Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:57

Қоҳирада Мурсий тарафдорлари ҳалок бўлди


8 июль кунги воқеалардан бир кўриниш
8 июль кунги воқеалардан бир кўриниш
Лавозимдан четлатилган Миср президенти Муҳаммад Мурсий тарафдорларидан камида қирқ киши қуролли шахслар очган ўтдан ҳалок бўлди. Бу ҳақда Миср соғлиқни сақлаш вазирлиги расмий вакили Қоҳирада баёнот берди.

Холид ал-Хатибнинг айтишича, 300 дан зиёд киши яраланган.

Воқеа шоҳидлари қутқарувчиларнинг бир ярадор ҳаётини сақлашга уринганини, бошқа ярадорлар мотоциклларда тиббий хизмат кўрсатиш пунктларига ташилганини кўрганини айтиб берди.

Яраланганлардан бири Муҳаммад Али ўзи олган жароҳатлар тўғрисида Reuters мухбирига мана бундай деди.

- Мен ҳарбий казарма ёнида, дарвозасига яқинроқ жойда турган эдим. Олдимга келаётган одамларга елкам оша кўзим тушди. Қочишим мумкин эди. Бурилишим биланоқ кўздан ёш оқизувчи газли идиш юзимга урилди. Юзим қонга беланди ва мен чалқанча йиқилдим. Шундан кейин бир аскар менга ҳужум қилиб, автомати қўндоғи билан оёғимга урди. Бугун майдонни ҳаммангдан тозалаймиз, деди у.

Мурсий тарафдорлари бўлган намойишчилар душанба кунги ҳужумни ҳарбийлардан кўрмоқда.

Бироқ ҳарбийлар, баъзи маълумотларга қараганда, Мурсий ушлаб турилган Республика Гвардиясига қарашли бино олдида йиғилган оломонга ўтни “қуролли террорчилар” очди, демоқда.

Ахборот агентликлари хабарларига қараганда, ҳарбийлар Республика Гвардиясига қарашли бинога қўлларида қурол ва қўлбола бомбалар билан қуролланиб ҳужум қилишга уринган 200 кишини қўлга олган.

Мамлакатда давом этаётган бошбошдоқлик Араб дунёсидаги энг йирик давлат тақдирини савол остида қолдирмоқда.

Душанба кунги ҳужум мамлакат бўйлаб Мурсийга қарши бир неча кун давом этган ва охир-оқибат у президентлик лавозимидан четлатилганидан сўнг 5 кун ўтиб рўй берди.

Мухолифлат Мурсийни ва унинг “Мусулмонлар биродарлиги” ҳаракатини Мисрни иқтисодий таназзулга юз туттирганликда ҳамда авторитар бошқарув ўрнатишга уринганликда айбламоқда.

“Мусулмонлар биродарлиги” ҳаракати Мурсийнинг лавозимдан четлатилишини давлат тўнтариши, деб баҳолади ва исёнга даъват қилди.

Душанба кунги қурбонлар Миср шаҳарлари бўйлаб ўтган жума ва шанба куни Мурсий тарафдорлари ва мухолифлари ўртасида бўлиб ўтган ва камида 35 кишининг ўлимига сабаб бўлган воқеалар фонида содир бўлди.

Ҳарбийлар тинчлик ўрнатишга уринар экан, Қоҳирадаги Рабаа Адавия масжиди майдонидаги ҳаракатни тўхтатиб қўйди. Бу майдон Мурсий четлатилганидан бери унинг тарафдорлари йиғиладиган жойга айланиб қолган эди.

Ҳарбийлар, шунингдек, Нил устидаги икки йирик кўприкни ҳам оғир техника билан тўсиб қўйди.

Кўчаларда зўравонликлар давом этар экан, айни пайтда янги ҳукуматни тузишга ҳам уринишларидан иш чиқмади.

Мурсийнинг четлатилишини қўллаб-қувватлаган салафийларнинг “Нур” партияси душанба кунги воқеаларни “қирғин”, деб атаб, ҳукумат тузиш юзасидан сўзлашувлардаги иштирокини тўхтатди.

Кузатувчилар фикрича, нуфузига кўра, Мисрдаги иккинчи исломий партия бўлган “Нур”нинг иштироки янги ҳукуматнинг легитим бўлиши гаровидир.

“Нур” партияси куни кеча либерал сиёсатчи Муҳаммад ал-Барадейнинг бош вазир лавозимига кўрсатилишига қаршилик билдирган эди.

Ал-Барадей ўзининг Твиттердаги саҳифасида душанба кунги воқеаларни қоралар экан, “Миср ярашувга муҳтож”, деб ёзди.
XS
SM
MD
LG