Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 18:25

Дубайда ўзбекистонлик аёл устидан тергов бошланди


Дубай Бош прокуратурасининг кузатув камерасида қайд қилинган тасвир (Сурат Gulfnews.com сайтидан олинди).
Дубай Бош прокуратурасининг кузатув камерасида қайд қилинган тасвир (Сурат Gulfnews.com сайтидан олинди).

Дубай Бош прокуратураси биносида ўзини портлатишга таҳдид қилган ўзбекистонлик аёлнинг иши бўйича Дубай полицияси тергов бошлади. Маҳаллий нашр хабарига кўра, аёл портлатишга таҳдид қилган бомба ҳақиқий бўлиб чиқмагани туфайли Ўзбекистон фуқароси 7 йиллик қамоқ жазосига ҳукм этилиши мумкин.



Дубай Бош прокуратураси биносига беш яшар ўғли билан кириб Бирлашган Араб Амирликлари Бош вазири шайх Муҳаммад бин Рашид ал-Мақтум билан учраштиришни талаб қилган, акс ҳолда, белидаги портловчи модда билан тўла камарни портлатиб юборишга таҳдид қилган ўзбекистонлик аёл 7 йилгача қамоқ жазосига ҳукм этилиши мумкин.

Бу ҳақда Дубай судининг исми ошкор қилинмаган ҳакамига таяниб, Еmirates247.com нашри мухбири Муҳаммад Ал-Садафи хабар қилди.

2 сентябр куни Дубай полициясининг 13 соатлик амалиётидан сўнг 32 ёшли ўзбекистонлик Зелева Ҳимравия (Zeleva Himravia) ҳибсга олинган эди.

Қўлга олинганидан кейин аёлнинг ёнида ҳеч қандай портловчи мослама топилмаган.

Дубай суди ҳаками Еmirates247.com нашри мухбири Муҳаммад Ал-Садафий билан суҳбатда аёлнинг ёнидан топилган белбоғ сохта бўлгани учун унга Федерал Жиноят кодексининг 351-моддасига мувофиқ уч йилдан етти йилгача, 232-моддаси – давлат идораси расмийларига таҳдид қилиш ва улар ўз вазифаларини бажаришига ҳалал берганлик айблови бўйича бир ойдан уч йилгача қамоқ жазосига ҳукм этилиши мумкинлигини айтди.

Суд расмийга кўра, агар аёлнинг ёнида топилган портловчи белбоғ сохта бўлмаганида унга Жиноят кодексининг 193-моддаси, рухсатсиз портловчи моддага эга бўлганлик айби бўйича 15 йил, 195-моддаси – портловчи мосламадан фойдаланишга уриниш айби бўйича 15 йил ва ЖКнинг 196-моддасида кўзда тутилган давлат иншооти ва мулкини тахдид остига қўйиб портловчи моддадан фойдаланишга уринганлик айби бўйича 10 йиллик қамоқ жазоси белгиланиши керак бўлган.

Суддаги манбага кўра, бомба ҳақиқий бўлмагани учун ўзбекистонлик аёл кўпи билан 7 йиллик қамоқ жазосига ҳукм этилиши мумкин.

Журналист Муҳаммад Ал-Садафий Озодлик билан суҳбатда худкуш ўзини портлатишга таҳдид қилгани 200дан ортиқ давлат вакиллари яшаётган Бирлашган Араб Амирликларида биринчи воқеа бўлгани учун юқори лавозимли расмийлар эътиборини ўзига жалб қилганини айтди.

Ал-Садафийга кўра, ўзбекистонлик аёл устидан олиб борилаётган тергов жараёнини БАА Ички ишлар вазири ўз назоратига олган.

- Ички ишлар вазири Шайх Бин Заид Ал-Наҳян Дубайдаги воқеа юзасидан терговни ўз назоратига олди. Вазир полицияга аёлга нисбатан қўпол муомалада бўлмаслик ҳақида буйруқ берган, деди Ал-Садафий.

Дубай матбуотининг ёзишича, рус тилида сўзлаган аёл ёнидаги боланинг отаси Бирлашган Араб Амирлиги фуқароси эканини, ундан ўз фарзандини тан олишни талаб қилаётганини айтиб, бу борада Дубай расмийларидан ёрдам сўраган.

Хабарларга кўра, боланинг отаси Дубай марказий қамоқхонасида жазо муддатини ўтамоқда. Матбуотда унинг қамоққа олингани сабаблари маълум қилинмаган.

Муҳаммад Ал-Садафи Озодликка сўроқ қилиш учун полицияга олиб келинган эркак боланинг отаси экани ҳақидаги аёлнинг иддаосини инкор қилган.

Журналистга кўра, ўзбекистонлик аёл ўз оилавий муаммолари борасида аввал ҳам бир неча бор БАА Бош прокуратурасига мурожаат қилган.

Муҳаммад Ал-Садафи ўзбекистонлик аёл Дубайда қарийб 10 йил давомида ноқонуний равишда яшаб келган ва 5 ёшли боласи ҳам ҳеч қандай расмий ҳужжатга эга бўлмаганини қўшимча қилди.
XS
SM
MD
LG