Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 00:28

Ҳуқуқ фаоли Ризаев суд ижрочиларига пичоқ билан ҳамла қилганликда айбланди


Исроил Ризаев.
Исроил Ризаев.
Шу йилнинг 19 декабрь куни жиноят ишлари бўйича Сирдарё вилояти Мирзаобод тумани суди Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти Марказий бошқаруви аъзоси Исроил Ризаевни Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекси 41-моддаси (Ҳақорат қилиш, яъни шахснинг шаъни ва қадр-қимматини қасддан камситиш) ва 198-моддаси (Ҳокимият вакилининг қонуний талабларини бажармаслик ёки хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилиш) билан айблаб, минимал маошнинг бир баравари миқдорида жаримага тортди.

Судда кўрилган маъмурий ҳуқуқбузарликка оид иш материалларига кўра, Исроил Ризаев шу йилнинг ноябрь ойида бир гуруҳ милиция ходимлари ва Сирдарё вилояти суд ижро Департаменти вакилларига суд ижроси даврида пичоқ билан ҳамла қилган, уларни ҳақоратлаб, хизмат вазифасини бажаришига қаршилик кўрсатган.

Аммо воқеага шоҳид қўни-қўшнилар ва холисларга кўра, Исроил Ризаев бундай ғайриқонуний хатти-ҳаракатларни содир этмаган. Аксинча, у тажрибали педагог ва халқ маорофи аълочиси сифатида суд ижрочиларини инсофга чақирган, уларни қонунга риоя қилишга чақирган.

Сирдарё вилояти Мирзаобод тумани Баҳор маҳалла фуқаролар йиғини вакили эса суд ижрочилари ижро даврида зўрлик ишлатиб, ҳуқуқ ҳимоячисининг ўғли Беҳзодга тан жароҳати етказишган, рафиқасини ҳақорат қилганини таъкидлайди. Шунингдек, суд ижрочилари ижро даврида ҳуқуқ фаоли хонадонининг қўлга илашган рўзғор ашёлари, сўрисини бузиб олиб кетишган.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти ўз фаолининг такрорий судланиши боис тарқатган баёнотида Исроил Ризаевга нисбатан таъқибнинг жамиятга нисбатан таъқиб эканини таъкидлайди. Ўзбекистон ҳукуматидан бу жараённи дарҳол тўхтатишни талаб қилади.

Эслатиб ўтамиз, Исроил Ризаев шу йилнинг 22 апрель куни сирт(!)дан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг 239-моддаси (Нодавлат нотижорат ташкилотларининг фаолиятни амалга ошириш тартибини бузиши)да назарда тутилган қонунбузарликни содир этганликда айбланиб, энг кам ойлик иш ҳақининг 70 баравари (5 571 300 сўм – 2800 АҚШ доллари атрофида) миқдорида жарима билан жазоланган. Юқорида тилга олинган суд қарори ана шу суд актининг ижроси давридаги воқеаларга қаратилган.
XS
SM
MD
LG