Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:28

Одам савдосида айбланаётган Бобомурод Раззоқов иши судга ўтди


Бобомурод Раззоқов Бухоро вилоятидаги Отбозор қамоқхонасида сақланмоқда.
Бобомурод Раззоқов Бухоро вилоятидаги Отбозор қамоқхонасида сақланмоқда.

“Эзгулик” жамиятининг Бухоро вилояти бўлими раиси Бобомурод Раззоқовга очилган жиноят иши бўйича тергов жараёни тугаб, иш маҳкамага оширилди. 60 яшар ҳуқуқ фаоли одам савдоси ва бухоролик аёлни зўрлашга ҳаракат қилганликда айбланмоқда.



Бухоро вилоят Ички ишлар бўлими томонидан қўзғатилган жиноят ишида Жондор туманидан бўлган фермер ва ҳуқуқ фаоли Бобомурод Раззоқов Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 135-моддаси (Одам савдоси, яъни одамни олиш-сотиш ёхуд одамни ундан фойдаланиш мақсадида ёллаш, ташиш, топшириш, яшириш ёки қабул қилиш) билан айбланмоқда.

Жиноят ишининг дастлабки тафсилотларига кўра, Раззоқов гўё муаяйн шахсларнинг ноқонуний равишда Россияга жўнатилишига аралашганликда гумонланаяпти.

Бобомурод Раззоқов.
Бобомурод Раззоқов.
Раззоқовнинг жамоатчи ҳимоячиси бўлган Абдураҳмон Ташановнинг Озодликка айтишича, ҳозирча иш судга ўтгани билан суд қачон бошланиши номаълум.

Бухоро маҳкамасидан ҳам бу борада бирор маълумот олиш имкони бўлмади.

Раззоқовнинг терговчиси Зафар Давронов билан ҳам телефон орқали боғланиш ҳаракатларимиз бесамар бўлди.

“Эзгулик” жамияти ҳуқуқ фаоли Раззоқовнинг иши судга ўтгани муносабати билан 5 август куни баёнот эълон қилиб, Ўзбекистон ҳукуматини Раззоқовни зудлик билан озод қилишга чақирди.

- Тергов пайтида инсон ҳуқуқлари "Эзулик" жамияти томонидан Бобомурод Раззоқовни жамоат кафиллигига олиш ва озод қилиш бўйича бир неча марта илтимосномалар юбордик. Лекин афсуски, терговчи Зафар Давронов бу хатларимизни инобатга олмади. Биз бу каби муносабатдан кейин Бобомурод Раззоқовнинг ишини сиёсий характерга эга бўлган, унинг касбий фаолиятига боғлиқ бўлган иш, деб эътироф этаяпмиз. Ўзбекистонда сиёсий маҳбуслар сони яна биттага ортиши мумкин деган хавотир билан бугун жамиятимизнинг махсус баёнотини эълон қилдик. Баёнотни "Бобомурод Раззоқов дарҳол озод қилинсин!" деб номладик, дейди "Эзгулик" жамияти фаоли ва айни пайтда Бобомурод Раззоқовнинг жамоатчи ҳимоячиси сифатида ҳаракат қилаётган Абдураҳмон Ташанов.

Бобомурод Раззоқов Бухоро вилояти ИИБ томонидан одам савдосида айбланиб, 10 июл куни ҳибсга олинган эди.

Ҳуқуқ фаолининг ҳибсга олинишига бухоролик аёл Гулшан Каримованинг аризаси асос бўлган.

“Эзгулик” жамияти маълумотига кўра, Раззоқовнинг ҳибсга олинишига сабаб бўлган ариза муаллифи Гулшан Каримова фоҳишахона сақлаганлиги учун аввал икки марта судланган.
XS
SM
MD
LG