Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 01:55

АҚШ ҳукумати фаолияти қисман тўхтатилди


АҚШдаги миллий боғлар, обидалар ёпилади. Кўплаб федерал идоралар ишламайди. Паспорт, виза ва иммиграция хизматларида иш секинлашади.
АҚШдаги миллий боғлар, обидалар ёпилади. Кўплаб федерал идоралар ишламайди. Паспорт, виза ва иммиграция хизматларида иш секинлашади.

АҚШ Конгресси мамлакат ҳукуматини молиялашни давом эттириш тўғрисидаги қонун устида чиққан баҳсларини белгиланган муддат ичида ҳал қила олмади. Бу эса АҚШ ҳукумати фаолиятининг қисман тўхтатилишига сабаб бўлди. Ҳукумат фаолияти қисман тўхташи нимани англатади? Озодлик бу саволга жавоб излашга ҳаракат қилди.



АҚШда 1 октябрдан янги молиявий йил бошланади ва Конгрессининг Республикачи ва Демократ вакиллари шу муҳлатга қадар, янги бюджет йилида ҳукумат фаолиятини молиялаш бўйича бир тўхтамга келишлари керак эди. Бу муҳлат тугашидан бир неча соат аввал қилган чиқишида АҚШ Президенти Барак Обама ҳукумат фаолиятининг қисман тўхтатилиши ортидан ҳукумат оладиган қарз миқдорига доир чеклов устида чиқиши муқаррар бўлиб қолган тортишувлар жаҳон иқтисодига таҳдид солишидан огоҳлантирди.

- Биз жаҳон иқтисоди ва жаҳон молиявий тизимининг асоси ҳисобланамиз. Бизнинг валютамиз жаҳоннинг заҳира ваолютаси ҳисобланади. Бу билан ҳазиллашиб бўлмайди. Шу сабабдан бюджетга алоқаси бўлмаган масалалар устида чиққан ички сиёсий қарама-қаршиликларимиз нафақат иқтисодимиз, балки бутун жаҳон иқтисодини таҳликага қўйишига йўл қўя олмаймиз,- деди АҚШ президенти.

Бундай вазият Ўзбекистон ва кўпчилик мамлакатлар учун мисли кўрилмаган бўлгани боис, муштарий ва тингловчиларимизда АҚШдек давлат ҳукумати фаолияти қандай қилиб тўхтаб қолиши мумкин, деган савол туғилиши табиий.

Вазиятни туғдирган келишмовчиликлар нимадан иборат?

АҚШ Конгрессининг қуйи палатаси ҳисобланган Вакиллар палатасида кўпчиликни ташкил қилувчи Республикачилар партияси соғлиқни сақлаш ислоҳотлари доирасида 1 октябрдан жорий қилинаётган Америкада истиқомат қилаётган барча одамлар қурби етадиган суғурта тизимига доир қонунга (Health Care Affordability Act) қарши чиқмоқда. Ислоҳотлар президент Барак Обама ташаббуси ҳисобланагани боис уни ҳатто “Obamacare”, деб ҳам аташади. Мазкур қонунга кўра барча америкаликлар учун мажбурий ва шу билан биргаликда арзон нархдаги суғурта полисларининг жорий қилиниши кўзда тутилган.

Республикачилар, даставвал, ислоҳотларга тўсиқ қўйиш учун уни молиялашни тўхтатишга ҳаракат қилиб кўрди. Улар мазкур масалани, одатда ҳеч кимнинг эътирозига сабаб бўлмайдиган ҳукумат фаолиятини молиялашни давом эттириш масаласи билан бирга кўриб чиқишни шарт қилиб қўйди.

Лекин конгресснинг юқори палатаси – АҚШ Сенатидаги кўпчилик ўринларни назорат қиладиган Обама дохил Демократлар партияси соғлиқни сақлаш ислоҳотларига доир қонунга ўзгартиш киритиш талабини қабул қилмади ва шу сабабдан қуйи палата узатган қонун лойиҳаси ҳам бутунлай рад қилинди.

Ўтган ҳафта, вазият боши берк кўчага кириб қолгани боис, вакиллар палатасидаги кўпчиликни ташкил қилувчи Республикачилар ўз шартларини бироз юмшатган ҳолда, “Obamacare” ислоҳотини молиялашни бир йилга кечиктириб туриш ҳамда унинг таъсирини бирмунча камайтиришни ўз ичига олувчи қонун лойиҳсини муҳокамага чиқариб, ҳафта охирида уни маъқуллади.

Лекин сенат Демократлари қуйи палатадан узатилган қонун лойиҳасини номукаммал, деб ҳисоблаб, уни маъқулламади. Сенат душанба куни маҳаллий вақт билан ярим тунгача (Тошкент вақти билан 1 октябр, соат 9.00гача-таҳр.) қонун лойиҳасини маъқулламагани боис Оқ уйнинг бюджет масалалари бўйича бошқармаси федерал идораларга босқичма-босқич фаолиятни тўхтатишни буюрди.

Бундай ҳолат ўтмишда ҳам рўй берганми?

Ҳа, 1995 ва 1996 йилларда президент билан конгресс келиша олмагани боис ҳукумат фаолияти 28 кунга тўхтаб қолган. Ўшанда демократ президент Билл Клинтон Республикачилар назоратидаги конгресс маъқуллаган бюджетда таълим, атроф муҳитни ҳимоя қилиш ва пенсионерлар соғлиғини сақлаш соҳаларига етарли маблағ ажратилмагани важидан, давлат бюджетига вето қўйган эди.

Ҳукумат фаолияти қисман тўхтаса, нима бўлади?

АҚШ федерал ҳукуматига доир идораларда ишлайдиганлар бундан энг катта зиён кўради. 2 миллионга яқин давлат хизматчиларининг ярмидан кўпроғи мажбурий таътилга чиқарилади ва бюджет маъқулланмагунича маош олмайди.

Айни пайтда ҳукумат муҳим деб ҳисоблаган ишчилар – масалан, қамоқ назоратчилари, ҳаво ҳаракати хавфсизлиги, чегара назорати ва озиқ-овқат назорати ходимлари кабилар ишлашда давом этади.

Конгресс ҳукумат фаолиятини молиялаш бўйича муросага эриша олмагач, президент Барак Обама махсус видеомурожаат эълон қилиб, АҚШ аскарлари маошини вақтида тўлашга оид қонунни имзолаганини билдирди. Американинг Афғонистон ва бошқа жойлардаги амалиётлари давом этади, деди перзидент.

- Афғонистондаги ҳаракатларимиз каби ҳарбий амалиётлар давом этади. Ҳаётингизни хавф остига қўйиб хизмат қилаётган экансиз, сиз ўз миссиянгиздан кўзлаган мақсадга эришишингизни таъминлаймиз. Сиз вақтида маош олишингизни кафолатлаш учун конгресс маъқуллаган қонунни имзоламоқдаман. Ҳукумат фаолияти тўхташининг сиз ва оила аъзоларингизга таъсирини бартараф қилиш устида ишни давом эттирамиз, деди Обама.

Уруш ветеранлари, ногиронлар ва пенсионерлар ҳукуматдан нафақа олишда давом этади.

Айни пайтда, ходимлари ишга чиқарилмагани боис АҚШдаги миллий боғлар, обидалар ёпилади. Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш агентлиги каби федерал идоралар ишламайди. Паспорт, виза ва иммиграция хизматларида иш секинлашади.

Республикачилар ва Демократлар ўртасидаги сиёсий зиддиятнинг ҳукумат 17 октбярга қадар пулсиз қолиши ва қарз олишига оид масала юзасидан чиқиши муқаррар бўлиб қолган тортишувларга алоқаси борми?


Қайсидир маънода, ҳа. Чунки Америкада истиқомат қилаётган барча одамлар қурби етадиган суғурта тизимига доир қонунга (Health Care Affordability Act) қарши чиқаётган Республикачилар ҳукумат қарзи миқдорини 16,7 триллионгача оширишга қарши чиқмоқда. Улар ҳукуматни ҳаддан ортиқ пул ишлатаётганликда айблаб келади.

Республикачиларнинг баъзилари аллақачон қарз миқдорини ошришига қарши чиқишларини эълон қилган, бу эса мазкур масала овозга қўйилганида тортишувар тиғиз бўлишидан даракдир.

Қарз миқдори оширилмаса, АҚШ ҳукумати ҳақдорлари олдидаги мажбуриятни бажара олмайди ва ҳукумат пулсиз қолади, яъни АҚШ ҳукумати дефолтга учрайди.

АҚШ ҳукуматининг дефолтга учраши мисли кўрилмаган ҳодиса бўлади. Мутахассислар эса АҚШдаги молиявий бўҳрон шундоқ ҳам алғов-далғов замонларни бошдан кечираётган жаҳон молия бозорида жиддий оқибатларга олиб келишидан огоҳлантирмоқда.
XS
SM
MD
LG