Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:24

"Шарқ тароналари" деб самарқандликлар светсиз қолди


Электр узилишлар Самарқанднинг “Шарқ тароналари” фестивали ўтаётган Регистон майдонига яқин мавзеларда қайд этилган.
Электр узилишлар Самарқанднинг “Шарқ тароналари” фестивали ўтаётган Регистон майдонига яқин мавзеларда қайд этилган.

Самарқанд шаҳрида тўққизинчи бор ўтказилаётган "Шарқ тароналари" халқаро мусиқа фестивали билан боғлиқ тадбирлар аҳоли учун бир мунча ноқулайликлар яратгани айтилмоқда.


27 август куни Самарқандда “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивалининг очилиш маросими ўтаётган маҳал шаҳарнинг айрим жойларида аҳоли светсиз ўтирган.

Самарқанд шаҳрининг Хўжа Аҳрор Валий мавзесида яшовчи Низомиддиннинг Озодликка айтишича, ёз кунлари свет ўчиши шаҳарликлар учун кутилмаган хол бўлган.

- Электр узилишлари одатда қиш кунлари кўп бўлади. Кеча кундузги 11 дан кечқурунги 10 яримгача светсиз ўтирдик. Электросетга телефон қилсак, шу фестивал сабабли дейишди. Фестивал тугаганидан ярим соатлар ўтиб свет ёнди,- дейди Низомиддин.

Электр таъминотидаги узилишлар Самарқанднинг “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали ўтаётган Регистон майдонига яқин мавзеларда қайд этилган.

Шунингдек, “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали ва унинг очилишига Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов келгани боис Самарқандга элтувчи йўлларнинг ёпиб қўйилгани ҳам шаҳарликлар учун ноқулайликлар яратган.

- Шаҳарга кираверишдаги йўллар, марказий кўчалар кеча ёпилган эди. Бугун шаҳарнинг ичи ёпиқ. Сарсонгарчиликлар бўляпти. Энди барибир ишли одам бор, 10 килметр йўл юриш керак бўлган жойга айланиб, 60-70 километр йўлни босиб ўтяпти. Тўғри, Самарқандда фестивал ўтказилиши яхшику, лекин авваллари бунақа бўлмас эди. Бу йил йўлларни ҳаддан зиёд тўсиб ташлаяпти,- дейди исмини айтмаган самарқандликлардан бири.

Самарқанд шаҳар ҳокимияти расмийлари аҳолини фестивал ўтгунга қадар сабр қилишга чақирмоқда. Ҳокимиятнинг маданият ишлари бўйича мутасаддиси, шахси сир қолиши билан Озодликка бурган суҳбатида, расмийларнинг вужудга келган қийинчиликлардан хабари борлиги тан олди.

- Энди 60га яқин мамлакатдан одамлар келган. Президент ҳам кеча келди. Очилиш маросимини қилиб бериб кетди. Тўғри, кеча йўллар ёпиқ эди. Биз ҳам ҳокимиятдан уйга пиёда кетдик. Нима қиласиз, икки йилда бир марта ўтказиладиган фестивал. Бу ёғи мустақиллик байрамига уланиб кетади. Озгина сабр қилиб туриш керак энди,- дейди Самарқанд шаҳри ҳокимиятининг маданият ишларига масъул расмийларидан бири.

Самарқанддаги Регистон майдонида 1997 йилдан буён ҳар икки йилда бир марта ўтказиб келинаётган “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивалига бу йил 60га яқин мамлакатдан машшоқлар келишган.

Фестивалда Гран-при соҳибига 10 минг АҚШ доллари ва биринчи ўрин ғолибига 7000 доллар, иккинчи ўринга 5000 доллар, учинчи ўринга 3000 доллар мукофот пули берилади.

Ўтган сафарги фестивалга италиялик машхур қўшиқчи, саксонинчи йилларда Felicita (Бахт) қўшиғи билан танилган Ал Бано махсус меҳмон сифатида иштирок этган ва ўзбек президенти ҳузурида қўшиқ айтгани учун танқидларга қолган эди.

Аввалги йиллардан фарқли ўлароқ бу сафар фестивалга халқаро юлдузлар меҳмон бўлмади.

- Бу йил фестивал очилишига хорижлик қўшиқчилардан ҳеч ким келмади, ўзимизни ўзбеклар, ўзимизни Озодбек чиқди бу йил,- дейди фестивални томоша қилган самарқандликлардан бири.

Самарқанднинг қадимий Регистон майдонига фестивал саҳнаси ва амфитеатр қурилган, улкан овоз кучайтиргичлар ўрнатилган.

Самарқанднинг ноёб тарихий обидалари марказида мусиқа фестивали ўтказилаётгани санъатшунослар тарафидан танқид остига олиниб келинади.

Мутахассислар фикрича, Регистон майдонига ўрнатилган овоз кучайтиргичлар атроф биноларга салбий таъсир ўтказмай қолмайди.
XS
SM
MD
LG