Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 21:03

Волосевич: Ўзбек расмийлари хароб жойлар суратга олинишини ёқтиришмайди


Ўзбекистонлик мустақил журналист Алексей Волосевич
Ўзбекистонлик мустақил журналист Алексей Волосевич
17 ноябрь куни Фарғона шаҳрининг Охунбобоев мавзеидаги “ёйма бозор”ни тасвирга олаётган тошкентлик журналист Алексей Волосевич маҳаллий милиция ходимлари томонидан тутиб кетилди. Шаҳардаги 2-милиция бўлимига олиб борилган журналист “тушунтириш ишлари” олиб борилганидан кейин қўйиб юборилди.

Якшанба куни Фарғона “барахолка”сида содир бўлган воқеа ҳақида Озодликка Алексей Волосевичнинг ўзи айтиб берди.

- Мен журналистика билан бир қаторда фотосурат олишга ҳам қизиқаман. Бунинг менинг хоббим, деса ҳам бўлади. Фақат Тошкентдагина сурат олавермаслик учун баъзан бошқа шаҳарларга ҳам чиқиб тураман. Фарғонага мен бир кунга боргандим. Эрталаб “барахолка”га бордим. У ердаги манзара менга жуда ажабтовур туюлди. Ўзимга қизиқ туюлган ҳолатларни суратга ола бошладим. Аммо уч-тўрт сурат олиб улгурмасимдан мени тутиб, участкага олиб кетишди, - дейди Алексей Волосевич.



Тошкентлик журналист милиция бўлимида ундан “ёйма бозор”да олинган суратларни ўчириб ташлашни талаб қилишганини, бироқ Алексей бу фотосуратлар унинг шахсий мулки эканини айтиб, миршаблар талабини рад этганини, шундан сўнг фарғоналик тартиб посбонлари бу борада бошқа тихирлик қилмай қўйишганини айтади.

Йигирма дақиқалардан кейин милиция бўлимидан қўйиб юборилган Волосевичнинг айтишича, кетар чоғида миршаблар унга “ёйма бозорда бошқа сурат олиб юрмаслик”ни тавсия қилишган. “У ер яхши жой эмас”, дейишган фарғоналик милиционерлар тошкентлик журналистга.

Харобимга боқма, чиройимга боқ

Ўзининг хушёр милиционерлар томонидан тутиб кетилиши, Алексей Волосевич фикрича, ўзбек расмийларининг мамлакатдаги хароб жойлар суратга олиниши ва турли ахборот воситаларида тарқалишини истамасликлари билан боғлиқ.



​- Жой қанчалик оз ободонлаштирилган бўлса, милиция ва маҳалла комитетлари раислари бу жойларни шунча кўп хушёрлик билан қўриқлашади. Масалан, ойналари синиб ётган, чиқиндилар тўкилган бир жой бўлса-ю, кимдир буни суратга олмоқчи бўлса, бунақа одамни дарҳол тутишга ҳаракат қилишади, - дейди тошкентлик журналист.

Умуман олганда, Алексей Волосевичга кўра, Ўзбекистонда суратга олса бўладиган ва суратга олиш мумкин бўлмаган (стратегик объектлар бундан мустасно) жойлар бор.

Суратга олса бўладиган жойлар

- Чорсу бозорини суратга олиш мумкин, у намунавий жой бўлиб ҳисобланади. Олой бозорида суратга олса бўлади, у ерда ҳам ҳаммаёқ пардозланган, тоза, кераксиз дўконлар бузиб ташланган. Скверни суратга олиш мумкин, у ерда Амир Темур ҳайкали бор. Бродвейда суратга олса бўлади. Мустақиллик майдонидаги “Ўзбекистон глобуси”ни суратга олиш мумкин. Хуллас, қаер чиройли бўлса, ўша ерни суратга олиш маън қилинмайди. Булар Тошкентда суратга олиш мумкин бўлган “ороллар” эди. Бухорода эса ҳамма жойни суратга олса бўлади. Хива ва Самарқандда ҳам шундай. Яъни туристик жазираларда бемалол суратга олиш мумкин, Фарғона водийси эса қаттиқ назорат остида, у ерда суратга олиш қийинроқ, - дейди Алексей Волосевич.

Айни пайтда, тошкентлик журналистнинг айтишича, Ўзбекистонда стратегик объект бўлмаган ҳолда, суратга олиш маън қилинган жойлар жуда кўп. Бунга Алексей ўзи дуч келган воқеалардан мисол келтиради.

Қўйлиқнинг сотувчиси ҳам хушёр

- Қўйлиқ бозорида суратга олишни тақиқлаб қўйишган. Озиқ-овқат бозори бор-ку, ўша ерда шунақа тақиқ жорий этилган. У ерда устига қизил чизиқ тортилмиш камера тасвири туширилган ва суратга олиш мумкин эмаслигини англатадиган табличкалар осиб ташланган.



​Икки аввал россиялик машҳур фотосуратчи Ирина Попова Тошкентга келганда у билан Қўйлиқ бозорига киргандик. Бир пайт ортимда бақир-чақир бўлиб қолди. Ўгирилиб қарасам, бир неча “хушёр” сотувчи аёл фотоаппаратли Иринани ўраб олиб, милицияни чақира бошлашди. Милиция етиб келгач, Ирина ҳужжатларини кўрсатди ва фотосурат олмоқчи эканини айтди. Бироқ унга “Мумкин эмас!” деб, суратга олишга изн бермадилар, - дейди Алексей Волосевич.

Тошкентлик журналист Волосевич суратга олиш иштиёқи туфайли тартиб посбонлари назарига тез-тез тушиб туради. Бундай воқеалардан сўнггиси шу йилнинг август ойида содир бўлганди. Ўшанда Тошкент метросида “Огоҳлик - давр талаби” плакатини суратга туширган Алексей миршаблар томонидан тутиб кетилган ва милиция бўлимида бир ярим соат ушлаб турилганди. Журналистни унинг фотоаппаратидаги “хавфли” суратлар ўчириб ташланганидан кейингина қўйиб юборишганди.

(Мақолага илова қилинган суратларни Алексей Волосевич олган)
XS
SM
MD
LG