Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 15:48

Ёнида уйқу дориси олиб юрган литвалик Ўзбекистонда судланди


Литвалик 63 ёшли ҳайдовчи Пятрас Чюжас.
Литвалик 63 ёшли ҳайдовчи Пятрас Чюжас.
Афғонистондаги АҚШ қуролли кучлари учун юк машинасида Термизга 20 тонна озиқ-овқат олиб кетаётган 63 ёшли литвалик Пятрас Чюжас декабрь ойи бошида Қорақалпоғистонда суд қилинди. Аммо мазкур воқеа тафсилотлари ҳақида Чюжас жамоатчиликка Нукусдан чиқиб кетганидан кейингина сўзлаб беришга муваффақ бўлди.

Пятрас Чюжас билан суҳбатлашган Фарғона.news ахборот агентлиги литвалик оқсоқол устидан маҳкама жараёни шу йилнинг 4 декабрида Қорақалпоғистон Олий судида бўлиб ўтгани ҳақида хабар қилади.

Агентлик ёйинлаган видеосуҳбатда литвалик ҳайдовчи Чюжас ўзининг ёнида олиб юрган 8 дона “Бромазепам” ҳапдориси учун ҳибсга олиниб, судланганини айтади. Унинг ишини кўриб чиққан суд айбдорлик масаласи юзасидан қарор чиқармасдан ишни тўхтатиш ҳақида қарор чиқарган.

Фарғона.news хабарига кўра, авф этилган Пятрас Чюжас дарров қўйиб юборилмаган, балки яна бир неча кун тутиб турилган. У Ўзбекистонни тарк этганидан кейингина – яъни 24 декабрда бу воқеа тафсилотлари жамоатчиликка ошкор қилинмоқда.

Маълум бўлишича, Чюжаснинг Ўзбекистондаги саргардонлиги у 7 ноябрь куни қозоқ-ўзбек чегарасини кесиб ўтган ва “Довутота” божхона маскани ходимлари унинг дори қутисидан Литвада шифокор тавсиясига кўра уйқу дориси сифатида сотиб олинган 8 дона “Бромазепам” ҳапдори топиб олганидан кейин бошланган.

63 ёшли литваликнинг қўлга олинишига айнан шу дориларни декларация қоғозида кўрсатмагани сабаб бўлган. Чюжас бу дориларни декларация қоғозига киритиш хаёлига ҳам келмаганини, чунки аввалги божхона масканларида бундан муаммога ҳечам дуч келмаганини айтади.

- Сафар давомида мен бир нечта чегарадан ўтдим, Белоруссияда ҳам, Россияда ҳам, Қозоғистонда ҳам ҳапдориларим юзасидан менга ҳеч қанақа эътироз билдирилмади. Ўзбекистонда шунақа муаммога дуч келишим мумкинлиги хаёлимга келдими, дейсиз? – дейди литвалик ҳайдовчи.

Бу машмашалардан кейин Пятрас Чюжас устидан жиноий иш қўзғатилган ва унга Ўзбекистон Жиноят кодексининг икки моддаси: 246-модда (“Контрабанда”) ва 276-модда (“Гиёвандлик воситалари ёки психотроп моддаларни сотиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда тайёрлаш, эгаллаш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар”) бўйича айблов билдирилган. Бу моддалар айбланувчининг жами 13 йилгача озодликдан маҳрум қилинишини кўзда тутади.

Қорақалпоғистон Олий суди ажримига кўра, Чюжас “божхона назоратидан яшириш йўли билан Ўзбекистон Республикаси божхона чегараси орқали психотроп моддаларни сотиш мақсадини кўзламай олиб ўтганлик ва ноқонуний равишда сақлаганлик”да айбланган. Бироқ аввал зикр этилган сабаб билан жиноий ишни ёпишга қарор қилинган.

Бунгача Литва Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистон ТИВга “ишни текшириш чоғида Чюжасга “Бромазепам” ҳапдориси шифокор рецептига кўра тайин қилингани ҳисобга олиниши” юзасидан илтимоснома билан нота киритган. Ўз навбатида, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги бу нота мазмуни билан Ўзбекистон Олий суди ва Давлат божхона қўмитасини таништирган. Литва фуқароси бўлган ҳайдовчининг иши юзасидан Олий суд қарорига айнан шу нотада келтирилган асослар сабаб бўлгани эҳтимолдан ҳоли эмас.

Пятрас Чюжас Ўзбекистондан чиқиб кетгунча бўлган 1 ойдан ошиқроқ вақт мобайнида “дўзахий шароитда” шароитда яшаганини айтади.

- Ҳеч нарсадан ҳеч нарса йўқ бир ойдан бери шу ерда ўтирибман, худди мен ўзбек халқига қарши нимадир ёмон иш қилгандек, - дейди Чюжас йиғлаб.

Тергов ва суд жараёни ўтган вақт мобайнида литвалик ҳайдовчи ўз ҳисобидан “Нукус” меҳмонхонасида яшаган ва Чюжаснинг айтишича, унинг ёнига жосус жойлаштирилган.

Жиноят иши кўриб чиқилаётган пайтда Литвада ўғли Пятраснинг тақдиридан қаттиқ хавотирланган Йонна Чюжене вафот этган. Бу воқеадан кейин Чюжас тергов идораларидан ватанига бориб, онасини кўмиб келиш учун изн сўраган, бироқ рухсат берилмагани учун дафн маросими унинг иштирокисиз ўтган.
XS
SM
MD
LG