Линклар

Шошилинч хабар
15 сентябр 2024, Тошкент вақти: 16:03

ОАВ танқидидан сўнг Зарафшон қамоғидаги маҳбуснинг шароити яхшиланди


Вазира Алимова ва турмуш ўртоғи (марҳум) Турғун Алимов.
Вазира Алимова ва турмуш ўртоғи (марҳум) Турғун Алимов.

Зарафшон шаҳридаги қаттиқ тартибли қамоқ колонияси маъмурияти маҳбус Исроил Алимовнинг шароитини яхшилади. Диний айбловлар билан озодликдан маҳрум қилинган Алимовнинг шароити яхшиланишига ҳуқуқ ҳимоячилари ва мустақил ахборот воситаларидаги танқидий мақолалар сабаб бўлгани айтилмоқда.



Зарафшон шаҳридаги КИН 64/48 рақамли қаттиқ тартибли колонияда 15 йиллик жазо муддатини ўтаётган Исроил Алимовнинг қамоқдаги шароити яхшилангани ҳақида маҳбуснинг онаси Вазира Алимова Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромовга маълум қилди.

Суръат Икромов Озодлик билан суҳбатда август ойида ўғлини кўриш учун Зарафшон қамоғига борган Вазира Алимовани колония нозирлари яхши кутиб олганини ва ўғли билан уч кунлик учрашувга биринчи марта рухсат беришганини ва кекса она олиб борган посилка ҳам қайтарилмаганини айтади.

- У ғишт заводида ишларкан. Бир ойда ишлаган пулидан 2-3 минг сўмни книжкасига қўйиб қўйишаркан. Ҳозир ойига 50 минг сўмдан қўйишаётган экан, деб Вазира опа хурсанд бўлиб гапирдилар. Ҳозир Исроил Алимов озиб кетган. 13 йилдан бери қамоқхонада. Бир ярим йилдан кейин жазо муддати тугаб қамоқдан чиқиши керак,- дейди Суръат Икромов.

Беш фарзанднинг онаси, 80 яшар Вазира Алимова жорий йил июн ойида ўғлини кўриш учун қамоқхонага борганида нозирлар учрашувга икки кун вақт берган. Кекса онанинг посилкаси қабул қилинмаган.

Суръат Икромовга кўра, қонун бўйича маҳбусларнинг яқинлари билан учрашишига 3 кун вақт берилади. Аммо Вазира Алимовага 13 йил давомида диний айбловлар билан қамалган ўғли билан фақат икки кун учрашишга рухсат бериб келинган.

Қатор мустақил нашрлар, жумладан, Озодлик шу воқеа ҳақида танқидий мақолалар чоп этганидан кейин колония маъмурияти Исроил Алимовнинг шароитини яхшилаган.

Суръат Икромов Озодлик билан суҳбатда танқидий мақолалардан кейин ГУИН (Жазони ўташ бош бошқармаси) Зарафшон колонияси нозирларига нисбатан чора кўрган бўлиши мумкинлигини эҳтимолдан соқит қилмади.

- Кўп журналистлар чиқиш қилганидан кейин бу албатта юқорига етиб боради. Юқорига етиб борганидан кейин иложи борича ҳаммасини тўғирлашга ҳаракат қилишади. Уларда махсус прокурор бўлади. Уша келади, текширади. Керак бўлса, ким тўғрисида ахборот кетган бўлса, у билан гаплашади. Балки шунинг учун Исроилнинг шароити яхши бўлган бўлиши мумкин,- дейди Суръат Икромов.

Ҳуқуқ ҳимоячиси маҳбус Исроил Алимовнинг шароити яхшилангани Зарафшон колониясидаги ҳамма маҳбуснинг шароити яхшиланди дейиш учун асос бўлмаслигини ҳам қўшимча қилди.

- Менимча, бу ҳамма маҳбусга таллуқли эмас. У ерда “строгий режим”. Бу жуда оғир масала. Маҳбуснинг шароитини яхшилаш деганда ота-оналаридан, яқинларидан келган ҳамма озиқ-овқатни, кийим кечакни қабул қилиниши тушунилади.

Уларни қаттиқ ишлатишади лекин пулини жуда кам тўлашади. Пулини тўлаб турса, у ерда ўзини дўкони бор ўша ердан пулига озиқ-овқатлар сотиб олиши мумкин. Шу манода шароит яхшилангани тўғрисида гап кетаяпти, дейди ҳуқуқ ҳимоячиси.

1977 йилда Тошкент шаҳрида туғилган Исроил Алимов “Хизб ут-Таҳрир” диний оқимига аъзолик айблови билан 2000 йил 4 октябрда ҳибсга олинган ва 15 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

Оилада кенжа, яъни, бешинчи фарзанд бўлган Исроил Алимов қўлга олингунига қадар оилали бўлмаган. Унинг жазо муддати 2015 йилда тугаб озодликка чиқиши кутилмоқда

Суръат Икромовга кўра, Исроилнинг акаси 1971 йилда туғилган Исмоил Алимов ҳам 2003 йил 23 июнда диний мотивлар билан 8 йилга қамалган.

2-3 йил қамоқ жазосини ўтаган Исмоил Президентдан кечирим сўраганидан кейин амнистияга мувофиқ озод қилинган.
XS
SM
MD
LG