Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 20:32

Наманганда асранди ўғил кекса онасини ёқиб юборди


Пенсия таъминотидаги камчиликлар танқид қилинди. Шоир Хуршид Даврон “сексопотолог” ёзувчиларни инсофга чақирди. Тиниб-тинчимаган одамлар “Линколн” машинасидан шоҳона фойтун ясашди. Жорий ҳафтада ўзбек матбуоти шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

“Вазирлик пенсия таъминотидаги қонун бузилишларини тан олди”

Ўзбекистон Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги пенсия таъминотида учраётган қонун бузилишлари бартараф этиш зарурлигини таъкидлади (“Ўзбекистон овози”, 20 август).

Тошкентда ўтказилган ижтимоий ҳимоя мавзусидаги тадбирда вазирлик расмийлари томонидан қайд этилишича, пенсия ва нафақа миқдорини аниқлашда қонун бузилиши ҳолатлари учрамоқда.

Айрим ҳолларда тўлов ҳужжатлари, пул маблағлари почта муассасаларига белгиланган фурсатда етиб бормаяпти. Шунингдек, анжуманда пенсия тайинлаш билан боғлиқ архив ҳужжатларида чалкашликлар борлиги ва уларнинг сабаблари таҳлил қилинган.

Вазирлик бошқарма бошлиғи Баҳодир Шароповга кўра, Ўзбекистонда 3 миллионга яқин пенсионер, 20 мингдан ортиқ ижтимоий ҳимояга муҳтож, ўзгалар қарамоғида бўлган кишилар истиқомат қилмоқда.

“Тест натижасидан норози абитуриентларга қўл қовуштириб ўтирмаслик тавсия этилди”

1 август куни ўтган тест синови натижаларидан норози бўлган абитуриентларга қўл қовуштириб ўтирмай, тест натижаларини қайта текширишни талаб қилиш тавсия этилди (“Даракчи”, 22 август).

Натижалардан шубҳаланган абитуриентлар тест натижалари эълон қилинган кундан бошлаб ўттиз кун давомида Давлат тест марказида ташкил этилган апелляция комиссиясига ёзма шикоят билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.
Апелляция шикояти абитуриент, унинг ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босган шахс иштирокида ўн кун муддат ичида кўриб чиқилиши керак. Эслатилишича, апелляция комиссиясининг шикоятни кўриб чиқиш бўйича қабул қилган хулосаси юзасидан ҳам норозилик туғилса, судга мурожаат қилиш мумкин.

“Наманганда асранди ўғил онасини ёқиб юборди”

Наманганлик йигит боқиб тарбиялаган онасининг жонига қасд қилди (“Ҳуқуқ оламида”, 22 август).

Республика бош прокуратураси расмийси Дилмурод Умаралиевга кўра, асли Тошкентдаги болалар уйидан олиб келиниб, Наманганда боқиб олинган йигит ноқобил чиқиб, тутинган ота онасига фақат ташвиш келтирган. Отаси вафот этгач, онаси билан қолган асранди ўғил айш-ишратга берилиб кетган.

Натижада, онаси уни уйдан ҳайдаб чиқармоқчи бўлган. Бундан ғазабланган 26 ёшли йигит 66 ёшли онасини бўғиб ўлдирган. Кейин эса жасад устига солярка қуйиб уни ёқиб юборган. Айтилишича, қўшнилар жасаднинг куйишидан атрофга тарқалган нохуш ҳид орқали қотилликдан воқиф бўлишган.

Қотил йигитнинг исми ва жиноятга оид бошқа тафсилотлар очиқланмаган. Прокурор Умаралиевга кўра, судланувчига айбига ярага жазо тайинланган.

“Гени ўзгартирилган маҳсулотлар саломатликка таҳдид солмоқда”

Гени ўзгартирилган маҳсулотлар (ГЎМ) аҳоли саломатлигига таҳдид туғдирмоқда, энг ёмони, ишлаб чиқарувчилар маҳсулот таркибида ГЎМ борлиги ҳақида маълумот бермаётир (“Экоҳаёт”, 21 август).

“Дунёда гени ўзгартирилган маҳсулотларни истеъмол қилмаган одам қолмади. Чунки бундай моддалар колбаса маҳсулотлари, шоколад, чипс, сут маҳсулотлари, йогуртлар ва кондитер маҳсулотларининг аксарият турларига қўшилади” деб ёзади газета.

Ген инженерлари бир оилага мансуб бўлмаган тирик организмларни чатиштириш орқали, кам маблағ сарфлаб, кўп ҳосил олиш мумкин бўлган гени ўзгартирилган маҳсулотларни кўпайтиришни таклиф қилмоқдалар. Маълумотларга қараганда, ҳозирги кунда дунё бўйича 200 миллион гектар ерда 90 га яқин гени ўзгартирилган ўсимликлар, масалан, 22 миллион гектар ерда соя, 11,5 миллион гектар ерда маккажўхори ва 4 миллион гектар ерда гени ўзгартирилган пахта етиштириляпти.

Таниқли шоир Хуршид Даврон “сексопотолог” ёзувчиларни танқид қилди

Ўзбекистон халқ шоири Хуршид Даврон адабиётдан фақат ташвиқот қуроли сифатида фойдаланишни нотўғри қараш деб баҳолади (“Китоб дунёси”, 15-сон).

“Адабиёт фақат адабиёт аҳлининг иши эмас. Адабиёт миллий масаладир. Адабиётни фақат оғир кунларда эслаб, ундан фақат фожиали паллаларда ёки ташвиқот қуроли сифатида фойдаланиш нотўғри қарашдир” деган таниқли ижодкор.

Суҳбат асносида Шарққа хос қадриятларни асраш масаласига тўхталган шоир Хуршид Даврон жинсий мавзуга зўр берган ижодкорларни танқид қилиб ўтган.
“Адабиётдаги тутган ўрнини Шарқу Ғарбда ҳеч ким рад этолмайдиган буюк адибларнинг адабиётнинг асл моҳияти ҳақида айтган бундай фикр-мулоҳазалари, улар қолдирган умуминсоний маънавий мерос аёл билан эркак ўртасидаги муносабатни фақат ички эндокрин безлар фаолияти сифатида кўрсатишга уринаётган айрим “сексопотолог” ёзувчилар ва уларнинг ажнабий ҳомийларию ўзимизда пайдо бўлаётган ҳимоячиларигагина эмас, бизга ҳам сабоқ бўлиши керак” деган Х.Даврон.

“Чел элдаги даромаддан ҳам алимент тўланадими?”

Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида топилган даромаддан ҳам алимент ушлаб қолинади (“Адолат кўзгуси”, 22 август).

Бу борада газетхон Нурбек Соатовнинг саволига ҳуқуқшунос Иброҳим Алимов жавоб берган. Айтилишича, Ўзбекистон Оила кодексининг 104-моддасига биноан, алимент Ўзбекистон ҳудудидан ташқарида пул ёки натура шаклида олинган барча даромадлардан ҳам ушлаб қолинади.

Чел эл валютасида олинган даромадлар алимент ундириладиган куни амалда бўлган Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг расмий курси бўйича сўмда ҳисобланади.

“Битта туманда 100 ёшдан ошган 29 нафар қария бор”

Фарғона вилояти Олтиариқ тумани ёши улуғ қариялар энг кўп яшайдиган ҳудудлардан бири сифатида эътироф этилган. Айни пайтда туманда 100 ёшдан ошган 29 нафар отахон ва онахон истиқомат қилмоқда. (“XXI аср”, 22 август).

120 ёшли Хайрихон момо улар орасида энг ёши улуғи ҳисобланади. Момонинг 8 фарзанди, 82 невараси, 119 чевараси, 11 эвараси бор. Хайрихоннинг момонинг тўнғич ўғли Латифжон ота 98 ёшда экани хабар берилган.

“Кутилмаган ихтиро: “Линколн” машинасидан шоҳона фойтун ясалди”

Тошкентда уяли телефонларда “Линколн” машинасидан ясалга шоҳона фойтун тасвири тарқалмоқда. Янги ихтиро тўй маросимларида ёш келин-куёвларга хизмат қилиши кўзда тутилган.

“Бир қараса, нақ граф Монте Кристонинг серҳашам каретасига, яна бир қараса, автомобиль саноатидаги антиқа кашфиётга ўхшаб кетади. Нафис пардалар, қимматбаҳо жиҳозлар, алламбало ўриндиқлар...” деб ёзади “Даракчи” нашри.

Газета дурагай машинанинг йўл ҳаракати ва техника қоидаларига тўғри келмаслиги мумкинлигини эслатади. Айни пайтда, дабдабали тўйлар шундоқ ҳам жиддий муҳокама қилинаётган бугунги даврда бу кашфиёт исрофгарчиликка кенг йўл очиши таъкидланади.
XS
SM
MD
LG