Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 21:58

Жанубий вилоятларда пахта теримига “старт” берилди


Ўзбекистоннинг жанубий вилояти Сурхондарёда 5 сентябрдан пахта терими бошланди. Расмийларнинг айтишларича, 6 сентябрдан бошлаб жанубий туманлардаги корхона ва ташкилотлар ходимлари пахта теримига оммавий сафарбар этилади.

Маҳаллий ҳокимиятлар пахтага ҳайдаладиган ҳашарчиларни далага сафарбар этиш ишларини бошлаб юборди.

Исми сир қолишини сўраган Озодликнинг Жарқўрғондаги манбасига кўра, 5 сентябрдан бошлаб ҳашарчилар пахта теримига олиб кетилмоқда:

- Чўллардаги пахта майдонларига автобус-автобус қилиб олиб кетишаяпти. Ҳар бир корхонадан 10 кишидан ҳашарчилар гуруҳи тузилган, шулар кетишаяпти, деди жарқўрғонлик фермер ишчиси.

Унинг айтишича, Жиззах вилоятига олиб кетиш учун ҳам ҳашарчилар гуруҳи тузилмоқда:

- Менинг ўғлим Жарқўрғон нефтбазасида ишлайди. Уларга ҳам буйруқ бўпти, тайёргарликларингни кўринглар, Жиззахда пахта кўп, терадиган одам кам, ўша ёққа бир ойга олиб борамиз, дейишибди, дейди жарқўрғонлик манба.

Жарқўрғон тумани ҳокимлигининг ўзини таништирмаган мулозими ҳам асосий эътибор ҳашарчилар сафарбарлигига қаратилганини тасдиқлади:

- Бугун пахта теримига рухсат бўлди. Ташкилотлар, корхоналар уже бугундан пахта теримига чиқишни бошлади. Эртадан оммавий сафарбарлик бўлади, деди ҳокимлик мулозими.

Ўзбекистоннинг жанубий туманларида пахта теримига сафарбар этиладиган ҳашарчиларга жой тайёрлаш ҳомий ташкилотларга тақсимлаб берилди. Ҳар бир ташкилот ҳашарчиларнинг ётоқ жойини таъмирлаб, уларнинг қозонию самоваригача таъминлаши лозим.

Ўзбекистонда бу йил уч миллион тоннадан ортиқ пахта териш режалаштирилган. Бунча ҳосилни фермерлар ўз кучи билан йиғиб ола олмаслиги боис, ҳокимият пахта теримига корхона ва ташкилотлар ишчи-ходимлари, олийгоҳ, коллеж ва лицейлар талабаларини “ҳашарчи” сифатида мажбуран теримга жалб этади.

Кейинги икки йил давомида мажбурий болалар меҳнатини тўхтатиш борасида кучайган халқаро босимлар остида Ўзбекистон ҳукумати мактаб ўқувчиларини пахта йиғим-теримига оммавий жалб этмасликка ҳаракат қилмоқда.

Ўтган йили мактаб ўқувчилари пахта теримига олиб чиқилмади, болалар ўрнига давлат бюжетидан молияланадиган корхоналар, жумладан шифохоналар ходимлари ва мактаб ўқитувчилари далага ҳайдалди. Бу йил ҳам пахта теримида яна шу тадбирнинг қўлланилиши кутилмоқда.

Озодлик Тошкент шаҳридаги касалхоналар шифокору-ҳамшираларининг пахта теримига олиб чиқилиши ва улар маошларидан пул ушлаб қолинаётгани ҳақида хабар берган эди.
XS
SM
MD
LG