Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 22:21

Эмизикли болалар онасини Учқўрғон даласида кўряпти


Учқўрғон туманидаги Янги ҳаёт қишлоқ фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи эмизикли гўдаги бор келинлар пахта теримига чиқишга мажбур қилинаётгани тўғрисидаги тингловчимиздан олинган хабарни туман ҳокимлигининг масъул вакили инкор этди.

Унинг айтишича, "пахта теримида 2– 3 яшар болаларнинг оналари оилавий шароитини яхшилаш мақсадида ўз ихтиёри билан иштирок этмоқда, уларни ҳеч ким мажбур қилаётгани йўқ".



Озодлик радиосининг “Одноклассники”даги саҳифасига тингловчимиздан келган ва таҳрирсиз келтираётганимиз мактубда, жумладан, айнан мана бундай дейилган:

“Наманган вилояти Учкурган тумани Кугай кишлоги Янги махалла фукаролар йигинида махалла комитети 6 ойлик боласи бор аёларни хам пахтага чикишини тайинлаяпди чикишдан бош тортса, икки ёшгача болалар пулидан махрум килишини айтиб куркитяпди. Аёллар бешиги билан далага бориб пахта теряпди”.

Учқўрғон туман ҳокимлигининг расмий вакили тингловчимиз ўз мактуби орқали етказган хабарни рад этар экан, бундай деди:

- Йўқ, йўқ, мен ўзим Кўгай штабида йиғилишда бўлаяпман. Просто, (фарзанди) 0 – 2 ёшгача, 0 -14 ёшгача нафақа оладиган аёлларимиз қайнонасига, ёки опа-сингилларига боласини ташлаб 2 соат, 3 соат ўзлари учун тераётганлари бор. Шуни ўзим кўрдим. Улар пахтага ўз хоҳиши билан, ўзи учун чиқаяпти.

Озодлик: Ўзи учун чиқаяпти, дегани нимаси?

- Теримчининг манфаатдорлиги бор. Ҳозир ҳар 2 кунда пахта пули берилаяпти. Оилавий шароитини яхшилашга ёрдам.

Озодлик: 2 кунда неча пул топади пахта териб?

- 100 килодан тераётган бўлса, 178 сўмдан ҳисобланг...

Одноклассники сайтидан олинган расм.
Одноклассники сайтидан олинган расм.
Ҳисоблаб кўрдик: 100 кило пахта терган теримчи бир кунда 17800 сўмга, реал курс бўйича тақрибан 6 ярим АҚШ долларига ишлайди.

Учқўрғон тумани расмий вакилининг айтишича, у “15-20 кундан буён вилоят ҳокими ўринбосари билан биргаликда пахта теримида иштирок этаётган хотин-қизлар билан учрашмоқда, уларга совға-саломлар улашмоқда. Теримда ёши катта хожи оналар ҳам қатнашмоқда. Лекин бирон киши пахтага чиқишга мажбурланмаяпти”.

Пахта терими кампаниясига аҳолининг барча қатламлари, хусусан, маҳаллалар аҳли ҳам жалб этилаётгани ҳеч кимга сир эмас.

Республика “Маҳалла” жамғармаси Наманган вилоят бўлими вакили 7 октябрь куни Озодликка бундай деди:

- Фондимиз бўлим раислари ҳар бир туман ҳокимликларининг пахта бўйича тарғибот гуруҳи, пахта штаби аъзоларидир. Маҳаллаларда ишсиз, уйда ўтирган аёллар пахта теримига жалб қилинмоқда.

Учқўрғон туманида истиқомат қилувчи, шу туманда узоқ йиллар раҳбар лавозимларда ишлаган яна бир суҳбатдошимиз исмини айтмаслигимиз шарти билан саволларимизга жавоб берди ва пахта етиштириш ва уни йиғиб-териб олиш усулининг советча қолаётганини танқид қилар экан, жумладан бундай деди:

- Фермернинг ишига ҳокимият аралашверади. Ташкилотлару одамларни ҳайдайвериб аҳмоқ қилади. Маҳалла қолмайди, мактаб қолмайди. Фермернинг ўзига ташлаб қўйса – қилади. Керак бўлса одаминиям топиб келади. Ахир унинг шартномада кўрсатилган мажбурияти бор. Бажармаса, жаримасини тўлайди. Пахтага аралашмаса ҳокимиятнинг ўзиям йўққа ўхшаб қолади. Чунки социал масалалар билан шуғулланмайди. Фермернинг ишига аралашиб турса, худди ҳокимият борга ўхшаб туради-да! деди учқўрғонлик.
XS
SM
MD
LG