Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 02:15

АҚШ ва Россия Сурия бўйича музокараларни бошлади


АҚШ ва Россия Ташқи ишлар вазирлари Жон Керри ва Сергей Лавров.
АҚШ ва Россия Ташқи ишлар вазирлари Жон Керри ва Сергей Лавров.
Бугун Женевада АҚШ ва Россия Ташқи ишлар вазирлари Сурия ҳукуматига қарашли кимёвий қуролларни халқаро ҳамжамият назоратига ўтказиш бўйича музокараларни бошлайди. Россия кимёвий қуролларини назоратга олиш ташаббусини илгари суриши ортидан президент Барак Обама маъмурияти бу борада музокаралар давом этаётган пайтда Сурияга қарши ҳарбий ҳужумни кечиктириб туришини эълон қилди. Айни пайтда, Женева музокаралари бошланиши арафасида Россия Президенти Владимир Путин АҚШнинг Сурияга ҳужум қилиши жаҳон тартибини остун-устун қилишидан огоҳлантирди.


АҚШ Давлат котиби Жон Керри россиялик ҳамкасби Сергей Лавров билан Сурия кимёвий қуролларини халқаро назоратга ўтказиш масаласини муҳокама қилгани Женевага етиб келди.

Икки кун давом этадиган музокараларда Россия ва АҚШнинг кимёвий қуроллар бўйича мутахассислари ҳам қатнашади.

Дамашқ режими ўз ихтиёридаги кимёвий қуролларни халқаро ҳамжамият назоратига топширишга розилик берган. АҚШ Президенти Барак Обама эса бу борада музокаралар давом этаётган пайтда Сурияга қарши ҳарбий ҳужумни кечиктириб туришини эълон қилган.

Пайшанба куни Остонада қилган чиқишида Лавров Сурияда тинчлик ўрнатиш учун имконият ҳали ҳам бор ва жаҳон уни қўлдан бой бермаслиги лозим, дея таъкидлади.

Лавров америкалик ҳамкасби Керри билан музокаралар чоғида Сурия бўйича халқаро конференция масаласини кўтаришини маълум қилди.

- Биринчидан, Женевада жаҳон миқёсида қўллаб-қувватланаётган ташаббусни муҳокама қиламиз. Яъни Сурия Араб Респубкликасига қарши ҳарбий куч ишлатилишининг олдини олиш мақсадида Суриянинг ўз ихтиёридаги кимёвий қуроллар арсеналини халқаро назорат остига олишга розилик берганига оид масалани, деди Лавров.

Жон Керри Вашингтондан жўнаб кетишидан бироз аввал АҚШ Давлат департаменти матбуот вакили Жен Саки: “Ҳозир асосий мақсадимиз бу таклифнинг жиддийлигини ўрганиш, буни амалга ошириш йўллари, кимёвий қуролларни аниқлаш, хавфсизлигини таъминлаш ва охир-оқибатда уларни йўқ қилиш механизмларига оид тафилостлар ҳақида гаплашишдир”, дея таъкилади.

Женева музокаралари бошланиши арафасида Россия Президенти Владимир Путин “The New York Times” газетасида эълон қилинган мақоласида АҚШнинг Сурияга қарши ҳарбий ҳужуми жаҳон тартибини остун-устун қилиб юбориши ва “террорчиликнинг янги тўлқинига сабаб бўлиши” мумкинлигидан огоҳлантирди.

АҚШнинг нуфузли газетасида қилган чиқишида Путин, ҳарбий интервенция “Эрон ядровий муаммоси ва Исроил-Фалатсин можаросини ҳал қилишга қаратилган халқаро уринишларга путур етказиши ҳамда Яқин Шарқ ва Шимолий Африкадаги вазиятни янада беқарорлаштириши” мумкинлигини таъкидлади.

Айни пайтда, пайшанба куни Истанбулда чиқиш қилган Туркия Бош вазири Ражаб Тоййиб Эрдўғон, Сурия Президенти Башар Ассад кимёвий қуролларни халқаро назоратга ўтказиш бўйича мажбуриятларни бажаришига шубҳа билдирди.

- Биз кимёвий қуроллар масаласида Ассадга ишонмаймиз. Ҳозирда етти миллион одам ўз жойларидан кўчирилган ва Сурия режими қатлиомни давом эттиради, деди Эрдўғон.

Кимёвий қуролларни халқаро ҳамжамият назоратига ўтказиш ташаббуси мухолифатдаги Сурия Миллий коалицияси томонидан Ассад режимини АҚШ ҳужумидан сақлашга қаратилган “сиёсий манёвр” дея рад қилинди.

Озод Сурия армияси етакчиси Салим Идрис Ассад ва унинг иттифоқчиси Россияни ёлғончиликда айблади. Пайшанба куни Al-Jazeera телеканалига берган интервьюсида Сурия мухолифати вакили: “Биз зарба берилишига чақирамиз ва халқаро ҳамжамиятни режим ёлғончилигидан огоҳлантирамиз ва ёлғончи Путин унинг устозидир”, дея таъкидлади.
XS
SM
MD
LG