларни давом эттиришди.

Мухолифат вакиллари Мурсийнинг бу сўзларини “фуқаролар урушига очиқчасига чақириш”, дея атади.

Айни пайтда Мурсийнинг тарафдорлари ҳам намойишга чиқишди ва Қоҳира университети олдида хавфсизлик кучлари билан тўқнашганлари тўғрисида хабар қилинди.

Миср соғлиқни сақлаш вазирлиги бу тўқнашувда 16 киши ҳалок бўлиб, 200дан ортиқ одам жароҳатланганини маълум қилди.

Қоҳиранинг ўзида сешанба куни 23 киши ҳалок бўлди ва якшанба куни мухолифат намойишлари бошланганидан бери нобуд бўлганлар сони 39га етди.

Сешнаба куни АҚШ Президенти Барак Обама мисрлик ҳамкасби Мурсийни сиёсий рақиблари талабларига “бефарқ эмаслигини намойиш қилиши”га чақирди.

АҚШ Давлат департаменти матбуот вакили Жен Псаки ҳам Мурсийни намойишчилар талабларига қулоқ солишга чақирди.

- Демократия фақатгина сайлов дегани эмас. Бу халқ тинч йўл билан ўз ташвишларини билдира олишини таъминлаш ҳамдир. Президент Барак Обама 1 июл кунги телефон суҳбатида президент Мурсийдан халқни ташвишлантираётган муаммоларга бефарқ эмаслигини намойиш қилишини сўраганини биласиз. Давлат котиби Жон Керри ҳам бу вазиятда ҳукуматнинг бундай қадам қўйиши муҳим деб ҳисоблайди, деди АҚШ расмийси.
XS
SM
MD
LG