Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:30

Ўзбекистонда ароқ заводлари ривожи учун 12 миллион доллар ажратилди


“Ўзспиртсаноат” акциядорлик компанияси спирт ва алкогол маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи заводларни ривожлантириш учун 12 миллион доллар ажратди.

Бу ҳақда Озодликка маълум қилган “Ўзспиртсаноат” ширкатидаги манбанинг айтишига кўра¸ бу маблағ этил спирти ва алкоголли маҳсулотларни ишлаб чиқаришга ихтисослашган заводларни модернизация қилиш учун ажратилган.

Суҳбатдошга кўра ароқ заводларини модерназиция қилиш ишлари 2016 йил тугалланади.


“Ўзспиртсаноат”даги манбанинг Озодликка билдиришича¸ Андижон биокимё заводи, Тошкент ва Қўқондаги спирт заводлари учун зарур ускуналарни сотиб олиш учун тендер эълон қилинган.

Яқин истқиболда бошқа ароқ заводлари учун янги ускуналарни сотиб олиш учун тендер ўтказилиши ҳам билдирилди.

Соҳа мутаҳассисларининг билдиришича¸ Ўзбекистонда спирт ва алкогол маҳсулотлар ишлаб чиқариш истиқболли соҳага айланиб бормоқда.

Ўзбекистонда истеъмол спиртини ишлаб чиқариш ўтган йилга нисбатан 8 фоизга ошгани бунга мисол ўлароқ кўрсатилмоқда.

Ўзбекистон Давлат статистика бошқармаси очиқлаган рақамларга кўра¸ жорий йилнинг сентябрига қадар мамлакат озиқ-овқат саноати ўтган йилдагига нисбатан 6 фоиз кўпроқ ароқ ишлаб чиқарган.

Шунингдек, коньяк ишлаб чиқариш 9 фоизга, пиво ишлаб чиқариш 3 фоизга ошган.

Ўзбекистон Давлат статистика қўмитаси тарқатган маълумотда шампан виноси ишлаб чиқариб, аҳолига сотиш кўрсаткичлари ҳам ўтган йилга нисбатан анча ошгани айтилади.

“Ўзвиносаноат” холдинг компаниясининг ўзини таништирмаган ходимининг Озодликка айтишича, компания таркибидаги 150 корхонада 682 миллиард сўмлик саноат, 999 миллиард сўмлик халқ истеъмоли маҳсулотлари ишлаб чиқарилган.

Суҳбатдошга кўра, “Ўзвиносаноат” холдинг компанияси АҚШ, Германия, Болгария, Исроил каби давлатларнинг инвесторлари билан ҳамкорликда 20 га яқин қўшма корхона ташкил этиб, мингдан ортиқ турдаги маҳсулот тайёрлашни йўлга қўйган.

"Ўзвиносаноат" вакилининг Озодликка айтишича, мамлакат аҳолисининг спиртли ичимликларга эҳтиëжи катта.

- Ишлаб чиқариш кўпайган. Ҳар йили, ҳар кварталда кўпаяди бизда ишлаб чиқариш. Экспорт ҳам бўлаяпти, ички бозорга ҳам сотилаяпти,- деди “Ўзвиносаноат” ходими.

Суҳбатдош таъкидига кўра, сўнгги етти йил ичида Ўзбекистонда спиртли ичимликлар ишлаб чиқариш икки баробарга кўпайган ва узумни қайта ишлаш жорий йилда яна бир ярим минг тоннага ошган.

Ўзбекистонга сафар қилиб, мамлакат ижтимоий ҳаëтини кузатган таҳлилчилар кейинги йилларда Ўзбекистон аҳолиси орасида намозхонлар кўпайиб, ичувчилар сони камайгани ҳақида ëзишади.

Кузатувчиларга кўра, мамлакатда тўйларни спиртли ичимликсиз ўтказиш ҳолатлари ҳам кўпайган.

Хоразм вилоятидаги тўйхоналар эгаси бўлган ва ўзини Сардор, деб таништирган тадбиркорнинг айтишича, ўзбек тўйлари спиртли ичимликлар энг кўп истеъмол қилинадиган жойлар бўлиб қолмоқда.

Бугунги кунда мамлакатда ароқ-вино маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича 45 та корхона ишлаяпти, улардан 28 таси хусусий экани айтилади.

“Ўзвиносаноат” Ўзбекистонда спиртли ичимликлар ишлаб чиқарувчи асосий ширкат ҳисобланади.

Мазкур ширкатнинг расмий сайтида айтилишича, ҳозирги пайтда виночилик соҳаси корхоналари томонидан 22 тадан ортиқ шампан ва газланган вино турлари, 27 хилдаги коньяк, 425 турдаги ликёр-ароқ маҳсулотлари, 200 та номдаги спирт қўшилган, спирт қўшилмаган, маркали ва десерт винолар ишлаб чиқарилмоқда.

Айни пайтда Ўзбекистонда спиртли ичимлик ишлаб чиқарувчи яширин цехлар тармоғи мавжудлиги ҳам айтилади.

Ўзбекистон давлат солиқ назорати аввалроқ биринчи ярим йилликда контрафакт маҳсулот ишлаб чиқарадиган бешта яширин цех фаолиятига барҳам бергани ҳақида маълумот тарқатганди.

Расмий матбуотга кўра, солиқ назорати жорий йилнинг беш ойи мобайнида ўтказилган текширувлар натижасида спирт ҳамда алкоголли маҳсулот ишлаб чиқариш ва сотиш бўйича мамлакат бўйлаб 569 та қонунбузарлик ҳолатларини аниқлаган.

Ўтказилган рейдларда қарийб 100 минг долларлик спирт ва ичкилик мусодара этилгани айтилади.

Сохта акциз маркаси ёпиштирилган ичкиликлар, хабарларга кўра, Тошкент шаҳри, Самарқанд, Хоразм ва Тошкент вилоятларида мусодара қилинган.
XS
SM
MD
LG