Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 13:41

Эрон Ташқи ишлар вазири Facebook саҳифаси борлигини эътироф этди


Эрон Ташқи ишлар вазири Жавод Зариф (ўнгда) мамлакат президенти Ҳасан Руҳоний билан бирган.
Эрон Ташқи ишлар вазири Жавод Зариф (ўнгда) мамлакат президенти Ҳасан Руҳоний билан бирган.

Facebook ижтимоий тармоғи Эронда расман тақиқланган ва Теҳрон муллалари бу тармоқни “сионистлар қуроли” сифатида ëзғириб келади. Аммо Эрон Ташқи ишлар вазирлигига яқинда тайинланган Жавод Зариф ўзи ва оила аъзоларида Facebook ҳисоби борлигини тан олди.

Эрон Ташқи ишлар вазирининг Facebookдан фойдаланишга оид эътирофи янги вазир учун унча муҳим баëнот бўлмаслиги мумкин. Аммо бу иқрор йиллардан бери Интернет цензурасига қарши курашиб келаëтган эронлик ëшлар учун жиддий илгари силжишдир.

АҚШда ўқиган Теҳрон дипломатларининг янги раҳбари Эрон ҳукумати томонидан фильтр қўйилган Facebookда ўз саҳифаси борлиги ва ўзи ва болалари томонидан юритилаëтган бу саҳифанинг 65 мингдан ошиқ мухлиси борлиги ҳақида гапирди.

Бундай баëнот эронлик минглаб Facebook фойдаланувчиси диққатига тушди ва улардан айримлари вазирдан тақиқланган ижтимоий тармоққа қайси аксилфильтр программаси орқали кираëтганини сўрашгача бориб етди.

"Сиз Facebookка фильтр қўйган айни ҳукумат вазири эмасмисиз? Мен Эрон расмийларининг баëнот ва амалий ишлари ўртасидаги бундай зиддиятни ҳеч тушуна олмайман" деб ëзди Зариф баëнотига муносабат билдирган Facebook фойдаланувчиларидан бири.

Ташқи ишлар вазирининг Facebook саҳифаси ҳақидаги эътирофи Эрондаги ижтимоий тармоқлар бўйича таниқли фаол Воҳид Онлайн учун ҳам кутилмаган янгилик бўлди.

"Ҳатто Олий руҳоний Оятуллоҳ Ҳаманайига нисбат бериладиган Facebook саҳифаси бўлгани билан¸ бу сайтнинг айнан расмийлар томонидан юритилаëтгани ҳеч қачон ошкор айтилган эмас”¸ дейди бу ҳайронлигини изоҳлаган кузатувчи.

“Янги Ташқи ишлар вазири ҳозирга қадар ўз қўли билан Facebook саҳифасини очиб¸ "душманлар қуроли" деб қораланаëтган бу тармоқдан айнан ўзи фойдаланаëтганини эътироф қилган биринчи юқори даражали Теҳрон расмийсидир”¸ дейди Воҳид Онлайн.

Эрон ҳукумати Facebookни тақиқлаб қўйганига қарамай¸ айнан шу ижтимоий тармоқ эронлик ëшлар орасида энг кўп тарқалган ва эронликлар унга киришнинг айланма йўлларидан фойдаланиш ҳадисини олган.

Теҳрон расмийлари¸ ижтимоий тармоқларга аъзо бўлишнинг жиноят эмаслиги¸ аммо давлат ўрнатган фильтрларга чап бериш жазоланишини таъкидлаб келадилар.

Мухолифат фаоллари устидан ўтказилган маҳкамаларда уларнинг аксарига нисбатан айбловда “сионист ва хориж разведкалари қуроли бўлган” Facebookдан фойдаланиш жиноий ҳаракат сифатида қайд этилган.

Шунга қарамай¸ олий руҳонийдан тортиб аксар сиëсатчиларнинг Facebook ва Twitterда ўз саҳифалари бор ва улар сайлов жараëнларида тарафдорларини кўпайтириш учун айнан шу воситалардан фаол фойдаланадилар. Аммо расмийлардан бирортаси ҳозирга қадар бу саҳифаларнинг ўзлари томонидан юритилаëтганини эътироф этган эмас.

Ижтимоий тармоқлар бўйича мустақил таҳлилчи Маҳмуд Иноят Эрон бошқарувчилари ижтимоий тармоқлар қудратини англаб етганини айтади:

- Эроннинг энг олий руҳонийси номида Facebook, Twitter, Instagram¸ Tumbler ва бошқа тармоқларда саҳифалар ишлаб турган бир пайтда Жавод Зарифнинг Facebookда саҳифа юритаëтганига оид эътирофига биров эътироз билдира олмайди¸ деб ўйлайман. Бу нарса яна бир бор Эрон расмийларининг ижтимоий тармоқларни “Ғарб қуроли” деб четга суриб қўя олмаслигини кўрсатади. Уларнинг бундай қуроллардан фойдаланишга иштиëқини президент сайлови жараëнида жуда очиқ кўрдик – номзодларнинг аксари айнан ижтимоий тармоқлар орқали тарафдор йиғишга уринди¸ дейди Маҳмуд Иноят.

Июн ойида ўтказилган сайловларда мўътадил сиëсатчи Ҳасан Руҳоний ғалаба қозонганидан сўнг эронликлар мамлакат сиëсий-ижтимоий ҳаëтининг либераллашуви¸ хусусан¸ Интернетга ўрнатилган чеклов ва тақиқларнинг юмшашига умид қилмоқда.

Сайловолди жараëнида Интернет цензурасини танқид қилган Руҳоний¸ бу чекловлар халқ ва давлат ўртасидаги жарликни кенгайтиришини таъкидлаган эди.
XS
SM
MD
LG