Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 05:55

Хайрия демократия, сўз эркинлиги ривожи учун берилгани афзал


Uzbek poet Odil Ikrom
Uzbek poet Odil Ikrom

Тожикистонлик ўзбек шоири ва таржимони Одил Икром Озодликнинг "Қурултой" дастурида муҳокама қилинган “Муҳтожларга етиб бормаëтган ҳайрия” мавзусига муносабат билдириб, ўз фикрларини наср ва назмда ифодалади.



Демократия, сўз эркинлиги ривожи учун садақа бериш – "садақанинг энг афзали, яъни, чанқаган кишига сув бериш" (Ҳадис) билан баробар. Ўша "сув тўла ариқлар"дан халқимиз, миллатимиз тўлиқ баҳраманд бўлмай, аксарият ҳолларда "ташналик"ни бошдан кечираётгани сир эмас.

Тожикистондаги маданий аҳволдан келиб чиқадиган булсак, садақалар – сероб, аммо, улар хақ сўз ёхуд илм аҳли учун эмас, кўпроқ ёлғонга бўкканларга "аталган".

Айниқса, эркин сўз айтишга қодир, жамоатчилик асосида барпо этилган газета ва журналларнинг қўли қисқалиги, иқтисодий қийинчиликлар боис кам тиражда нашр этилиши ва бора-бора дарёга кўшилолмаган қатрадай изсиз йўқолишига сабаб ҳам, уларга аталмиш "садақа"нинг йўқлиги ҳамда маънавий мухтожлик балосининг рад ва даф этилмаслиги оқибатидандир…

Садақа зикр қилинмай, хуфёна тарзда амалга оширилса, савоби чандон улуғлиги ҳақида қанчалик ваъз ўқимайлик, биз ҳануз бу хайрли ходисанинг ибтидосидамиз. Чунки, ҳозирги пайтда садақа беришга имкони борларда маданият, садақа бериш маданияти мавжудларда эса моддий имкон етишмайди.

Пайгамбаримиз (с.а.в) айтганларидай: "Одамзод баданида уч юз олтмиш устухон бордир. Ва ҳар устухонга ҳар кун бир хайр лозимдир…

Йўлдан чиққанни йўлга солмоқ, зиён етказадиган нарсаларни, тош, тикон ё нажосатларни мусулмонларнинг йулларидан узоқ этмоқ ҳам хайр саналади…"

Бир сўз билан айтганда, хақиқатга ташналигимиз, биздаги демократия, сўз эркинлигининг қай даража эканлигини белгилайди.

Яъни:
Қанака замон бу? Ёлғондир бари, Рухлар нотинч булса гўр қалтирайди.
Юрак – алгов-далғов, дунё – тескари, Ожизнинг қошида зўр қалтирайди.
Қанака замон бу? Кўнгиллар тўлмас. Кўнгилга йўналган йўл қалтирайди.
Водариғ, садақа тилаган қўлмас, Садақа узатган қул қалтирайди…


Одил Икром

Муаллиф ҳақида:

Одил Икром 1960 йил 26 январда Тожикистоннинг Исфара шаҳри, Кўлкент қишлоғида туғилган. "Уфқ дарахти" (1991), "Таҳажжуд" (2007), "Таҳаммул" (2012) номли шеърий китоблари нашр этилган.

Муҳаммад Иқбол, Нақибхон Тўғрал, Фуруғ Фаррухзод, Нодир Нодирпур, Лойиқ, Фарзона, Сайидали Маъмур, Аҳмаджон Раҳматзод, Озарахшнинг шеърий тўпламларини, Заҳирий Самарқандийнинг "Хотинлар макри" (И. Бекжон билан ҳамкорликда), Муҳаммад Субҳоннинг "Қора чироқ" насрий асарларини ўзбек тилига таржима қилган.

Айни пайтда, Жалолиддин Румийнинг "Маънавий маснавий" асарини ҳамда Мирзо Абдулқодир Бедилнинг маснавийларини ўзбек тилига ўгирмоқда.

Шоирнинг 2012 йилда нашр этилган "Узлат" шеърлар китоби мунаққидлар тарафидан яхши қаршиланди.
XS
SM
MD
LG