Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 18:04

"Даракчи" журналисти: Бургага аччиқ қилиб, кўрпа куйдирманг, илтимос!!!


Озодликдан: "Даракчи" газетасининг ёпилиши туфайли унинг ишсиз қолган журналистларидан биридан қуйида эътиборингизга ҳавола қилинаётган матн етиб келди. Биз уни сайтимизнинг "Блогистон"ида таҳрирсиз чоп этишга қарор қилдик. Сарлавҳа ҳам матн муаллифиники.

Яқин орагача “Даракчи” газетасининг ёпилиш арафасида турганлиги ҳақидаги хабар кўпчиликнинг оғзида асосий эрмак бўлиб, газета ходимлари эса бу гап- сўзларга парво қилмай, умидини узмаган ҳолда ўз ижодини давом эттириб келаётган эди.

Тафтишчиларнинг (кутилган ва кутилмаган) ташрифи эса жавлон уриб ижод қилиб келаётган газета ижодкорларининг тинчлигини бузди.

Ваҳолангки, унгача ижодкорлар газетанинг ёпилиши билан боғлиқ тахминларга ишонишни истамай ҳам ўз ижодини давом эттириб келаётганди.

Турли ижтимоий тармоқлар ва айрим (ҳеч қайси газетани “Даракчи” газетасига рақобатдош дея тан олмайман) газеталар эса “Даракчи” газетаси фаолиятининг тўхтатилиши билан боғлиқ мақолалари билан ўқувчиларни ўзларига жалб эта бошлади (Эҳтимол, ҳеч бўлмаса шу йўл билан тираж миқдорини кўпайтирмоқчи бўлишгандир?).

Аниқроғи, айнан шу вазият “Даракчи”ни ўзларига катта рақобатдош деб ҳисоблаётган бошқа газеталар учун қўл келди десак янглишмаймиз!

Ҳа, газета фаолиятининг тўхтатилгани рост! Ходимларга эса ҳозирча, бир ой муддатга вақтинчалик меҳнат таътили берилди халос.

Ачинарлиси, ноябрь ойи иш режасинини аллақачон якунлаб улгурган ходимлар янги йил байрами арафасида ойлик маошсиз ва ишсиз қолди.

Шунча йилдан бери сиёсий-маърифий, спорт, санъат ва маданият борасидаги ўз қизиқарли маълумотлари билан халқ хонадонига файз улашиб келаётган “Даракчи” газетаси ва унинг жонкуяр фидоий ходимлари “КАТТА ЎЙИНЛАР” касрига қолди...!

Бугунгача ўз танловида адашмай газетамизга ҳақиқий ашаддий мухлислигини билдириб келаётган ўқувчиларимиз эса севимли газетасисиз қолди! ШУМИ ҚОРБОБОНИНГ ЯНГИ ЙИЛ СОВҒАСИ?” РАҲМАТ...!!!

Матбуот дўконларига газетанинг охирги 50-сонини ҳарид қилиш учун келаётган мухлислар қуруқ қўл билан кайфиятсиз қайтишмоқда. Ваҳолангки, газета ижодкорлари янги йил арафасида ўз ўқувчиларини хурсанд қилиш учун ранг баранг ва бир биридан қизиқарли, ажойиб мақолаларни тайёрлаган эди...

Газетанинг очилиши билан боғлиқ даргумонли умид ҳеч бир ходимни тарк этмаётган бўлса-да, энди улар вақтинчалик ўз оиласи ва тирикчилиги учун бошқа иш қидиришга мажбур.

Бошқа бир тирикчилик билан шуғулланиш учун ҳам қўлингизда беш-тўрт сўм бўлиши керак... Ходимлар эса бир ой давомида қилган меҳнати эвазига бўш қўл билан таҳририят идорасини тарк этишга мажбур бўлди!

Қизиқ, наҳотки, бундай “йўл” тутилишидан аввал беш юзга яқин газета ходимларининг ишсиз, маошсиз қолиши билан боғлиқ фикр юқоридагиларни ўйлантирмади?

Кутилмаган “қоқилиш”дан сўнг беш юз нафарлик “Даракчи” ходимларини бўш иш ўрни қаерда қучоқ очиб кутиб турган экан? Асосийси, ишсиз фуқароларни тайинли иш билан таъминлаш учун олиб борилаётган сиёсат буёқда қолиб, бир кунда ишидан ажраган беш юз нафарга яқин ходимнинг огоҳлантирилмаган ҳолда ишсиз қолганлиги кишини ўйлантиради...

Наҳотки, ишсиз, маошсиз тафтиш ўтказишнинг бошқа бирор йўли йўқ эди?

Айтиш жоизки, бугунги кунгача бир ёқадан бош чиқариб, аҳил ва иноқликда ижод қилиб келаётган ходимлар бирдамлигида “Даракчи” раҳбарларининг алоҳида ўрни бор эди.

Қулай шароитда иноқ жамоа бўлиб, мухлисларга ҳолисона хизмат қилиб келаётган газета ходимлари ўз ўриндиқлари билан йиғлаб хайрлашди... Энг қизиғи улар бошқа бир газетада фаолият юритиш ҳақида ҳаёлларига ҳам келтиришаётгани йўқ!

Қисқаси, ҳар бир ходим мухлислар қаторида (“ЯХШИЛАРДАН ИНСОФ ТИЛАБ”) ўз севимли газетаси “Даракчи”нинг қайта фаолият юритишидан умидвор!

Халқ тили билан ўз эгаларига айтилганда эса: — “Бургага аччиқ қилиб кўрпа куйдирилмасин....

ИЛТИМОС!!!” “Даракчи” нинг ашаддий мухлислари диққатига! Севимли газетангизнинг қайта фаолият юритишини чин дилдан истасангиз, газетамизни ҳимоялаб. ўз фикрингизни билдиринг!

Даракчи журналисти
XS
SM
MD
LG