Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:10

Сурияга нисбатан ҳарбий ҳужум эҳтимоли кучаймоқда


Афғонистон¸ Ироқ ва Ливия режимларига қарши амалга оширилган халқаро ҳарбий амалиëтлар ҳали охирига етмай туриб¸ Ғарб Башар ал-Ассад режимига қарши бирлашган уруш бошлаш эҳтимолига яқинлашиб қолди. Айни шу эҳтимол БМТ Хавфсизлик кенгаши аъзолари баробарида халқаро матбуот диққат марказида қолаëтган мавзуга айланди.

Халқаро ҳамжамият Сурия ҳукуматига қарши қандай чора кўриш борасида сўнгги қарорга келиш учун Ассад режимининг кимëвий қурол қўллаган-қўлламаганига оид БМТ инспекторлари хулосасини кутмоқда.

БМТ Бош котиби пайшанба куни инспекторлар ҳозирда кимëвий қурол қўллангани иддао қилинаëтган жойда текширув ишлари олиб бораëтгани ва улар Суриядан шанба куни қайтиб¸ сўнгра ўзига ҳисоб беражакларини билдирди.

АҚШ президенти Обама¸ Вашингтон Сурия ҳукуматининг ўтган ҳафта кимëвий қурол қўллаганига оид тўхтамга келгани¸ бироқ Ассад режимига қарши ҳарбий амалиëт бошлаш тўғрисида бир қарорга келмаганини билдирди.

АҚШ Мудофаа вазири Чак Ҳейгел Сурияга қарши амалга ошириладиган ҳар қандай ҳарбий амалиëтнинг халқаро ҳамкорликка асосланажагини билдирди:

- АҚШ ҳозирда барча иттифоқчиларимиз¸ халқаро ҳамжамият билан Сурия масаласида маслаҳатлашмоқда ва бу жараëн давом этади. Президент Обама ҳам¸ мен ҳам Сурияга қарши ҳаракат амалга оширилса¸ унинг халқаро ҳамкорликка асосан бўлажагини қайта-қайта такрорлаяпмиз¸ деди пайшанба куни АҚШ Мудофаа вазири.

Айни шу куни Россия ҳукумати яна бир бор Сурияга қарши ҳарбий амалëт бошлаш халқаро қонунларга зид бўлажагидан огоҳлантириб¸ бундай эҳтимолга нисбатан ўз кучли эътирозини ифодалади:

- Россия масалага алоқадор барча томон билан Суриядаги вазиятни муҳокама қилмоқда ва бу маслаҳатлашув натижасининг конструктив бўлишига умид қиламан. Можарога тортилган барча томонлар манфаатига хизмат қилувчи ечим топишимиздан ҳали ҳам умидворман. Бу ечимни топиш жараëнида эса¸ халқаро қонунларга асосланишимиз лозимлиги борасида шубҳам йўқ¸ деди Россия Мудофаа вазирининг биринчи ўринбосари Анатолий Антонов.

Ғарб ҳукуматларининг Ассад режимига қарши ҳарбий зарба бериш эҳтимоли ошиб бораëтган пайшанба куни Франция президенти Франсуа Олланд Парижда мухолифатдаги Сурия Миллий коалицияси раҳбари Аҳмад ал-Жарба билан учрашди. Учрашувдан сўнг Париж раҳбари халқаро ҳамжамиятни Суриядаги зўравонликларга барҳам бериш учун яқин ҳамкорликка даъват қилди:

- Сиëсий ечим топиш учун барча чора ишга солинмоғи лозим. Айни пайтда¸ мухолифат коалицияси етарлича кучга¸ хусусан армияга эга муқобил куч сифатида майдонга чиқиши керак. Бунинг учун халқаро ҳамжамият Сурияда кучайиб бораëтган зўравонликни тўхтатишга қодир бўлиши лозим. Кимëвий қатли ом бу зўравонликнинг бир кўриниши¸ холос¸ деди Сурия мухолифат коалицияси раҳбари билан учрашган Франция президенти.

Сурияга нисбатан Ғарб бошлаши мумкин ҳарбий амалиëт мавзуси халқаро матбуот марказида қолмоқда.

Британиядаги Guardian нашрининг ëзишича¸ мамлакатда Сурияга нисбатан уруш масаласида юзага чиққан сиëсий тортишув Ғарб амалиëтини келаси ҳафтага қадар кечиктириши мумкин.

Мамлакат парламентини пайшанба куни фавқулодда мажлисга чақирган Бош вазир Камерон¸ Сурия масаласида ўзига кескин чора қўллаш ваколати берилишини сўрамоқда. Мухолифатдаги Меҳнат партияси эса мамлакат парламентидан Бош вазир Дэвид Камерон сўровини рад қилиб¸ ҳукуматга Сурияга қарши ҳарбий амалиëт бошлаш ваколатини бермасликни талаб қилмоқда:

- Биз Ироқдаги хатоларимиздан тегишли сабоқ чиқаришимиз лозим. Жамоатчилик Ироқда қилган хатоларимизни унутгани йўқ ва мен айни хатони қайта такрорлашга ишқибоз эмасман. Шу боис¸ парламент қуйи палатаси Бош вазирга ҳарбий амалиëт қўллаш ҳаққини ҳеч бир асоссиз беришига изн бера олмаймиз¸ деди мухолифатдаги Меҳнат партияси раиси Эд Милибанд.

Британия парламенти Бош вазирга Сурияга қарши ҳарбий амалиëтга қўшилиш ваколатини бермаган тақдирда¸ Ғарб матбуотига кўра¸ бундай қарор АҚШнинг кенг халқаро коалиция тузиш уринишига жиддий путур етказади.

Ғарб ҳукуматлари Сурияга қарши ҳамкорликда ҳарбий зарба бериш режасини тузаëтган бир пайтда¸ Россия¸ Туркия ва Эрон матбуоти бундай ҳаракат оқибатларидан огоҳлантирмоқда.

Уларга кўра¸ Ироққа қарши асоссиз уруш бошлаш сценарийсини эслатаëтган Сурияга қарши ҳарбий амалиëт режаси Яқин Шарқ минтақасини янада издан чиқариб¸ террорчилик ва экстремизмни кучайтирмай қолмайди.

“Бундай амалиëт янада кучли қочқинлар оқимини туғдиради¸ терроризмни кучайтиради ва Туркияни ҳарбий ҳужум нишонига айлантиради. Ягона умид¸ Сурияга отиладиган ракета тўғри бориб Ассадга тегади ва ундан қутуламиз”¸ деб ëзди Туркиядаги “Ҳуррият” газетаси пайшанба куни.
XS
SM
MD
LG