Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 23:14

Тожикистонлик ўқувчи ҳамсабоғини ўлдириб қўйди


Тожикистонда 9-синф ўқувчиси синфдошини кўкраги ва бошига уриб, ўлдириб қўйди. Бу ҳақда Озодликнинг тожик хизмати Тожикистон Таълим вазирлигидаги ўз манбасига таянган ҳолда хабар қилади.

Мазкур воқеа Душанбе шаҳридан 55 километр шарқроқда жойлашган Файзобод туманидаги Мискинобод қишлоқ кенгаши Қашқараҳа қишлоғида жойлашган 50-ўрта мактабда содир бўлган.

Айтилишича, 28 сентябр куни мазкур мактабнинг илмий бўлим мудири, биология ўқитувчиси Назар Чалишов дарс пайтида ўқувчилардан шовқин қилмасликни сўраб, телефон қўнғироғига жавоб бериш учун синфхонадан чиққан.

Ўқитувчи чиққач, ўқувчилар шовқин-сурон кўтара бошлаганлар, шундан сўнг ўқувчилардан бири Шодмон Касиров синфдошларидан жим бўлишни сўраган. Унинг бу гапи синфдаги ўқувчилардан бошқа бири - Одил Бузурговга ёқмаган. У Шодмоннинг ёнига келиб, кўкрагига мушт тушириб, синфдошининг бошига китоб билан урган.

Олинган жароҳатлар туфайли Шодмон воқеа жойининг ўзида жон таслим қилган.

Экспертиза хулосасига кўра, ўқувчи миясига қон қуйилиши натижасида нобуд бўлган.

Воқеа бўйича гумонланувчи Одил Бузургов айни пайтда Файзобод туман ички ишлар бўлимида экани айтилмоқда.

Маълумотларга кўра, бу Тожикистонда мактаб ўқувчисининг дарс пайтида ўз синфдошини ўлдириши бўйича илк ҳодисадир.

Тожикистон Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, ўтган йили республикада вояга етмаганлар томонидан 575 та жиноят, шу жумладан, 433 та ўғирлик, 50 та безорилик, 23 та талончилик, 8 та зўрлаш ва 5 та қотиллик содир этилган. Бу жиноятларнинг 46 тасида қизлар ҳам иштирок этгани қайд этилади.

Бу орада Тожикистондаги қатор таълим муассасаларида мактаб ҳудудида тартибни сақлаш билан шуғулланувчи қўриқчиларни ёллай бошлаганлар.

Мактаб қўриқчисига пул тўлаш давлат бюджетида кўзда тутилмаган, шунинг учун ҳам уларга ота-оналардан йиғилаётган маблағ ҳисобидан ойлик берилмоқда.
XS
SM
MD
LG