Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 22:34

Пахтада 16 ёшли қиз ҳалок бўлганидан БМТнинг хабари бор, лекин...


Ўзбекистонда пахта мавсумини мониторинг қилаётган Халқаро Меҳнат ташкилоти экспертларига маҳаллий расмийлар ҳамроҳлик қилмоқда.
Ўзбекистонда пахта мавсумини мониторинг қилаётган Халқаро Меҳнат ташкилоти экспертларига маҳаллий расмийлар ҳамроҳлик қилмоқда.

Халқаро Меҳнат ташкилоти Ўзбекистонда бошланган пахта мавсумининг илк кунларида 16 ёшли ўқувчи қиз ҳалок бўлганидан хабардор, лекин бу ҳақда ҳозирча изоҳ бермайди. БМТ қошидаги ташкилот мутахассислари шу кунларда пахта мавсумида болалар меҳнатидан фойдаланилиши олдини олиш мақсадида мониторинг ўтказиш учун Ўзбекистонга сафар қилмоқда. Лекин ҳуқуқ фаоллари халқаро кузатувчиларга маҳаллий расмийларнинг ҳамроҳлик қилиши вазиятга холис баҳо берилишига ҳалақит беришидан хавотир билдирмоқда.



Халқаро Меҳнат ташкилоти Женевадаги бош қароргоҳи вакили Озодлик билан ўзаро суҳбатда 9 сентябр куни Қашқадарё вилоятида 16 ёшли ўқувчи қизнинг фожеавий ўлимидан ташкилотнинг хабари борлигини тасдиқлади. Лекин, суҳбатдошимиз, бунга оид саволлар билан Ўзбекистондаги миссия фаолятини ташкиллаштираётган мутасаддиларга мурожаат қилишимзни тавсия қилди.

БМТ қошидаги ижтимоий адолат ва меҳнат ҳуқуқлари масалалари билан шуғулланадиган тузилма миссиясининг Ўзбекистонга сафарини ташкил қилиш билан шуғулланаётган Ольга Богданова эса бу ҳодисадан бехабарлигини айтади. Богданова хоним Озодлик сўровига юборган ёзма жавобида, бу мавзуга тўхталмади.

Халқаро Меҳнат ташкилотининг яна бир мулозими Ҳанс фон Роланд ҳам “экспертларимиз минтақага сафар қилмоқда, лекин ҳозирча ҳеч қандай изоҳ бермай туришга қарор қилдик”, деган жавоб билан чекланди.

Жаноб фон Роланд ҳам пахта терими мавсумида иштирок этган 16 ёшли Мухлиса Ражабованинг ўлимидан хабари йўқлигини билдирди.

Қашқадарёнинг Қарши туманида пахта йиғим-теримида қатнашаётган 16 ёшли Мухлиса Ражабова 9 сентябрь куни электр токи уришидан ҳалок бўлганини Озодликнинг Қашқадарё вилояти прокуратурасидаги манбаси тасдиқлаган эди.

ХМТ расмийлари юборган ёзма жавобда айтилишича, ташкилот экспертларининг фаолияти асосан Ўзбекистонда пахта етиштиришда болалар меҳнатидан фойдаланилишининг олдини олишга қаратилади.

Ўзбекистонда болалар ва катталар мажбурий меҳнатидан фойдаланишга қарши курашиб келаётган Cotton Campaign халқаро ташкилотининг Вакили Мэтью Фишер Дэли 16 ёшли ўқувчи қизнинг пахта теримида қатнашаётиб ҳалок бўлгани фактининг ўзи болалар меҳнати муаммоси борлигини кўрсатади, дейди.

- Халқаро меъёрларда болалар меҳнати ва болалар меҳнатининг энг ёмон кўриниши, деган тушунчалар бор. Энг ёмон кўринишдаги болалар меҳнатига 18 ёшгача бўлган болалар ҳаёт учун хавф туғдирувчи меҳнат тури билан шуғулланиши киради. Ўзбекистон қонунларида пахта териш ҳаёт учун хавфли меҳнат тури, деб топилган. Яъни 18 ёшгача бўлган ҳар қандай бола пахта тераётган бўлса, болалар меҳнатининг энг ёмон кўриниши ҳисобланади, дейди Cotton Campaign вакили.

Ўзбекистонда пахта мавсумини мониторинг қилаётган Халқаро Меҳнат ташкилоти экспертлари далаларга вазиятни ўргангани чиққанларида, уларга маҳаллий расмийлар ҳамроҳлик қилмоқда. Озодликка келаётган кўплаб хабарларга кўра, теримчилардан ўз хоҳишимга кўра, пахта теряпман, деган мазмунда тилхат ёзиб беришга мажбурланмоқда.

Бу вазиятда халқаро мониторинг самара бериши шубҳа остида қолмоқда ва аксинча келгусида Ўзбекистон ҳукуматининг мажбурий меҳнат муаммосини хаспўшлашига ҳисса қўшиши мумкинлигига оид хавотирларга сабаб бўлмоқда.

Мэтью Фишер Дэли гапиради:

- Халқаро Меҳнат ташкилоти вакиллари жойдаги вазиятдан хабардор, деб умид қиламиз. Биз улар билан маълумот алмашиш учун мулоқот ўрнатишга ҳаракт қилмоқдамиз. Улар бундай мониторингни амалга оширишда қабул қилинган протоколларга амал қилишади. Афсуски, Ўзбекистон ҳукумати йиллар давомида мазкур муаммони мониторинг қилишга уринган фуқароларни, мустақил кузатувчиларни таъқиб қилиб келган. Лекин Халқаро меҳнат ташкилоти миссиясиси натижа беришига умид қилиб турибмиз, дейди Cotton Campaign ташкилоти вакили Мэтью Фишер Дэли.

Халқаро Меҳнат ташкилоти баёнотида айтилишича, Ўзбекистондаги пахта мавсуми мониторингида экспертларнинг саккиз гуруҳи иштирок этади. ХМТ миссиясининг якуний ҳисоботи қачон чиқиши эса ҳозирча номаълум.
XS
SM
MD
LG