Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:24

“Шайтон тасвирланган” видео яшин тезлигида тарқалди


Жиззахлик қария маст ҳолда кампирини чавақлади. Наманганда фуқарони сарсон қилган ҳоким ўринбосарига иш очилди. Тошкентда таниқли брендларни сохталаштирган тадбиркор қўлга олинди. Жорий ҳафтада ўзбек матбуоти шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

“Наманганда тадбиркорни сарсон қилган ҳоким ўринбосарига иш очилди”

Наманган вилояти Чуст тумани ҳокими 1-ўринбосари М.Исомиддиновга Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 43-моддасига мувофиқ иш қўзғатилди.
Ҳоким ўринбосари тадбиркор мурожаатини кўриб чиқишни пайсалга солган (“Диёнат”, 29 август).

Газета хабарига кўра, вилоят ҳудудларида ўтказилган текширувларда давлат бошқарув идоралари, архитектура ва қурилиш, ер ресурслари ва кадастр хизмати, банк муассасалари ҳамда маҳаллий ҳокимликлар томонидан тадбиркор ҳуқуқларини бузиш, улар йўлига ғов бўлиш, фаолиятига асоссиз аралашиш, қоғозбозлик, ортиқча оворагарчилик каби 919 та ҳолат аниқланган.

Шунингдек, давлат солиқ идоралари томонидан тадбиркорларга нисбатан ноқонуний молиявий санкциялар қўллаш, уларнинг ҳисоб рақамларини асоссиз ёпиб қўйиш каби ҳуқуқбузарликлар содир этилган.

Шайх Абдулазиз Мансур: “Шайтон тасвирланган видеога ишонманг!”

“Одноклассники” ижтимоий тармоғида шайтон тасвири дея талқин этилган видео яшин тезлигида ёйилди (“Даракчи”, 29 август).

Бу видео телефонларга ўтиб, юракларга ғулғула солди. Кавказлик уч қариянинг суҳбати ёзилган видеода газ қувури устидаги шарпани кўриш мумкин.
Кейинроқ, ижтимоий тармоқда “шайтон тасвири” дея обдон ваҳима кўтарилган видеодаги мазкур шарпа оддий қора пакет экани маълум бўлган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари, шайх Абдулазиз Мансурнинг таъкидлашича, шайтон ва жинлар инсон кўзига кўринмайдиган маҳлуқлардир ва ҳақиқий мусулмон бундай чалғитувчи видеоларга ишонмаслиги керак.

“Жиззахлик қария маст ҳолда кампирини чавақлади”

Беш фарзанднинг отаси, ўндан ошиқ неваранинг бобоси бўлган Синдор Сатторов маст ҳолатда хотинини пичоқлаб қўйди (“Ҳуқуқ”, 29 август).

Воқеа Жиззах шаҳри Қипчоқ маҳалласида рўй берган. Синдор Сатторов қудасининг уйига меҳмондорчиликка бориб, маст ҳолатда уйига қайтган.

Қариянинг маст аҳволда юриши хотини Малика Сатторовага ёқмаган ва эрига насиҳат қилган.

Жиззах прокуратураси катта терговчиси Амир Янгибоевга кўра, ичкилик таъсирида одамийлик қиёфасидан чиққан Синдор Сатторов хотинининг насиҳатидан жаҳлланиб, уни ошпичоқ билан чавақлаб ташлаган. Малика Сатторова шифохонада вафот этган.

Турмуш ўртоғи қотилига айланган қария узоқ муддатга озодликдан маҳрум қилинган.

“Полиэтилен чиқитларни четга олиб чиқиш тақиқланди”

Жорий йилнинг 1 сентябридан Ўзбекистондан полиэтилен чиқитлари ва иккиламчи хомашёсини олиб чиқиб кетиш тақиқланди (“Адолат кўзгуси”, 29 август).

2013 йил 8 мартда эълон қилинган “Иккиламчи полимер хомашёси экспортини тартибга солиш тўғрисидаги” Президент фармонида шу талаб назарда тутилган.
Қайд этилишича, мазкур тақиқ мамлакатда рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқаришни кенгайтириш учун хомашё базасини шакллантириш, атроф-муҳит муҳофазасини таъминлаш мақсадида жорий этилган.

“Самарқандда бир кўзли циклоп-бола туғилгани ҳақида хабар тарқалди”

Самарқанд шаҳрида уяли алоқа телефонларида бир кўзли циклоп бола тасвирланган видео тарқалган. “Циклоп бола ўзимизда туғилган экан”, дейди “Даракчи” газетаcига мурожаат қилган cамарқандлик Нодира Ибрагимова.

Ўзбекистон Республикаси ихтисослаштирилган акушерлик ва гинекология илмий маркази олий тоифали шифокори Ҳамида Мақсудова бундай маълумотга эга эмаслигини маълум қилган.

Бир кўзли чақалоқларнинг туғилиши фан учун янгилик эмас. Олий тоифали шифокор Ҳамида Мақсудовага кўра, организмдаги инфекциялар, шамоллаш, камқонлик, стресс ва буйрак касалликлари боланинг носоғлом туғилишига сабаб бўлади.

Бир кўзли ногирон болалар спиртли ичимликлар ва наркотик моддалар мунтазам истеъмол қиладиган ҳамда радиация миқдори юқори жойларда ҳаёт кечирадиган оилаларда туғилади. Циклоп-болалар организмида бошқа қусурлар ҳам кузатилади. Бу эса боланинг нормал ҳаёт кечиришига тўсқинлик қилади ва натижада у узоқ яшай олмайди.

“Тошкентда таниқли брендларни сохталаштирган тадбиркор қўлга олинди”

Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманида “Tide”, “Deni”, “Ariel”, “Миф” каби кўпчиликка таниш кир ювиш кукунларини қалбакилаштирган тадбиркор қўлга олинди (“Истеъмолчи”, 28 август).

Брендларни сохталаштирган тадбиркор исми ошкор этилмаган. Аммо яширин цех ижарага олинган уй ертўласида жойлашгани хабар берилган.
Сохта кукун ишлаб чиқариб сотган фуқаро лицензиясиз фаолият юритиш, шунингдек, вояга етмаган болаларни мардикор қилиб ишлатишда айбланмоқда.

“Тарвуз-қовун қачон бозорга қайтади?”

Тарвуз-қовунларнинг Тошкент шаҳридаги бозорлардан чекка ҳудудларга чиқариб юборилгани аҳолига ноқулайлик туғдирмоқда (“Новый век”, 29 август).
Бу ҳолат полиз экинларининг нархи кўтарилишига ҳам сабаб бўлмоқда. Уч йилдан буён тарвуз-қовунни шаҳар бозорларида эмас, чекка ҳудудларда сотиш тартиби амал қилмоқда.

Газетанинг ёзишича, авваллари бозор ҳудудида сотилгани сабабли тарвуз-қовун сифати назорат қилиб турилар эди. Эндиликда эса пана-пастқамда сотилаётган полиз экинларининг сифати текширилмаяпти, демак, уларнинг саломатлик учун хавфсиз эканига кафолат йўқ.

Мустақил нашр тарвуз-қовун савдосини яна бозорларга қайтариб, ҳам санитария назоратини олиб бориш, ҳам аҳолига қулайлик яратиш зарурлигини таъкидлайди.

“Иқбол Мирзо косиб-шоирларни танқид қилди”

Ўзбекистон халқ шоири Иқбол Мирзо фикрича, миллий эстрадада бизнес ва санъат аралашиб кетган. Ўртага пул аралашгани сабабли, санъат ва бозор қоришиб кетган (“Оила даврасида”, 29 август).

“Шу маънода ҳақиқий қўшиқларни, санъат асарларини яратишдан манфаатдорлик камроқдек туюлади... Бугун кўпчилик ўзини эстрадага урганлиги сабабли уларга шеър етказиб бериб бўлмай қолди. Шу сабабли, уларнинг ёнида юриб, шеър ёзиб берадиган, чақирган пайти студияга келиб турадиган косиб-шоирлар пайдо бўлди. Бу эса ижод одобининг бузилишига олиб келди”, дейди шоир Иқбол Мирзо.
XS
SM
MD
LG