Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:59

“Сеҳрли қалпоқ” фильми Москва фестивалида яна икки соврин олди


Ëш актëр Бунëд Раҳматуллаев.
Ëш актëр Бунëд Раҳматуллаев.
Москва кинофестивалининг “Эртакдаги юмор” ва “Энг яхши эркак роли ижрочиси” номинацияси бўйича бош соврин Ўзбекистонда 2013 йили суратга олинган “Сеҳрли қалпоқча” фильмига берилди. Бу мукофот¸ ўзбек киносининг қайнона-келин машмашасидан кўтарилиб¸ болалар учун жиддий фильмлар яратишга жазм этаëтгани ифодаси сифатида кўрилмоқда.


Қишки таътил кунлари Москвада 15-марта ўтказилаëтган “Сказка” халқаро кинофестивалининг икки соврини 27 яшар ўзбек киночиси Сарвар Каримов суратга олган “Сеҳрли қалпоқча” фильмига насиб қилди.

2013 йили суратга олинган бу кинокартина Москва кинофестивалининг “Эртакдаги юмор” ва “Энг яхши эркак роли ижрочиси” номинацияси бўйича бош совринни эгаллади.

Фильмда бош ролни ўйнаган 14 яшар тошкентлик мактаб ўқувчиси Бунёд Раҳматуллаев болалар фильмларида энг яхши ўғил бола ролини ижро қилган актëр дея эътироф қилинди.

Фестивал ëйинлаган матбуот хабарномасида айтилишича¸ ўзбек киночиси Сарвар Каримовга бу мукофот тимсоли бўлган биллур калит ва диплом топширилган.

Шу кунларда 82 ëшга кирган таниқли ўзбек болалар ëзувчиси Худойберди Тўхтабоевнинг “Сариқ девни миниб” деган машҳур асари асосида яратилган “Сеҳрли қалпоқча” фильмини суратга олган киночи Сарвар Каримов телефон алоқасидан узоқ тоғли ҳудудда ижодий сафарда бўлгани боис¸ Озодлик мухбири унинг ëрдамчиси Ҳабиб Ҳасанов билан суҳбатлашди.

Режиссер ëрдамчиси Ҳабиб Ҳасановнинг Озодликка айтишича¸ “Сеҳрли қалпоқча” фильми аввалига Россиянинг Анапа шаҳридаги “Киношок” фестивалида қатнашиб¸ мунаққидлар эътиборига тушган:

- Анападаги фестивалдаги муваффақият боис “Сеҳрли қалпоқча” филми “Сказка” халқаро кинофестивалига йўлланма олди. Бу фестивалда биз яратган фильм бир эмас, иккита “Биллур калит” олди. Энди бу биллур калитлар бундан ҳам обрўлироқ фестиваллар эшигини очса ажаб эмас¸ дейди суҳбатдош.

Ҳабиб Ҳасановнинг айтишича¸ давлат болалар учун махсус ажратган грант асосида суратга олинган бу фильм Ўзбекистон болалари орасида ҳам машҳур:

- Фильм тақдимотларида кўраяпмиз мана кинотеатрлар болалар билан лиқ тўла. Биласиз¸ болалар учун ишланган ўзбек фильмлари нисбатан кам. Шуни ҳисобга олиб¸ фильмнинг давомини ҳам суратга олишга қарор қилдик. Ҳозир шу кунларда “Сеҳрли қалпоқча 2 “ киносини суратга олаяпмиз. Бу кино ҳам ўша ҳамма севган “Сариқ девни миниб” китоби асосида суратга олинмоқда¸ дейди “Сеҳрли қалпоқча 2 “филмини суратга олиш жараëнида қатнашаëтган режиссер ëрдамчиси Ҳабиб Ҳасанов Озодлик билан суҳбатда.

Фильм кийган заҳотинг кўринмас бўлиб қоладиган сеҳрли қалпоқча топиб олган Ҳошимжон исмли болакайнинг кўрган-кечирган қизиқарли воқаеаларидан ҳикоя қилади.

Ўзбекистонлик таниқли киночи¸ қатор халқаро совринлар эгаси Аюб Шаҳобиддинов бу фильм болалар учун яратилган бўлса ҳам¸ катта маҳорат ва юқори дид билан яратилганини эътироф қилади:

- Фильм профессионал жиҳатдан маҳоратли олинган. Воқелар шиддатли. Болалар зерикмайди кўрганда. Фильмнинг бош қаҳрамони – безори Ҳошимжон доим турли-туман кулгили ҳолатларга тушиб юради. Ҳошимжон мактабда ўқишни истамайди, меҳнат қилмасдан¸ роҳатда яшашни истайди, аммо ҳаётнинг ўзи унга яхши сабоқ беради. Охир-оқибатда фильм қаҳрамони инсон ҳаётда билим ва меҳнатсиз узоққа бора олмаслигини тушуниб етади¸ дейди суҳбатдош.

Аюб Шаҳобиддиновга кўра¸ шу кунларда “Ўзбеккино” Миллий агентлиги болалар учун суратга олинадиган фильмларга алоҳида эътибор бериб¸ маблағ ажратмоқда.

Суҳбатдош ана шундай фильмлардан бири сифатида болалар учун махсус суратга олинган “Сой қўшиғи” асарини тилга олиб¸ унинг тарбиявий жиҳатдан муҳим эканини айтади.

“Сой қўшиғи” фильмида компютер ўйинларнинг болалар руҳиятига таъсири мавзуси кўтарилган. Фильм сценарийсини таниқли драматург Шароф Бошбеков ëзгани муваффақият гарови сифатида баҳоланмоқда.

Компютер ўйинларининг болалар дунёқарашига таъсири ҳақидаги киноасарнинг номи “Олабўжи” бўлиши керак эди, кейинроқ ўзгартиришди, дейди сценарий муаллифи Шароф Бошбеков Озодлик билан суҳбатда:

- Компютер ўйинларининг болалар руҳиятига зарари бутун дунëда долзарб бўлиб турибди. Компютер ўйинидан таъсирланган болаларнинг қотиллик қилишгача бориб етганини биламиз, дейди Шароф Бошбеков Озодлик билан суҳбатда.

"Зумрад ва Қиммат"дан бошланган тажриба

Тошкентдаги Кино музейида илмий ходим бўлиб ишлайдиган ишлайдиган мунаққид Сожида Аҳророванинг Озодликка айтишича¸ ўзбек киносига тамал тоши қўйилган пайтдаëқ болаларбоп кино яратишга жиддий интилишлар бўлган:

- 1945 йилда суратга олинган “Тоҳир ва Зуҳра “ фильми ëки нисбатан кейинроқ олинган “Семурғ" фильмларини бутун Совет Иттифоқи болалари севиб томоша қилган эди. “Зумрад ва Қиммат”¸ “Ëқимли ëмғир ëғади” каби мултфильмлар ҳам савия жиҳатдан ҳеч кимдан қолишмайди¸ дейди суҳбатдош.

Сожида Аҳророва шу кунларда ўзбек киночилари яна болалар учун кино суратга олаëтганини олқишлайди.

Кейинги 20 йилда Ўзбекистонда хусусий студиялар тарафидан асосан қайнона-келин мавзуидаги мингга яқин кино суратга олингани ҳолда¸ болалар учун фақат бир неча кинокартина ишлангани кузатилади.
XS
SM
MD
LG