Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:43

Қозоғистон фуқароларга Қирғизистонга бормасликни тавсия қилди


Қирғизистоннинг Ак-Суу туманида қора ўлат касаллиги аниқлангани муносабати билан Қозоғистон томони чегараларини кучайтирилган тартибда қўриқлашга ўтди. Олмаота ва Жамбул вилоятларидан чегара ҳудудларига жалб қилинган мутахасилар, Қозоғистонга ўтаётган ҳар бир қирғизистонликни диққат билан текширмоқда.

Қозоғистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги эпидемия тарқагудек бўлса қора ўлатга қарши дори –дармонлар ғамлаб қўйилганини билдириб, чегара олди ҳудудлари аҳолисини касаллик таҳдидидан огоҳлантирди. Шунингдек, Қозоғистон расмийлари фуқароларга Қирғизистонга бормасликни тавсия қилмоқда.

Айни пайтда чегара бекатларида аҳолининг борди-келдиси одатдаги режимда давом этмоқда. Қирғизистон чегара хизмати расмийси Гулмира Бўрибоеванинг айтишича, қозоқ томони чегараларни ёпиш ниятини билдирмаган.

Бироқ Қирғизистон томони Қозоғистон томонидан кўрилган бундай чора-тадбирларни ортиқча эҳтиёт чораси сифатида баҳоламоқда.

- Касаллик Энчилек қишлоқ округига қарашли Қашқасув яйловида юққан. У ер қўшни давлат билан чегарадош эмас. Ҳозир яйловга ҳеч ким киритилмаяпти. Яйловга бориш-келиш, мол боқиш тақиқланган. Шунинг учун чегарани ёпишга асос йўқ, -деди Қирғизистон соғлиқни сақлаш вазири Динара Сагинбаева.

Расмий маълумотларга қараганда, қора ўлатдан вафот этган ўсмир билан алоқада бўлган 160 одам касалхонада текширилмоқда. Уларнинг 33 нафари тиббиёт ходимларидир.

Қирғизистон Фавқулодда вазирлигининг билдиришича, Ақ-Суу туманида яна уч киши қора ўлатга чалинган деган шубҳа билан касалхонага ётқизилган. Бироқ туман санитария-эпидемиология маркази бош шифокори бу шубҳа ҳозирча тасдиқланмаганини айтди:

- Булар вафот этган бола билан алоқада бўлган шахслар. Уларга касаллик юққан эмас. Ҳозир шубҳа остидагилар шифокорларнинг қаттиқ назорати остида, -деди Аскар Айдакеев.

Айни пайтда қора ўлат пайдо бўлган ҳудуд карантин қилинган. Туманда 500 га яқин шифокор профилактика ишларини олиб бормоқда. Шифокорлар томонидан шу кунгача 37 мингга яқин киши назоратдан ўтказилган. Қора ўлатга қарши кўмак кўрсатиш мақсадида Қозоғистон ҳам Қирғизистонга ўз мутахасисларни жўнатмоқда.

Ақ-Суу туман касалхонасида 22 август куни 15 ёшли Темирбек Исакунов вафот этган эди. 25 август куни у қора ўлат касаллигидан ўлгани аниқланди. Мазкур воқеа юзасидан республика миқёсида махсус штаб ташкил қилинган.

Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги қора ўлат эпидемияси хавфи йўқлигини айтиб, аҳолини тинчлантирмоқда.

Бундан олдин Қирғизистонда қора ўлатдан ўлим ҳолати сўнгги бор 1981 йилда қайд қилинган эди.

Қора ўлат касалидан ўлган одамнинг жасади оловда куйдирилади ва кули бетонланган ҳолда дафн этилади.
XS
SM
MD
LG