Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 12:29

Юқоричирчиқдаги қозоқ қишлоғининг бузиб ташлангани тасдиқланмади


Хитойтепа қишлоғида бузилиб, янги қурилаётган уйлар
Хитойтепа қишлоғида бузилиб, янги қурилаётган уйлар
Қозоғистон ахборот агентликлари Тошкент вилоятининг Юқоричирчиқ туманида қозоқлар муқим яшаган Хитойтепа маҳалласи бузиб ташлангани ҳақида ёзди. Хабарга кўра, бу уйлар аҳоли розилигисиз бузиб ташланган ва одамлар чодирларда яшамоқда. Бироқ Юқоричирчиқ тумани ҳокимлиги бу хабарни рад этиб, уйлари бузилишга тушган одамларга товон пули берилгани ва улар янги уйлар қураётганини айтмоқда.

Қозоғистон телеграф агентлиги тарқатган хабарга кўра, Тошкент вилоятининг Юқоричирчиқ туманидаги қозоқлар муқим яшаётган қишлоқ бузиб ташланган.

“Хитойтепа посёлкасида қозоқлар яшаган. Ёшлар Қозоғистонга кетиб қолган, қишлоқда фақат қариялар қолган. Бутун бир қишлоқ булдозер билан суриб ташланди. Одамларни эса кенг далага чиқариб, чодир тутиб беришди, улар ўша жойда яшамоқда. Барча ишлар аҳолининг рухсатисиз қилинган ва одамларга бу ҳақда гапириш тақиқланган”, деб ёзади ҚозТАГ.

Хитойтепа маҳалласига бориб, бу жараённи бевосита кузатган Эзгулик жамияти фаоли Абдураҳмон Ташановга кўра, маҳаллий ҳукумат фақат қишлоқдаги йўл ёқасида жойлашган уйларни бузган:

- Қишлоқнинг асосий уйлари жойида турибди, фақат йўл четидаги уйлар бузилиб, икки қаватли қилиб қурилаяпти. Биринчи тахмин шундаки, бу уйлар Тошкент-Чорвоқ автомобил трассаси ёқасида жойлашган. Президент шу томонларга ўтганда кўзи тушганда намунавий уйларни кўрсин, деб қилишаяпти. Иккинчидан, эса ҳукумат вакиллари бу уйлар бузилишини ободонлаштириш дастури билан изоҳламоқда, дейди Абдураҳмон Ташанов.

Ҳуқуқ фаолига кўра, бузилган уйлар орасида нафақат қозоқ¸ балки ўзбек оилалари уйлари ҳам бор:

- Бу ерда уйлари бузилган одамларнинг бузилишларга нисбатан фикри ҳам ҳар хил. Мен гаплашган одамлар орасида эски уйлари бузилиб янги бўлаётганидан хурсанд бўлганлар ҳам бор, товон пулидан норози бўлиб шикоят қилиб юрганлар ҳам бор. Айрим оилаларнинг палаткаларда яшаб турганларини ҳам кўрдим, деди Абдураҳмон Ташанов.

Хитойтепа қошлоғи бутунлай бизиб ташланмади
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:50 0:00


Юқоричирчиқ тумани ҳокимиятининг ўзини таништирмаган мулозими Озодлик билан суҳбатда, уйлари бузилишга тушган аҳолига етарли товон пули ва ер берилганини айтди:

- Хитойтепада ҳақиқатан уйлар бузилган, лекин аҳолига ер ажратилган ва кўрилган зарар ҳисоблаб чиқилиб, тўланган. Уларнинг асосий қисми уже уйли-жойли бўп кетган. Ҳеч ким кўчада қолмаган. Баъзилари палаткада бўлиши мумкин, лекин улар уй қурилиши тугашини кутаётганлар бўлиши мумкин. Уйи бузилган ҳар бир хонадонга 50-60 миллион сўмдан товон пули берилган, деди ҳокимлик мулозими.

Хитойтепа қишлоғи
Хитойтепа қишлоғи
Озодлик мухбири Хитойтепадаги вазиятга Қозоғистоннинг Тошкентдаги элчилиги муносабатини билиш мақсадида элчихона билан боғланди. Ўзини элчининг котиби Ербол деб таништирган ходим бу воқеадан хабари йўқлигини айтди. Бироқ, Озодликнинг қозоқ хизмати олган маълумотга кўра, элчихона илтимоси билан Тошкентдаги Қозоқ маданият маркази вакили Хитойтепа қишлоғига бориб вазият билан танишган ва вазият ҳақида Тошкентдаги Қозоғистон элчихонасини хабардор қилган. Айтилишича¸ Қозоқ маданият маркази фаоли Хитойтепа қишлоғи бутунлай бузиб ташланганини инкор этиб, йўл ёқасида уйлари бузилган аҳоли маҳаллий ҳукумат томонидан рози қилинганини айтган.

13 сентябр куни Қозоғистондаги Zakon.kz Интернет сайти ҳам Қозоғистон телеграф агентлиги тарқатган маълумот нотўғри эканлиги ҳақида хабар тарқатди.

Сўнгги йилларда Ўзбекистон шаҳарлари ва туман марказларининг марказий кўчаларини ободонлаштириш лойиҳалари натижасида ўнлаб оилалар кўчада қолди ёки арзимаган товон пули эвазига уйини бўшатишга мажбур бўлди.
XS
SM
MD
LG