Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 18:06

Ўш дафтари – 2013: Тош босган эркинлик


Эркинликнинг нашъаси тандирчигаям ётмас.
Эркинликнинг нашъаси тандирчигаям ётмас.

Суҳбатларнинг жонони – чойхона суҳбати.

Айниқса, Ватанга уч йилда қайтган мендай бир журналист учун Юрт томирини ушлаб кўриш, ватандошлар кайфиятини ҳис қилиш имконидир чойхона суҳбати.

Ҳеч нарса тўғрисидадай, бир қарашда, чойхона суҳбати.

Чунки ҳар нарса тўғрисидадир у – мавзулар чексиз:


кузда инқилоб бўладими-йўқми; Сурияга Америка ҳужум қиладими-йўқми; Атамбоев яхши президентми ё аввалгилари яхшироқмиди; Ўзбекистоннинг чегараси очиладими-йўқми; Қирғизистон Божхона иттифоқига киргани маъқулми, кирмаганими; Ўшда нима учун тарвузга қараганда қовун икки баравар қиммат; шаҳар ҳокими фалон маҳаллага бориб нима деди, нима учун бундай деди – балки сайловолди ҳийласидир; нима учун усталарнинг оғзи қаттиқ бўлиб кетди (иш ҳақини кўп сўраяпти); телеканалларнинг қайсинисига ишонса бўладию қайсинисини кўрганда эҳтиёт бўлиш керак...

Қараб турсам ошналарим – ўшликларнинг тегинмаган темаси йўқ. Депутат Текебаев тунов куни нима дедию мухолифатдаги Мадумаров қандай амалга учди – ўшлик ҳаммасидан хабардор.

Чойхона суҳбатларида бот-бот қайтиладиган яна бир мавзу - уруш мавзуи. (Ўшликлар 2010 йил, июнь воқеаларини, одатда, жўнгина “уруш”, деб атайди.)

Урушни эслар экан, ҳеч ким оҳ-воҳ қилмайди. Аксинча, кўпинча суҳбатнинг гулига айланади бу мавзу. Ўртоқларим ўша тўполон кунлардаги у ёки бу воқеани эслар экан, фақат кулади. Бир қарашда ғайритабиий кўринадиган бу ҳолатни, агар мен руҳшунос бўлганимда, “миянинг ўзини ўзи ҳимоялаш воситаси”, деган бўлардим. Лекин руҳшунос эмасман, шунинг учун индамай қўя қоламан.

Ўшликлар яхши кўрган мавзуларидан яна бири будир: ҳаёт қўшниларда (Ўзбекистонда) яхшироқми ё ўзимиздами?

- Уларда яхшироқ, - деди ошналаримдан бири, қадди нозик, қаддидан-да таъби нозик cавдогар Нозим, - бир вақтлар кетмонни сопини валасапитининг эгари остидан ўтказиб, хотинини орқа ғилдирак устига ўтқазиб, далага жўнайдиган деҳқоннинг уйида бугун камида учта машина бор.

- Деҳқон дема-е, фермер де! Деҳқоннинг аҳволи ундай эмас, - жеркиб беради Нозимни уста Шарип, ўша фермерингнинг қўлида ишлайдиган бечора деҳқоннинг қўли пул кўрмайди.

“Йигит кишига қирқ ҳунар оз” деган нақлни биринчи бўлиб мен айтганман, деб иддао қиладиган Шарип. ШариФ эмас, ШариП, деб адашмадим. Унинг саратонда оқ ёғ сотган магазинчикидай қорайиб кетган қотма қаддини бир кўрган киши ёқасини ушлаб: “Э тавба, арматурадан ҳам одам ясаса бўлар экан-а?!” дейиши аниқ. Шунинг учун унга юмшоқ “Ф” ярашмайди. “П” дуруст.

Баҳслашувчи томонларнинг ҳар бири ўзиникини маъқуллайди. Нозим у ёнимда, Шарип бу ёнимда. Нозимдан-ку, кўнглим тўқ. Лекин Шарипдан ҳадик қилиб ўтирибман. Ора-сира унинг қўлидаги пиёлага кишибилмас қараб қўяман. Баҳс қизиб, Шарип жаҳл отига минволсаю Нозимга чой сочворса, куйиб қолмай, деб эҳтиётимни ўйлайман...

- Хў-ўш, - дедим мен ҳам гапга аралашиб, (ахир баҳсни тўхтатишим, ўшликларга кўз-кўзлаш учун Прагадан кийиб келганим оппоқ кўйлакни чой доғидан сақлашим керак-ку!) - умуман олганда, кимнинг ҳаёти яхшироқ – анжанликникими, ўшликникими?

- Ўшликники, - деди Нозим.

Боядан бери Ўзбекистонни мақтаётган оғайнимдан кутмагандим бу гапни.

- Қизиқ, ахир ўзинг ҳозиргина анжанликнинг уйида учтадан машина бор, демаётганмидинг?

- Машиналари бору эркинлиги йўқ, - деди Нозим.

- Анжанлик учта ошнасининг орасида гапиришдан олдин телефонининг симкасиниям чиқариб қўяди. Сиёсатга тегиниб кетса, эртасига ё кўричаги ёрилиб кетади ё жигари цирроз бўлиб қолади, - деди охир-оқибат баҳс ўз фойдасига тугаётганини сезган Шарип мағрур.

Гап тамом – вассалом, дегандай қилиб, Шарип совуб қолган чойини бир кўтариб, ўрадай оғзига қуйди-да пиёлани тақ этиб усталга қўйди.

***

“Қиз ўртоқ”ларимнинг эркинлик тўғрисида гапиришлари мени қанчалик ҳайрон қолдирмасин, чойхона дастурхонидаги нон увоқлари билан бирга қоқилиб – унутилиб кетадиган бу баҳс орадан икки кун ўтиб, Аравоннинг Чорбоғидаги чойхонада, аниқроғи, ишхонаси чойхонага қўшни тандирчилар билан гурунгда эсга тушди.

Аравонда бир анжирхўрлик қилишсин, деб олиб борганим бир микробус хотин-халажни чойхонага тушириб, аччиқ кўк чой билан чанқоқни босдиму тандирчилар олдига ўтдим.

Салом-алик. Бола-чақа. Эчки-улов. Гўшт нархи. Ёғ нархи. Хуллас, икки нотаниш ўзбек ногаҳон учрашиб қолганда суҳбат ўти ўчмасин учун айтиладиган гаплар.

Таътилдаман: газета ўқимайман, телевизор кўрмайман, радио эшитмайман, деб ўзимга ўзим сўз бериб қўйганимга қарамай, беш-ўн дақиқалик суҳбатдошим – тандирчига лой қориб бериш учун ёлланган, кўринишидан ёши 40 дан ўтиб қолган Мирзоҳидга бераётган саволларим бир боғдан, бир тоғдан эмас, балки унинг ҳаётини ўрганиш учун бири иккинчисини тўлдирадиган саволлар эканлигини сал ўтмай тушуниб қоламан – касбнинг нуқси - журналист - таътилдаям журналист!

- Бугун мана лой қилаяпмиз шерикларим билан, эртага бошқа иш, индинга – Худо – пошшо, яна бир иш чиқар. Бу лой бир ҳафтага етади. Бир ҳафтадан кейин яна шу ерга келамиз, ишқилиб, бекор туриш йўқ, ака.

- Бир кунда неча пул топасиз?

- Минг сўмга ишлайман. Ишқилиб, бир ойда камида 500 га бориб қолади кўкидан.

- Аравонинглар Ўзбекистоннинг Марҳаматига қўшни. Ҳаёт қаерда яхшироқ?

- Э, ака, уларда яхши. Бойлари жуда бой. Фақат бизга ўхшаган чорнийларга қийинроқ.

- Нимаси қийин қора ишчига?

- Иш ҳақи паст. Ҳақини қишда бераргаям ишлашўвради.

- Униси чёрний, буниси бой, деб ажратмай, умумий олганда, турмуш қаерда фаровонроқ?

- Марҳаматда.

Тандирчига лой қилиб бераётган Мирзоҳид ҳам фаровонликдан эркинликни афзал билади.
Тандирчига лой қилиб бераётган Мирзоҳид ҳам фаровонликдан эркинликни афзал билади.
Шундай деди-да, Мирзоҳид бироз ўйланиб қолди. Кейин “барибир бизда яхшироқ”, деб қўшиб қўйди.

Ўзбекча гапирса ўзбек, қирғизча гапирса қирғиз, деб ўйлаш мумкин бўлган бу ўзбек лойкаш йигитнинг сўнгги писандасини дабдурустдан илғамабман ҳам.

Орадан яна бир-икки гап ўтгач, “э, тўхта”, дедим-да сўрадим:

- Нима учун бизда яхшироқ?

- Энди, ака, улар беҳадик гапиролмайди-да! Қўрқишади.

Бу содда лойкаш йигитнинг луғатида “эркинлик”, деган сўз йўқ. Лекин шу сўз билан аталадиган тушунча бор эканки, буни мен кутмаган эканлигимни туйқус сезиб қолдим.

Суҳбатдошим ва у каби “чёрнийлар”ни “эркинлик”, “ҳурлик”, “озодлик” деган гапларни тушунмайди, деган такаббурона фикрни шууримнинг чуқур қатларидан топиб олдиму уялгандай бўлдим, ўзимни ёмон кўргандай бўлдим. Ўзимдан аччиқлангандай бўлдим. Ва бирдан ўша - ўзимга сочишим керак бўлган аччиқни унга сочдим:

- Э, Мирзоҳидбой, бошингизга урасизми беҳадик гапиришни? Беҳадик гапирсангиз, топаётган минг сўмингизга юз сўм қўшилиб қоладими?

Лойкаш йигит бехос пайдо бўлган важоҳатимдан эсанкирадими ёки “беҳадик гапириш”нинг фойда-зарарини ўйлаб кўрмаганми, ҳар қалай жим қолди, жавоб беравермади.

Суҳбат узилиб қолди. Мен аччиқ қилганимдан ҳижолат торта бошладим. У кўзларини Аравон тоғларига қадаб, сигаретни босиб-босиб тортиб, қолдиғини икки тирноғи орасига қисиб бир чертди-да, чирт этиб тупуриб, лойи томон кетди.
Кетаётиб, “Эркинлик яхши-да, ака!” деди.

Сизга ёлғон, менга чин. Худо шоҳид. Шундай деди.
Луғатида бор экан лойкаш йигитнинг “эркинлик” сўзи.

Ҳайрон қолдим. Ҳайронлар қолдим.

Шиппагимни судраб, ҳайратимни “елкага ортиб” чойхонага қайтдим. Ўчоқбошига ўтдим. Хотин-халаж учун қозонга гўшт босиш билан овора, менга иккита келадиган, савлатидан от эмас, от уюри ҳуркадиган жиянимга ҳозиргина лойкаш билан бўлган гурунгни айтиб бера бошладим:

- Қара-я, Акбар!

- Эшитаяпсанми Акбар!

- Шунақа деди-я, Акбар!

- Тунов куни Нозим билан Шарип ҳам шунақа дейишувди-я, Акбар!

Турса жилдириб, жилса тўхтатиб бўлмайдиган жияним камгап - бир ҳафтада тўртта сўз айтса айтади, айтмаса – у ҳам йўқ.

Ҳайратларим маҳсули – оҳ-воҳларим тугаб, бир чойнак чойни яримлатганимда Акбарнинг тилига жон кирди:

- Билмадим. Бу лойкаш билан ўртоқларийз қанақа эркинликни айтишаётганини билмадиму, лекин урушдан бир йил кейин Анжанга бораман деб, Дўстликдан Ўзбекистонга ўтишим билан елкамни босиб турган тоғ ағанагандай бўлувди. Енгил бўп қолувдим. Эркинлик деган нарсани ўшанда тушунгандим.

- Уруш бўлиб ўтганига уч йил бўлди. Елкангда бугун ҳам ўша тоғ борми?

- Бор.

- Вазни қандай? Уч йил олдингидайми ёки бироз енгилладими?

- Билмадим.

- Вой, нега билмайсан? Менку бир туристдай одам, кўриб турибсан, келганимдан бери бошим чойхонадан чиқмаяпти. Сен эса, ҳар куни Ўшдасан, сен билмасанг, ким билади асл вазиятни?

- Оғир.

Бу сўз камгап Акбарнинг ўша кунги энг сўнгги сўзи бўлди – афтидан, у бир ойлик гапириш планини бажариб бўлганди.

Жияним гапирмас экан, эшитмайди ҳам.

Агар эшитганда эди, уни Дўстликдан чегарани атайлаб мен учун кесиб ўтишга, елкасидаги тоғнинг вазнини ўлчаб кўришга кўндирган бўлардим.

Бир ҳисобда уни кўндиришга уриниб, овора бўлмаганим ҳам яхши бўлди: мен Ўшга боришимдан олдин ёпилган чегара Прагага қайтгунимча ҳам очилмади.
XS
SM
MD
LG