Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 19:48

Қўйликда машина портлаши оқибатида тўрт киши оғир жароҳатланди


Портлаган Нексиядан бир уюм темир-терсак қолган холос.
Портлаган Нексиядан бир уюм темир-терсак қолган холос.

22 октябрь куни туш пайти Тошкентдаги Қўйлиқ бозори яқинида Нексия машинаси портлаши натижасида тўрт киши оғир аҳволда шифохонага ётқизилди. Воқеа жойидан олинган маълумотга кўра, жабрланувчилардан иккитасининг оёғи узилишига оз қолган.


Воқеа гувоҳларига кўра, Нексияга ўрнатилган газ баллони портлаши натижасида жабрланган тўрт кишининг барчаси машина ичида бўлган. Жабрланувчиларнинг тўртталаси ҳам оғир аҳволда шифохонага ётқизилган.

“Жабрланганлардан иккитасининг аҳволи жуда оғир. Уларнинг оёғи узилай деган. Ҳаммасини “тез ёрдам” олиб кетди”, деди манба.

Газ баллони портлаган Нексия тўла ёниб кетди.
Газ баллони портлаган Нексия тўла ёниб кетди.
Кучли портлаш натижасида Нексиянинг газ баллони учиб кетиб, орқада келаётган Жигули машинасига урилиб, уни орқага суриб кетган. Шунингдек, Нексиянинг заҳира ғилдираги учиб бориб, йўлда келаётган бошқа бир Нексиянинг устига тушган.

Озодликка воқеа жойидан жўнатилган суратларда газ баллони портлаган Нексия тўла ёниб кетгани акс этган. Ундан фақат бир уюм темир-терсак қолган холос.

Жигули билан иккинчи Нексияга ҳам оғир шикаст етган.

Портлаш натижасида йўловчиларга зарар етмаган.

Газнинг баллонда босим остида сақланиши дизел ва бензин ёнилғисига қараганда анчагина хавфли саналади. Жорий йилда Ўзбекистоннинг бир нечта вилоятида автомобилларга ўрнатилган газ баллонларнинг портлаши оқибатида одамлар нобуд бўлди.

Иштихонда портлаган Нексия машинаси ҳам тўла ёниб кетган.
Иштихонда портлаган Нексия машинаси ҳам тўла ёниб кетган.
Хусусан¸ шу йилнинг 18 октябрь куни Самарқанд вилояти Иштихон тумани Азамат қишлоқ фуқаролар йиғинининг Қирқйигит қишлоғида янги очилган автомобилларга сиқилган газ қуйиш шохобчасида юз берган портлаш оқибатида¸ Озодлик манбаларининг билдиришича¸ икки одам нобуд бўлди.

Жорий йилнинг 1 март куни айнан Самарқанд вилояти Булунғур тумани марказидаги “Бахт-ер” автомобилга ёқилғи қуйиш шохобчасида Нексия автомобилига ўрнатилган газ баллони портлаши оқибатида 36 метр узоқликда турган фарғоналик йўловчи 35 ёшли Игор Жўраев ҳалок бўлган эди.

28 январ куни Сирдарё вилояти маркази Гулистон шаҳрида жойлашган АЁҚШда содир бўлган портлаш оқибатида яна 2 та автоулов жиддий техник шикаст кўрган эди.
XS
SM
MD
LG