Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:02

Чех ғунажинлари Ўзбекистонга келтирилди


Ўзбекистонга Чех Республикасидан 400 бош наслдор қизил ола ғунажин импорт қилинди. Бундан мақсад Республикадаги қорамол наслини яхшилашдан иборатлиги айтилмоқда.

Чехиянинг Наслдор қорамол етиштирувчилар иттифоқи раиси Ёзеф Кучера Озодлик билан суҳбатда Чехиянинг наслдор сигирлари кўп сут бергани учун ўзбекистонлик мижозлар 400 бош наслдор қизил ола ғунажин сотиб олганини ва йил охирига қадар яна бир неча юз ғунажин жўнатилишини маълум қилди.

Кучера ўзбекистонлик фермерларнинг қизил ола ғунажинларга қизиқишини уларнинг кўп сут бериши билан изоҳлади.

- Чех Республикаси Ўзбекистондаги мижозлардан бирига қарийб 400 бош ғунажин экспорт қилди. Чех сигирлари йилига тахминан етти минг литр сут беради. Шу боис Ўзбекистон бизнинг қизил ола ғунажинларни сотиб олишга қизиқиш билдирди, - деди Чехиянинг Наслдор қорамол етиштирувчилар иттифоқи раиси.

Ёзеф Кучера ҳозир ҳаво ҳарорати жуда иссиқ бўлгани учун Ўзбекистонга экспорт тўхтатилганини ва куз фаслида яна бир неча юз бош қизил ола ғунажин жўнатилишини қўшимча қилди.

“Ўзбекистон Республикаси Чорвачилигида насл хизмати ва наслчилик уюшмаси” раиси ўринбосари Наримон Ҳожиқулов Озодлик билан суҳбатда 2013 йилда хориждан саккиз минг бош наслдор мол олиб келиниши режаланганини ва ҳозирга қадар уч мингга яқин наслдор мол олиб келинганини айтди.

Ҳожиқулов наслдор қорамоллар олиб келиш ҳукумат қарорига кўра амалга оширилаётганини қўшимча қилди.

- Специалний қарорлар чиққан. 2006 йилда чиққан эди 308-қарор, 2008 йилда 842-қарор чиқди. Ана ўша қарорларга асосан биз давлат дастурини бажарамиз. Кейин озиқ-овқат хавфсизлиги дастурларини бажарамиз. Шу мақсадда ҳар йили протокол чиқади. Шу протоколдаги топшириққа асосан бизлар шу ишлар билан шуғулланамиз, - дейди Ҳожиқулов.

Маълумотларга кўра, ҳозир Ўзбекистонда тўққиз миллион бош қорамол бор. Республикадаги қорамолнинг 95 фоизи аҳоли қўлида, қолган беш фоизи эса корхона ва фермерларга тегишли.

Айни пайтда Ҳожиқулов хориждан наслдор ғунажин ва буқаларни олиб келишдан мақсад аҳоли қўлидаги қорамол зотини яхшилашдан иборат эканини урғулади.

- Шунинг учун наслли буқаларни олиб келиб, аҳолининг қўлидаги молларни қочириб, уларнинг зотини ҳам яхшилаш чора-тадбирлари кўрилаяпти, - деди Наримон Ҳожиқулов.

Айримлар Европа давлатларидан олиб келинаётган ғунажинлар Ўзбекистоннинг иссиқ иқлимига мослаша олмай, нобуд бўлади ёки Европадаги каби кўп сут бермайди, деган фикрда.

Бироқ Ҳожиқулов Ўзбекистонга келтирилган зотли қорамол наслини давом эттириш учун бу ерда керакли шарт-шароит яратилганини қўшимча қилди.

- Мослашиб кетаяпти. Биринчи бола туққандан кейин болалари полний ўзимизнинг иқлимга ўрганиб кетади. Ўзлари ҳам турибди-ку. Ҳеч нарса бўлаëтгани йўқ. Маҳсулдорлиги ўзимизнинг молларга нисбатан баланд. Бизларнинг моллар кунига, кўп бўлса, 10 литргача сут беради. Уларники 30 литргача беради. Фермаларимизни кўрсангиз, у ерда вентиляцияси ҳам бор, салқин жой ҳам қилинаяпти, душ ҳам қилинаяпти. Чўмилтираяпти ҳам у молларни. Уларга шароит қилиб бермасангиз, эртага маҳсулот бермайди, - деди Наримон Ҳожиқулов.

Чех Республикаси наслдор қорамол етиштириш бўйича Европада Германия ва Австриядан кейин учинчи ўринда туради. Ҳозир Чехияда 550 минг бош қорамол бор.
XS
SM
MD
LG