Линклар

Шошилинч хабар
12 сентябр 2024, Тошкент вақти: 20:11

Собиқ "калла": Афсусдаман!


WhatsApp орқали Озодликка боғланган ўзбекистонлик талаба йигит ўз ҳикоясида “калла” бўлиб, 4 кишининг ўқишга киришида ёрдамлашгани, ҳозир бу ишидан таассуфда эканини баён этган. У исм-фамилияси, қаерда ўқиши ва ўзи айтадиган айрим одамлар ва институтлар номи сир бўлиб қолишини сўраган:

Мен лицейни тамомлаб, университетга кирганимда инглиз тилидан 36 та тестдан ҳаммасини тўғри топганман.

Шу даражага етдимки, 36 та саволни 6-8 минутга қолмасдан камида 34 ёки 35 та тўғри жавоб билан еча олардим.

Бундан 3 йил аввал мен Тошкентдаги Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида ўқийдиган бир йигит билан танишгандим, кейинчалик у билан яқин дўст бўлиб қолдик.

Унга университетга киришда 36 та тестнинг ҳаммасини ўз каллам билан ишлаганим, она тилидан эса 32 та топганимни айтгандим. У буни эслаб қолган экан.

Кейин у менга ўзининг институтларга одам киргизадиган бир гуруҳ билан ишлашини, агар мен инглиз тили ва она тилидан 1 август куни тест ишлаб берсам, ҳар бир фандан 500 доллар олишим мумкинлигини айтди. Аммо мен бошида кўнмадим, тўғриси, виждоним чидамади.

Малайзия орзуси

Мен Малайзиядаги бир университетга имтиҳон топшириб, у ерга киргандим. Фақат контракт пули - 5000 долларни тўласам, бир йил ўқишим мумкин бўларди. Мен: “Шу бир йиллик контрактни тўласам, кейинги йилларига Малайзияда ишлаб топарман” деган хаёлга бордим. Дастлаб фақат 5000 минг доллар керак эди.

Оилам ундай пулни менга бера олмасди, менинг хаёлимга ҳалиги дўстим келди ва дарров унга телефон қилдим. Мен ундан: “Бир сезонда 5000 доллар топиш мумкинми?” деб сўрадим. У: “Ҳа”, деб жавоб берди.

“Катта” гуруҳнинг кичик “ходим”и

Ўша дўстим мени ўқишга киргизадиганлар гуруҳининг бошлиқларидан бири билан таништирди. У мен билан суҳбатлашиб, имтиҳон куни аудитория киришим ва уч клиентнинг она тили ва инглиз тилидан тестини ишлаб беришим кераклигини айтди. Шундай ҳисоблаганда мен 3000 доллар топишим мумкин экан.

“Менга 5000 минг керак” дедим. У бунинг жисмоний жиҳатдан иложи йўқлигини, таваккал қила олмаслиги ва вақт етмай қолишини айтди. Бошлиқдан улар мени аудиторияга қандай қилиб олиб кириб қўйиши ҳақида суриштирдим, хавфсизлигига қандай жавоб беришларини сўрадим. У: “Ҳаммаси гаплашилган бўлади, мелиса, кузатувчилар, ҳаттоки СНБ (Миллий хавфсизлик хизмати демоқчи – таҳр.) ҳам гаплашилган. Бизнинг гуруҳ жуда катта гуруҳ, биз катта иш қиламиз”, деди.

Бу орада мен роса ўйландим – қўрқдим, тўғриси. Ҳалиги ўртадаги дўстимдан роса бу гуруҳ ҳақида суриштирдим. У мени тинчлантириб, узоқ йиллардан бери шу гуруҳ билан ишлаши ва хавфсиз эканлигини айтди.

Ниҳоят, мен кўндим - 3000 доллар кўзимни хира қилганди. Бу пулни бир йил стипендиямни йиғиб ҳам, ишлаб ҳам тополмасдим - олдимда бир кунда топиш имконияти пайдо бўлди. Мен аҳмоқ шу ишга қўл урдим ва 1 августга тайёрлана бошладим. Бу пайт аслида мен университетнинг биринчи курсини тамомлаб, ёз таътилида эдим.

Мижоз билан келишув

1 августга уч кун қолганда мени уччала “клиент” билан таништиришди, иккитаси нормалний одам эдию, биттаси сал “кетган”роқ эди, яъни у одам ҳеч қачон университетга киролмасди.

Мен улар билан танишиб, имтиҳон куни галма-галдан менга саволлар китобини узатишни, атрофдаги оддий абитуриентларнинг ўта эътиборини тортмасликларини ва ўзларини ҳар доим бош кўтармай, тест ишлаётгандай қилиб тутишлари кераклигини уқтирдим.

Синов куни

Тест куни мен бир клиентнинг паспорти ва ДТМсини олиб, унинг ўрнидан кирадиган бўлдим. Мен инглиз тили ва она тилидан, яна битта “калла” эса математикадан ечарди, ҳаммамизни битта аудиторияга жойлашганди. Ҳалиги математикадан ечадиган йигит бир "чўпон"нинг документларини олиб кирадиган бўлди. Биз у билан бир оператив гуруҳ эдик.

Бизга шерик яна бир гуруҳ бор эди - уларда Дипломатияда ўқийдиган бир бола математика ва инглиз тилидан, бир қиз эса она тилидан ечарди. Бир жиноий гуруҳдан бўлсак ҳам бизга улар рақобатчи эдилар, чунки ким кўп ва тўғри ишлашга “калла”лар ўртасида ҳам пойга бўлади.

Ҳаммаси келишиб қўйилган

Ростданам мелисалар ҳам, СНБ ҳам гаплашилган экан. Бўлмаса, мен “клиент”га умуман ўхшамаслигимни оддий одам ҳам биларди. Улар менинг ҳужжатларимни кўришиб, бир менга, бир паспорт ва ДТМга қараб қўяр ва жилмайиб ўтказворарди. Битта кулгили ҳолат – бир СНБчи ДМТни мендан олиб, қуёшга тутиб, “Сохтамасми?” деб, текшириб ҳам кўрган “хўжакўрсин”га.

Ичкарига кирсам, ҳатто хонадаги кузатувчи ҳам гаплашилган экан. Иш жуда силлиқ ўтди - ҳамма ишни бажариб, елкамдан тоғ ағдарилгандек тестдан чиқдим.

Мижози илғор “калла”лар

Мандат чиққач, бориб кўрдим. Битта клиентнинг инглиз тилисидан 36 тасининг ҳаммасини тўғри топибман, она тилидан эса 29 та. Инглиз тили 2-блок, она тили 3-блок, математика эса 1-блок эди. Математикани ечадиган шеригим 31 та ишлабди ва шу клиент бюджетнинг 1-ўрнида турибди.

Яна битта клиентнинг инглиз тилисидан 34 та ишлабман. Она тили ва математика эсимда йўқ, лекин у 3-ўрин билан бюджетга кирибди.

Учинчи клиент эса контрактга тушиб қолибди. Ҳаммасига шу математикадан ечадиган шеригим айбдор. Менга уни таништиришганда, “36 тадан 35 та ёки 34 та ечади” дейишганди, тестда 29 та, 31 та топиб, мени уялтирганди.

Уч клиентдан биттаси контракт бўлиб қолишига шу бола айбдор бўлганди, бизга рақобатдаги гуруҳ уччала клиентининг ҳаммаси бюджетга ўтганди-да. Шунга озгина орқада қолганимга жаҳлим чиққанди.

“Қўшимча иш”

Мен имтиҳонда берилган 3 соатнинг икки соатида клиентларнинг 3 та инглиз тили ва 3 та она тили вариантини ишлаб бергандим. Шу пайт олдимда ўтирган бир нотаниш йигит тестини ишлаб беришни сўради. Мен унга разм солдим ва пул чиқадиган одамга ўхшагани учун она тилиси ва инглиз тилисини 1000 долларга ишлаб беришимни айтдим. У кўнди ва мен умумий ҳисобда 4 та инглиз тили, 4 та она тилидан тестларни ишладим ўша куни.

Ё, насиб...

Афсуски, кейин олган пулларим менга насиб қилмади - акам машинасида авария бўп кетди. Худога шукур, ўзига ҳеч нарса бўлмади. Лекин машинасининг пачоғи чиқди ва мен топган пулларимни машинамизни тузатиш учун акамга бердим. Малайзиядаги ўқиш билан эса хайрлашдим...

Афсусдаман!

Агар ҳикоям чоп этилса, буни ўқиб, мени кўпчилик лаънатласа керак, яна билмадим... Лекин бир гапни уларга айтай: ўшандан бери виждоним жуда қийналяпти, “Аллоҳ менинг гуноҳимни кечирармикин?” деб юрибман. Шунинг учун мен ҳақимда ёмон коммент қолдирмасликларини сўрайман.

Бу ҳикояни айтиб беришдан мақсад – юртимизда юрган бари “калла”ларни огоҳлантириш: “Бир кунда топган пулинглар барибир насиб қилмайди, бу дунёда бўлмаса, у дунёда жавоби бор, ўйлаб иш қилинг, кейин афсусланиб юрманглар!

Бу -"Абитуриент кундалиги”га келган собиқ "калла"нинг WhatsApp блоги эди.
XS
SM
MD
LG