Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:06

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” яна нархини оширди


“Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси 15 сентябрдан бошлаб пойтахтдан вилоят марказларига учадиган самолёт чипталари нархини ўртача 10 фоизга оширди. Айни йўналишлардаги чипталар нархлари шу йил бошида ҳам 20 фоизга ошган эди.


“Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси 2013 йил 15 сентябрдан бошлаб Тошкент шаҳридан вилоят марказларига парвоз қиладиган самолёт чипталари ва багаж учун тарифларни ўртача 10 фоизга оширди.

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпаниясига қарашли касса ходимларидан бири Озодлик билан суҳбатда чипталар нархи ошганини тасдиқлади, аммо сабабларини изоҳлай олмади.

- Ҳа, чипта нархи 10 фоизга ошди. Нархлар ошиши сабабини бизга тутунтиришмайди. Бизга мактуб келади. Сабаби кўрсатилмайди, деди ўзини таништирмаган авиакасса ходими.

“Ўзбекистон ҳаво йўллари”нинг Интернетдаги расмий сайтида чоп этилган эълонда чипталар нархининг ошиши фақат Тошкент-Урганч-Тошкент йўналишига тегишли эмаслиги билдирилган.

Айни пайтда, авиакомпанияси кассири Озодликка шу кунларда Тошкент-Самарқанд-Тошкент йўналиши бўйича авиачипталар арзон нархда сотилаётганини қўшимча қилди.

- Тошкент-Самарқанд чипталари ҳозир акция бўляпти. 90 минг сўм бориш-қайтиш. Самарқандга самолёт почти ҳар куни бор. Бу нарх 1 ноябргача бўлади, деди “Ўзбекистон ҳаво йўллари”га тегишли авиакасса ходими.

"Ўзбекистон ҳаво йўллари" миллий авиакомпанияси ўтган йилнинг 20 ноябридан 31 декабригача Тошкент-Самарқанд-Тошкент рейслари учун чипталар нархини икки баробарга арзонлатган эди. Бу авиаширкатнинг “Афросиёб” тезюрар поезди билан рақобатга дош бера олмагани билан изоҳланган эди.

“Ўзбекистон ҳаво йўллари”га тегишли авиакасса ходимига кўра, 15 сентябрдан янги тариф бўйича бир йўловчига Тошкент-Бухро-Тошкент йўналиши бўйича авиачипта нархи 290 минг сўм, Тошкент-Термиз-Тошкент йўналиши бўйича 344 минг сўм, Тошкент-Наманган-Тошкент йўналиши бўйича авиачипта нархи 254 минг сўмни ташкил қилмоқда.

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиаширкати 2013 йилнинг 10 январидан бошлаб маҳаллий ва халқаро йўналишлар бўйича авиачипталар нархини 20 фоизга оширган эди.

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси 15 июлдан Россияга учаётган Ўзбекистон резидентлари, жумладан, фуқароларига ҳам авиачипталарни фақат АҚШ долларига сотмоқда.

Ҳозир Тошкентдан Москвага бир томонга самолёт чиптасининг нархи тахминан 330 АҚШ долларини ташкил қилмоқда.

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” самолётлари маҳалллий рейслардан ташқари дунёнинг қирқдан зиёд шаҳрига парвозларни амалга оширади.

Расмий маълумотларга кўра, ўтган йилнинг тўққиз ойи мобайнида “Ўзбекистон ҳаво йўллари” 18 минг 517 та рейсни амалга оширган.
XS
SM
MD
LG