Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 20:49

Қирғизистон: Умрбод қамоққа ҳукм этилганларнинг яқинлари президентга арзланмоқчи


Ўшдаги қамоқхона эшиги.
Ўшдаги қамоқхона эшиги.
2010 йил июнида Қирғизистон жанубида содир бўлган қонли воқеалар юзасидан судланиб, бир умрга озодликдан маҳрум қилинган ўшлик ва жалолободликларнинг яқинлари Бишкек расмийлари бу ишни қайта кўриб чиқишидан умидвор.

Жалолободлик меҳнат қаҳрамони, 80 ёшли Олимжон ота Абдувоитов июн воқеаларида айбланиб, бир умрга қамалган икки ўғлининг айбсизлигига ишонади. Отахоннинг ўғиллари “Санпа” пахта заводи яқинида қирғиз миллатига мансуб одамларни ўлдирганликда айбдор, деб топилиб қамалган 18 нафар жалолободлик қаторида эди.

Бу маҳкумлар иши Қирғизистондаги барча суд инстанцияларида кўриб чиқилган, аммо ҳатто Олий судгача уларга нисбатан чиқарилган ҳукмни ўз кучида қолдираверган.

Шу кунда пойтахт Бишкекка келиб, юқори лавозимли амалдорлар эшигини қоқаётган Олимжон ота ҳамон фарзандларининг оқланишидан умид узгани йўқ.

- Бу ерга келишимиздан мақсад – судланган болалар нотўғри судланган. Судлар ҳақиқат қилмай, терговчи ҳақиқат қилмагани учун суднинг қароридан норози бўлиб келдик. Шунинг учун президентга мурожаат қилсам, деб келдим. Президентнинг олдига кириш ниятим бор, Худо хоҳласа, - дейди давлат раҳбари Алмазбек Атамбаев узоқ йиллик меҳнатларини қадрлаган ҳолда ўзини қабул қилишига умид қилаётганини айтган Олимжон ота.



Уч йилдан буён қамоқдаги икки фарзанди ҳасратида юрган бу отахонга ўшлик ҳуқуқ фаоли Нурхон Эгамбердиева ҳамроҳ бўлиб келган. У бугун ўзларини Қирғизистон ҳукумати қошидаги Маҳаллий ўз-ўзини бошқариш ва миллатлараро муносабатлар бўйича давлат агентлигининг директори Накен Касиев қабул қилганини, шу кунларда Қирғизистон бош вазири ўринбосари Тўқўн Мамитов билан учражакларини, кейин президент Алмазбек Атамбаев ҳузурига киришга ҳаракат қилишларини билдирди. Арзчиларнинг киражак кабинетларида айтадиган гапи ҳам аниқ.

- Умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинганлар бир томонлама суд бўлган. Судда буларнинг арз-додлари ҳеч қачон ҳисобга олинмаган. Нафақат Жалолобод областининг Сузоқ районидаги “Санпа” делоси бўйича, балки Ўшдан ҳам қанча инсон мана шундай оғир жазога маҳкум этилган, - дер экан ҳуқуқ фаоли Нурхон Эгамбердиева бу гапларни айтиш учун умрбод қамалган ўшликларнинг яқинларидан ҳам ваколат олганини қўшимча қилади.

Суҳбатдошларимизга кўра, улар ўз иддаолари тафсилотлари билан битилган бир неча қоғоздан иборат мурожаатномаларни Қирғизистон Олий Суди раиси ва мамлакат Бош прокурорига ҳам топширганлар.

“Қирғизистон президенти: “Бизда судлар мустақил, менинг уларга ҳукмим ўтмайди, сизларга ёрдам беролмайман” деса, у ҳолда нима қиласиз?” деган саволимизга жавобан 80 ёшли Олимжон ота шунда ҳам ҳаракатдан тўхтамаслигини айтади.

- Бирлашган Миллатлар Ташкилотига, ОБСЕга мурожаат қиламан-да, - дейди 13 фарзанднинг отаси бўлган Олимжон ота.

Эслатиб ўтамиз, уч йил муқаддам содир бўлган июн воқеалари бўйича жами 63 киши умрбод қамоқ жазосига ҳукм этилган. Бу маҳкумларнинг ҳаммаси ўзбек миллатига мансуб кишилардир.

Ҳюман Райтс Уотч инсон ҳуқуқлари ташкилотининг Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари бўйича мутасаддиси Ҳю Уилямсон аввалроқ қирғизистонлик ўзбеклар устидан чиқарилаётган ҳукмлар юзасидан фикр билдирар экан, уларни "суд хатоси" ва "бу ҳукмлардан қасоснинг ҳиди келмоқда", деган.

Ҳюман Райтс Уотч Қирғизистон расмийларидан ўзбеклар устидан чиқарилган ҳукмларни зудлик билан қайта кўриб чиқишни талаб қилган.
XS
SM
MD
LG