Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 10:39

Москва мэри лавозимига даъвогарлар илк дебатни ўтказди


Москва мэри лавозимига даъвогарлик қилаётган бешта номзод ўртасида илк теледебат ўтказилди. Баҳс давомида номзодлар асосий эътиборни Россия пойтахти аҳолиси кундалик ҳаётда дуч келаётган муаммоларга қаратдилар.



"Москва 24" телеканали орқали душанба куни намойиш қилинган баҳсда мухолифат номзоди Алексей Навальний мэр этиб сайланса, коррупцияга қарши курашишни ваъда қилди ва Москванинг инфратузилмаси билан боғлиқ лойиҳалар президент Владимир Путиннинг дўстларига берилаётганини иддао қилди.

- Катта миқдордаги пул мақсадсиз сарфланмоқда. Шу боис бизнинг дастуримизда, мени сайлашганидан кейин, пенсионерлар, кўп болали оилалар ва муҳтожларга ижтимоий нафақаларни оширмагунимизча 2013 йилги бюджетни тўхтатиш ҳақидаги банд бор,- дея таъкидлади Алексай Навальний.

Мухолифат номзоди “Москвада мигранлар кўпайиб кетгани” ҳақида гапириб, Кавказ ва Марказий Осиё давлатлари фуқароларига виза тартиби жорий қилиш кераклигини таъкидлади.

- Зарур эканини таъкидлаб келаётганимиз виза тартиби кавказликлар ва марказий-осиёликларга жорий қилиниши керак. Агар Германия ва Франция сиз ва менга нисбатан виза тартиби жорий қилган экан, менимча, биз ҳам виза жорий қилишимиз керак. Нима учун Европа давлатига бориш учун мен виза олишим керагу, Қирғизистон ёки Тожикистон фуқароси хатто чел эл паспортисиз шунчаки бир томонга чипта сотиб олиб бу ерга бемалол келаётганини мен тушунмайман,- деди Россия мухолифати вакили.

Москва мэри лавозимига номзодлар ўртасидаги биринчи дебат Россия Бош прокуратураси Алексей Навальнийнинг сайловолди кампанияси ноқонуний тарзда хориждан молияланаётганига ишора қилувчи далиллар топилганини эълон қилинганидан бир неча соат кейин телевидениедан намойиш қилинди.

Бош прокуратура маълумотига кўра, 300дан ортиқ хорижлик донор ва 46 давлатдаги аноним донорлар Навальнийга пул жўнатган. Унинг сайловолди кампанияси раҳбари Россиядаги Yandex.Money пул ўтказиш тизимидан фойдаланган.

Дебат давомида Алексей Навальний бу масалага ойдинлик киритди.

- Yandex.Money тизими бугун Бош прокуратура ёлғон гапираётгани тўғрисида баёнот берди. Бош прокуратура Yandex компаниясидан хатто ҳеч қандай ҳужжат сўрамаган. Бу биз ўтказаётган текширувлар, жумладан, Сергей Собянин ҳақида олиб бораётган текширувимиздан эътиборни чалғитиш учун қилинмоқда. Аммо биз уни тўхтатмаймиз,- дея баён қилди Алексей Навальний.

Ўтган ҳафта Навальний Интернет орқали Москва мэри Сергей Собяниннинг вояга етмаган қизи қандай қилиб Москва марказида нархи 5,27 миллион АҚШ долларига тенг квартирага эга бўлганига оид саволни ўртага ташлади.

Москва мэри матбуот котиби журналистларга, мазкур квартира 2006 йилда президент маъмурияти томонидан Собянинлар оиласига берилгани ва кейинчалик хусусийлаштириб олинганини билдирди.

Ҳозирда телебаҳс мазкур квартиранинг қандай қилиб хусусийлаштирилгани тўғрисида бормоқда.

"Москва 24" телеканали орқали намойиш қилинган дебат давомида Адолатли Россия партияси раиси Николай Левичев Москвадаги автомобил тўхташ жойлари нархини соатига 50 рублдан ($1,50) 20 рублга камайтиришни ваъда қилди.

Москва мэри Сергей Собянин сайловолди жараёнида теледебатларда қатнашишдан бош тортган.

Москва мэри лавозимига Коммунистик партия номзоди Иван Мелников, Давлат думаси аъзоси Михаил Дегтяев ва Яблоко партияси раиси Сергей Митрохин ҳам даъвогарлик қилмоқда.

Москва мэри лавозими учун 8 сентябрга белгиланган сайловгача номзодлар ўртасида яна саккизта дебат ўтказилиши режаланган.
XS
SM
MD
LG