Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:31

OzodNavigator: Сиз юрган давлатда Янги йилни қандай нишонлашади?


2014 йил яқинлашаётган шу кунларда Ўзбекистондан Янги йил базмининг нишонланишига оид хабарлар келмоқда. Йирик ширкатларга корпоратив базмлар тақиқлангани, ҳокимиятларга бизнесменлардан байрам ҳаражатларини ундириш юклангани ҳақидаги турфа хабарлар фонида OzodNavigatorнинг байрам олди сонида хориж давлатларида Янги йилнинг қандай нишонланиши ҳақида суҳбатлашдик.


Яқинлашиб келаётган Янги йил байрамига ҳозирлик доирасида Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида байрам тадбирлари учун ҳаражатлар тадбиркорлар зиммасига юкланаётгани хабар қилинди.

Самарқанд вилоят ҳокимлигидаги Озодлик манбасининг айтишича, ҳатто вилоят ҳокими Зойир Мирзаев имзолаган ҳужжатда “Янги йил байрамини юксак савияда ўтказиш учун тадбиркорлар саҳоватига суянилиши” ёзиб ҳам қўйилган.

Суҳбатдошга кўра, ҳокимликнинг қарори маҳаллий тадбиркорлар учун “ихтиëрий-мажбурий”дир.

Тошкентдан олинган маълумотларга кўра эса Туркистон саройида ўтказиладиган "Президент арчаси" расмий тантанавий байрам тадбирини ўтказиш ҳаражатлари ҳам тадбиркорлар зиммасига юкланган.



Ўзбекистоннинг турли шаҳарлари ва туман марказларида шу тариқа "мажбурий-ихтиёрий" саҳоват эвазига йиғилган маблағга Янги йил арчалари ўрнатилаётган, турфа ранг чироқларни ёқишга ҳозирланаётган бир пайтда хавфсизлик чоралари ҳам кучайтирилмоқда.

Жумладан, Тошкентдаги Олиq ўқув юртлари талабаларидан Янги йил таътили давомида доимий яшаш жойини тарк этмаслик, алкоголли ичимлик истеъмол қилмаслик ҳамда жамоат тартибини бузмаслик масъулиятини ўз зиммасига олиши ҳақида тилхат олинаётгани айтилди.

Тилхат-маълумотномада талаба ўзининг доимий яшаш жойини, телефони ҳамда ота-онасининг телефонини кўрсатиши лозим.

"Тошкент оқшоми" газетасида эса "ички ишлар ходимлари кучайтирилган тартибга ишлашга ўтгани” ва “мамлакат бўйлаб "Тозалаш – антитеррор" тадбири ташкил қилинаётгани тўғрисида расман хабар бергани кузатилди.

Қуролланган куч ишлатар тузилмалари кузатуви ва ҳукумат чеклови билан ўтаётган расмий танталардан воз кечиб, ўзаро корпоратив базмларни ўтказиб юрган айрим ташкилотларга бу ҳам тақиқланди.

Жумладан, жорий йилда Тошкентдаги айрим банкларда янги йил муносабати билан ўтказиладиган "корпоратив байрам кеча”лари бекор қилинди ва банк менежерларидан олинган маълумотга кўра, бу банк маблағини тежаш мақсадида амалга оширилмоқда.

Айни пайтда 30 миллион аҳолисининг 93 фоизи мусулмон бўлган мамлакатда Янги йилни байрам сифатида нишонлаш хусусида ҳам қандайдир ички зиддият кузатилади.

Янги йилни собиқ совет замонидан буён байрам сифатида нишонлаб келаётганлар йилдан-йилга ҳукумат эътибори сустлаб бораётганига қарамай, ўз кичик доираларида уни байрам қилишмоқда.

Бу байрамни нишонлашни истамаган диндорлар қатлами эса ҳукуматнинг чекловидан қайсидир маънода мамнун бўлмоқдалар.

Ўзбекистондаги бу воқеалар ва нимқоронғу байраймолди кайфияти фонида хорижда юрган ўзбекистонликлардан улар яшаётган давлатларда бу байрамнинг нишонланиши ҳақидаги таасуротлари, фикр-мулоҳазаларини сўрашга қарор қилдик:

- Сиз яшаётган давлатда Янги йил байрами нишонланадими?

- Сиз яшаётган давлатда ҳукуматнинг бу байрамга муносабати қандай?

- Сиз хорижда ҳам Янги йилни байрам сифатида нишонлайсизми ёки йўқми?


OzodNavigator дастурининг 25 декабрь, чоршанба куни Тошкент вақти билан соат 21.05да эфирга чиқадиган байрам олди сонида шу ва шу каби бошқа саволларга Ўзбекистон ташқарисидаги ўзбеклар фикрлари, тажрибаларини эшитмоқчимиз!

OzodNavigator эшиттиришини www.ozodlik.org вэб саҳифамиз ҳамда Озодликнинг Facebook, Одноклассники ва Youtube-даги саҳифаларимизда жонли тингашингиз ва унда иштирок этишингиз мумкин.

OzodNavigator билан ozodskype, ozodlikonline ва ozodovoz Skype манзиллари орқали боғланинг.

Хориждаги тажрибангизга асосланган ҳикоянгизни шу мақола тагида ҳам шарҳ сифатида қолдирсангиз, албатта,OzodNavigator дастурида ўқиб эшиттирамиз.

OzodNavigator билан саёҳатга марҳамат!
XS
SM
MD
LG