Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:24

Қўқондаги "дом"лар кўмир билан иситишга ўтмоқда


Ўзбекистон бўйлаб советлар даврида газлаштирилган маҳалла ва районларни қайтадан кўмир ва таппига қайтариш давлат дастури амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон бўйлаб советлар даврида газлаштирилган маҳалла ва районларни қайтадан кўмир ва таппига қайтариш давлат дастури амалга оширилмоқда.

Озодлик манбаларига кўра¸ Қўқоннинг Навоий массивидаги кўп қаватли уйларда яшайдиган аҳолидан қишки мавсум учун бир ярим миллион сўмдан маблағ йиғилaяпти. Расмийлар аҳолидан пул йиғилаётганини инкор қилар экан, қишки иситиш тизимини йўлга қўйиш, эски қозонхоналарни кўмир билан ишлашга мослаш ишлари олиб борилаётганини айтмоқда.

Қўқон шаҳар ҳокимлиги Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг қишки мавсумга тайргарлик кўриш ҳақидаги қарорини аҳоли ҳисобидан амалга оширишга қарор қилди.

Қўқон шаҳрининг Навоий массивида истиқомат қиладиган Озодлик манбасининг билдиришича, ҳар бир хонадон эгасининг ўз уйига иссиқлик ўтказилиши учун бир ярим миллион сўмдан тўлаши шарт қилиб қўйилган:

- Мажбурий. Ҳар бир хонадонга бир ярим миллион сўмдан пул тўплаб берасизлар, сизларга қишда уйларингни иситиб берамиз дейишаяпти. Бермасаларинг пенсияларингдан, болалар нафақасидан ушлаб қолинади, деб қўрқитаяпти. Булар ҳар бир домнинг ёнига қўлбола кўмирда ишлайдиган қозонхоналар ясаб, ўшанда сув иситиб уйларга олиб киришмоқчи экан. Лекин пули борлар бераяпти, аҳолининг асосий қисми эса бермаяпти. Домларни давлат ўзи қурган, ўзи таъминлаши керак, деб норози бўлаяпти одамлар. Ҳар куни домларни олдида жанжал ва тўполон, дейди Озодлик манбаси.

Касби математика ўқитувчиси бўлган бу манба, ҳар бир уйга ўтказиладиган иссиқлик батареяларига кетадиган харажатни хомчўт қилиб чиққани, йиғилаётган маблағнинг харажатдан анча кўп эканлигини айтади:

- Битта домда агар 56 та хонадон бўлса, 84 миллион сўм пул бўлади экан. Булар айтган нарсани 25 миллион сўмга қилса бўлади. Жуда нари борса¸ 30 миллион сўм бўлади. Булар эса шунча пул берасанлар¸ деб туриб олишган, дейди қўқонлик манба.

Қўқон шаҳрида истиқомат қиладиган Ҳасанжоннинг Навоий массивида яшайдиган акаси гаплариига таяниб айтишича, уйларга ўрнатилаётган иситиш батареяларининг ҳар бир қовурғаси 40 минг сўмдан баҳоланаяпти:

- Акамнинг айтишича, ҳар бир қовурғани 40 минг сўмдан¸ дейишибди. Тасаввур қилинг, агар тўрт хонага тўртта батарея қўйилса, унинг ҳар бирида саккизтадан қовурғаси бўлса, ҳаммаси 32 қовурға бўлади. Шунинг ўзи бир миллион 280 минг сўм бўлаяпти. Аксарият одамларнинг бунча пул тўлаш имкони ҳам йўқ ҳозир. Агар бир домда 48 та хонадон бўлса, ўшандан саккизтаси ўрнатаяпти, ҳозир. Қолгани пулимиз йўқ¸ деб турибди, экан, дейди Ҳасанжон.

Қўқон шаҳар ҳокимлигининг ўзини таништирмаган мулозими Озодлик билан суҳбатда одамлардан мажбуран пул ундирилаëтганини инкор қилди. Мулозимга кўра, ҳокимлик аҳолининг қишдан яхши чиқиши учун ғамхўрлик қилаяпти, холос:

- Ҳеч ким бир ярим миллиондан пул йиғилсин деган топшириқ бермаган. Бунақа бўлиши мумкин эмас. Бу одамларнинг эҳтиёжлари учун қилинаётган нарса. Махсус котелнийлар қурилаяпти. Эскилари янгиланаяпти, қишга тайёргарлик кўрилаяпти, деди Қўқон шаҳар ҳокимлигининг ўзини таништирмаган мулозими.

Ўзбекистонда қишки мавсумга тайёргарлик давомида икки йилдан буён газдан кўмирга ўтиш ҳақида Вазирлар Маҳкамасининг махсус қарори чиқмоқда.

Расмий маълумотларга кўра, Ўзбекистонда йилига 60 млрд. метр куб ҳажмида газ қазиб олинади. Бунинг 17 миллиарди Россия, 4 миллиарди Қирғизистон ва Тожикистонга экспорт қилинади.

Ўтган йилнинг 2 мартидан бошлаб ўзбек гази Хитойга ҳам узатила бошланди. Хитойга қанча газ узатилаётгани номаълум, аммо 2011 йилги шартномада йилига 10 миллиард метр куб газ узатишга келишилган.

Қазиб олинаётган табиий газнинг қолган қисмининг мамлакат ички эҳтиёжига сарфланиши айтилади.
XS
SM
MD
LG