Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 11:10

"Пахтага бормайдиганларга мардикор топиб берамиз!"


Бу йил тошкентлик теримчилар пахтага бориш ўрнига мардикорга "хизмат ҳаққи" йиғиб беришни афзал кўрмоқда.
Бу йил тошкентлик теримчилар пахтага бориш ўрнига мардикорга "хизмат ҳаққи" йиғиб беришни афзал кўрмоқда.

Тошкент шаҳридаги меҳнат биржалари қошида пахта теримига боришни истамаганлар учун мардикор ёллаб берадиган воситачи гуруҳлар шаклланмоқда. Яккасарой туманидаги жамоат ташкилотларидан бирига хизматини таклиф қилган бундай гуруҳ Қашқадарё ва Сурхондарёдан кунига 30 минг сўмдан теримчи топиб беришни ваъда қилмоқда.


Тошкент шаҳри Яккасарой туманидаги Давлат Санитария-эпидемиология хизмати ходимлари 14-15 сентябрдан Жиззах вилоятининг Дўстлик туманига пахта теримига ҳозирланмоқда.

Хизматнинг ўзини таништирмаган ходимига кўра, биринчи гуруҳга киритилган ҳамкасблари 15 кунга кетади.

"14-15 сентябр - икки кун ичида жўнатиладида бизнинг ташкилотдан. Биринчи партияда 15 киши кетяпти. Булар 15 кунда келади. Кейин уже иккинчи партиямиз кетади", деди ташкилот ходими Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда.

Худди шу идорада ишлайдиган, аммо исмини очиқламаслигимиз шарти билан Озодликка маълумот берган бир ходимга кўра, Тошкент шаҳридаги барча Давлат Санитария-эпидемиология хизматларига 20 кишини пахта теримига чиқариш ҳақида Тошкент шаҳар ҳокимиятидан буйруқ келган.

Бу ходим нафақат Санитария-эпидемиология хизматлари, балки Тошкент шаҳридаги барча бюджет ташкилотлари, жумладан, шифохона, маиший хизмат кўрсатиш ва ишлаб чиқариш корхоналарига ходимларининг 16 сентбярда далада бўлишини таъминлаш мажбурияти юкланганини айтди.

9 сентябр куни Тошкент шаҳридаги боғча ва мактабларга ҳам техник ходимларни пахта теримига ҳозирлаш ҳақида буйруқ келгани айтилган эди.

10 сентябр куни Озодлик мухбири аниқлаган энг муҳим тафсилот эса пахта теримига чиқишни истамаган давлат ташкилотлари ходимларига мардикорларни ёллаб берадиган "ўртакашлар" хизматининг шаклланганидир.

Хусусан, Яккасарой туманидаги Давлат Санитария-эпидемиология хизматига мардикор ёллаб беришни ваъда қилган "ўртакаш" шахсга мижоз бўлиб боғланган Озодлик мухбири шу мазмундаги жавобни олди:

"Биз ҳам у одамларга (мардикорлар - Таҳр.) через ҳокимият чикамиз. Ўзимизгаям ҳозир 4та мардикор керак. Сизга чиққан ҳокимиятга мурожаат қилишни маслаҳат бераман. Улар бормаслик учун йўлини қилиб беришади, пулига чидасангиз бўлди. 30 мингдан 60 мингача бўлиши мумкин. Гаплашишимизга боғлиқ", деди исмини ошкор қилмаётганимиз шахс.

Унинг сўзларига кўра, у ва унга ҳамкорлик қилаётган ҳокимият вакиллари топиб берадиган мардикорлар кунига энг камида 30 минг сўм пул сўрамоқда.

Унинг сўзлари мазмунидан мардикорлар ҳозирданоқ "эгаллаб олиняпти", шунинг учун ҳадемай 30 минг сўмга топиб бўлмай қолади.

Бундай "ҳожатбарор" гуруҳларнинг ўтган йилги фаолиятини ҳам кузатган ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари фаоли Абдулло Тожибой ўғли улар мардикорларни Меҳнат биржаларидан ёллашини айтади.

- Маридкор бозорлари мавжуд жойларда Меҳнат биржалари ташкил қилинган. Бунақа ўртакаш гуруҳлар Меҳнат биржаларига борадида, биржани аралаштирмасдан, ўша ерда йиғилган мардикорларни ёллайди. Ўтган йили биз шунақа ўртакашлардан куйган мардикорларга ёрдам берган эдик,- дейди Абдулло Тожибой ўғли.

Ҳуқуқ фаолининг сўзларига кўра, ўтган йили шифокорлар ўрнига одам топиб беришни ваъда қилган ўртакашлар пахта теримига чиққан мардикорларга пулни бермаган.

- Биз аралашиб, қидириб-топиб, пулини олиб берган эдик. Бу йил энди шу шанба-якшанбадан яна мардикорларни оммавий ёллаш бошланади, деб кутиб турибмиз, - дейди Абдулло Тожибой ўғли.

Аммо ўртакашларга 10 кунлик терим учун 300 минг сўмдан 600 минг сўмга қадар пул беришни истамаганлар ҳозирданоқ мардикор бозорларига тушиб, нарх-навони суриштирмоқда.

Тошкент шаҳрининг Чорсу бозоридаги Меҳнат биржасида ишсиз сифатида рўйхатдан ўтган самарқандлик мардикор бугун эрталабдан пахта теримига одам қидириб давлат ташкилотлари ишчилари кела бошлаганини айтди.

- Бугун биттаси келди, қизимнинг ўрнига борасизми, деб. Қизи дўхтир экан. 50 минг сўмдан, деган эдик, индамай кетди. Шанбадан кетиш керак экан, яна келарман, деди,- дейди самарқандлик йигит.

Шунингдек, бу йигит пахта теримига одам сўраб келаётганларнинг сафи ҳали анча сийраклиги, яхшилаб тортишилганда, 30-35 минг сўмга ҳам мардикор ёллаш мумкинлигини айтди.

Ҳозирча пахтага одам ёллаш ниятида келаётган ишчилар Жиззах вилоятининг Дўстлик, Арнасой, Пахтакор туманларига ётоққа кетиш учун мардикор сўрамоқдалар.

- Майли мен 30-35 минг сўмга бўлса ҳам ётоққа бораверааман. Фақат менга пулини олдиндан бериш керак, чунки қарзим бор. Пулни оламан, паспортимни қўлига бераман, келгандан кейин оламан, - дейди самарқандлик йигит.

Шу тариқа 10 сентябр куни Тошкент шаҳридаги давлат ташкилотлари, иш қидирб юрган мардикорлар ва мустақил манбалардан олинган маълумотларга кўра, шаҳарликлар 14-15 сентябр кунлари Жиззах ва Сирдарё вилоятига жўнаб кетадилар.

Ҳар бир ташкилотга одам сонига қараб, 5 нафардан 20 нафарга қадар теримчини пахтага йўллаш мажбурияти юкланган.

Боришни истамаганларга эса маҳаллий ҳокимликлар қўлловида ишлаётган ташкилотчи "ўртакаш"лар 300 минг сўмдан 600 минг сўмга қадар пул беришни таклиф қилмоқда.

Озодликка келиб тушган маълумотларга кўра, пахта терими ҳозирча Сурхондарё, Навоий ва Жиззах вилоятларида бошланган.

10 сентябр кунги маълумотларга кўра, республика бўйлаб оммавий пахта терими 16 сентябрдан бошланади.

Озодликнинг Тошкентдаги мустақил манбаси берган маълумотга кўра, куни кеча ўтган ҳукумат йиғилишида Ўзбекистон Бош вазири маҳаллий ҳокимликларга амалдорларни пахта теримини кечирктириб юборгани учун қаттиқ дашном берган.

Шу боис, расмий ташкилотлар, нафақат давлат ва жамоат ташкилотлари, ҳатто, маҳаллаларга ҳам кунига 5 нафардан теримчини пахта чиқариш мажбуриятини юкламоқда.
XS
SM
MD
LG