Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:31

Гулнора Каримова яна отасини ортда қолдирди


Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримова Интернетдаги машҳурлик бўйича яна отаси Ислом Каримовдан ўзиб кетди. “Биржевой лидер” онлайн журнали ўтказган ўзбекистонлик сиёсатчилар машҳурлиги рейтингида Каримова хоним бу сафар ҳам биринчи ўринни эгаллади.

Рейтинг муаллифларига кўра, Ўзбекистон сиёсий турмушидаги асосий интрига Интернет фойдаланувчилари орасида машҳурлик бўйича Ўзбекистон президенти билан унинг катта қизи ўртасидаги зимдан рақобат бўлиб ҳисобланади.

Бу каби рейтинг “Биржевой лидер” журнали томонидан илк бор ўтган йил декабрида ўтказилган. Ўшанда ҳам Гулнора Каримова Интернет фойдаланувчилари орасида отаси Ислом Каримовдан кўра шуҳратлироқ экани аён бўлганди. Шу йил ёзида ўтказилган рейтингда ҳам Каримова хоним Ўзбекистон президенти бўлган отасини бир поғона ортда қолдирганди.

Бу йилги рейтинг натижалари Г. Каримова шу кунда Интернет фойдаланувчилари орасида падаридан 55 фоизга машҳурроқ эканини кўрсатди.

Айни пайтда рейтинг муаллифлари бу машҳурликни “шармандали шуҳрат” деб атаб, бунга ишора ўлароқ оммавий ахборот воситаларида ёйинланган “Гулнора Каримова Twitterда отасини Сталинга тенглаштирди”, “Der Spiegel диктаторнинг қизлари Лола ва Гулнора Каримовалар уруши ҳақида”, “Ўзбекистон: президентнинг қизи Гулнора Каримова ўзининг уй қамоғида сақланаётгани ҳақидаги мишмишларни рад этмоқда” сарлавҳали мақолаларни кўрсатиб ўтади.

“Биржевой лидер” журналининг “Ўзбекистонлик сиёсатчилар машҳурлиги рейтинги” Яндекс излов тизими маълумотларига асосан тузилган.

Рейтингда иккинчи ўринни Ўзбекистон президенти Ислом Каримов эгаллаган, айни пайтда унинг Яндекс.Новости PR агрегаторида пешқадам экани айтилмоқда.

Машҳурлик рейтингининг 3-поғонасини бу йил ҳам ўтган йилда бўлгани каби Ўзбекистон бош вазири Шавкат Мирзиёев эгаллаб турибди.

“Ўзбекистонлик сиёсатчилар машҳурлиги рейтинги”дан маълум бўлишича, Гулнора Каримова мамлакатда оммалашган Одноклассники ва вКонтакте ижтимоий тармоқларида отаси Ислом Каримовдан ўн баробар машҳурроқ.

Шунингдек, Гулнора Каримова ҳозирда Twitter микроблогига танда қўйгани кузатилмоқда. 5 ноябргача олинган маълумотларга мувофиқ, шу кунда Гулнора Каримовани Твиттерда 44 минг 146 нафар обуначиси бор. 17 минг 167 та твит чоп қилинган @GulnaraKarimova саҳифаси шу кунда Ўзбекистон ичидан идора этиладиган ва энг кўп ўқиладиган саҳифа бўлса ажаб эмас.
XS
SM
MD
LG