Линклар

Шошилинч хабар
05 декабр 2020, Тошкент вақти: 14:34

Ўзбекистон хабарлари

Европа Иттифоқининг махсус вакили Тошкентга келади

Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича махсус вакиласи Патрисия Флор.
Шу йил 21 январидан 23 январигача Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича махсус вакиласи Патрисия Флор Ўзбекистонда бўлади. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг матбуот хизмати маълум қилади.

Флор хонимнинг Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатида, Ҳукуматда, Ташқи ишлар, Иқтисодиёт, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирликларида икки томонлама учрашув ва музокаралар ўтказиши кутилмоқда.

Кун янгиликлари

Маҳаллий нашрлар: Алишер Усмонов ДХХга раис этиб тайинланган

Ўзбекистондаги маҳаллий нашрлар Алишер Усмоновнинг Ўзбекистон президенти Давлат хавфсизлик хизматига раис этиб тайинлангани ҳақида хабар берди.

Лекин, ушбу тайинлов ҳақида расман маълум қилинмаган.

Усмонов бундан олдин Давлат хавфсизлик хизмати раисининг ўринбосари сифатида ишлаган.

Кун.уз нашрига кўра, ушбу тайинлов октябр ойи охирларида амалга оширилган.

Айнан ўша пайтда Баҳодир Тошматов Давлат хавфсизлик хизмати раислигидан олиниб, президент ҳузуридаги Хавфсизлик кенгашига ишга ўтказилганди.

Кун.уз нашрига кўра, Тошматов Хавфсизлик кенгаши котибининг Қуролли Кучларни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари лавозимига тайинланган.

Тошкент билан Душанбе ўртасидаги авиақатнов янги йилдан тикланиши мумкин

Ўзбекистон ва Тожикистон расмийлари икки мамлакат ўртасидаги авиаалоқани 2021 йил 1 январидан тиклаш бўйича музокара олиб бормоқдалар. Бу ҳақда “Азия-Плюс” агентлиги Тожикистон ҳукуматидаги ўз манбаси сўзларига таянган ҳолда хабар тарқатди.

Тошкент билан Душанбе ўртасидаги мунтазам қатновлар шу йил март ойда коронавирус пандемияси туфайли чегаралар ёпилгани ортидан тўхтатилганди.

Ўзбекистон билан Тожикистон расмийлари икки пойтахт ўртасидаги парвозларни 1 ноябргача тиклаш масаласини муҳокама қилишгани, кейин бу муддат 1 декабрга кўчирилгани, сўнгра бу иш янги йилга қолгани ҳақида Озодлик аввал хабар қилган.

“Азия-Плюс” маълумотига кўра, ҳозирча ўзбек-тожик чегарасидан икки мамлакат фуқароларидан уч тоифасигина ўтиши мумкин. Булар Тожикистон ёки Ўзбекистон олий таълим муассасаларида ўқийдига талабалар, қўшни мамлакатда хотини, эри ёки фарзандлари бўлган фуқаролар ҳамда Ўзбекистон ёки Тожикистоннинг коронавирусга қарши кураш бўйича республика штабларидан тегишли рухсатнома олган кишилардир.

Гулнора Каримова Швейцариядаги судда ютиб чиқди

Ўзбекистоннинг аввалги президенти Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова Швейцарияда бўлиб ўтган судда ютиб чиқди. Bloomberg нашрининг ёзишича, бу ғалаба унга музлатилган 350 миллион долларини қайтариб олиш имконини беради.

Швейцария Федерал апелляция суди 3 декабрь куни Г. Каримовани Гибралтарда рўйхатга олинган Takilant ширкатининг қонуний бенефициари деб топишга оид аризасини қаноатлантирган. Мазкур ширкатнинг Швейцариядаги банк ҳисоб рақамидаги пуллар 2018 йилги жиноят иши доирасида музлатиб қўйилган эди.

“Федерал прокуратура Гулнора Каримованинг активларини мусодара қилишга ҳаракат қилгани эътиборга олинса, бу у учун жуда муҳим ғалабадир”, деган Г. Каримованинг адвокати Грегуар Манжа.

Жиноят иши бўйича пулларнинг асл эгаси Гулнора Каримова бўлганини яшириш мақсадида ҳужжатларни сохталаштирганликда ва пул ювишда айбланган ўзбекистонлик Б. исмли шахс айбдор деб топилган.

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди шу йил 18 март куни Гулнора Каримова ва у томонидан ташкил этилган жиноий уюшма аъзоларига нисбатан жиноят иши бўйича ўз ҳукмини эълон қилинганди.

Суд Г. Каримовани жиноий уюшма ташкил этиш, товламачилик, ўзлаштириш ва растрата йўли билан талон-торож қилиш, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва бошқа жиноятларни содир этганликда айбдор деб топиб, уни 13 йилу 4 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш ҳақида ҳукм чиқарган.

Жиноят қонунчилиги нормаларига мувофиқ ҳамда бир неча жиноят ва ҳукмлар мажмуи бўйича жазо тайинланганлигини инобатга олган ҳолда, жазо муддатини 2015 йил 21 августидан бошлаб ҳисоблаш белгиланган.

Аввалроқ Адлия вазирлиги ва Бош прокуратура ваколатли идоралар иштирокида Гулнора Каримова томонидан жиноий йўл билан орттирилган мулкларни Ўзбекистонга қайтариш бўйича олиб борган саъй-ҳаракатлари натижасида жорий йил 14 майида Франциядан 10 миллион АҚШ доллари миқдоридаги активлар Ўзбекистонга қайтарилганини очиқлаганди.

Электр, газ ва иссиқлик таъминоти бўйича истеъмолчилардан келаётган шикоятлар сони кескин ошди

Жорий йил ноябрь ойида Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигига республика бўйича 4693 та ариза ва шикоят келиб тушган. Бу рақам, агентлик ахборот хизматига кўра, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2,5 баравар кўпдир.

Айни пайтда уй-жой коммунал хизмат кўрсатишдаги ҳуқуқбузарликлар бўйича аниқланган мурожаатларнинг сони 3544 тага (одатдагидан 5 баробар кўп) етган.

Агентлик истеъмолчилардан тушган мурожаатларининг асосий қисми кўп қаватли уйлардаги электр энергияси таъминоти, газ ва иситиш тизимлари билан боғлиқ бўлганини очиқлаган.

“Шу билан бирга Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигининг 1159 ишонч телефони, веб-сайти ва электрон почтаси орқали кунига 600 га яқин сўровлар қабул қилинди”, дейилган хабарномада.

Қайд этилишича, шикоятлар энг кўп Тошкент шаҳри, сўнгра Фарғона ва Тошкент вилоятларида истиқомат қилувчи истеъмолчилардан келган.

Ротшильд ширкати Ўзбекистонга АҚШ ва Европадан инвестор жалб қилишда кўмаклашмоқчи

“Rothschild & Co” ширкати вакилларининг ўзбек расмийлари билан учрашуви, Тошкент, 2020 йил 3 декабри (mift.uz фотоси)

Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари, инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов 3 декабрь куни Тошкентда “Rothschild & Co” компаниясининг бошқарувчи директори Ариэль де Ротшильд билан музокаралар ўтказган. Бу ҳақда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Мулоқот чоғида меҳмон расмий Тошкентнинг бозор иқтисодиёти билан очиқ давлат шакллантириш, инвестиция муҳитини яхшилаш ва хусусий мулк институтини мустаҳкамлаш борасида муҳим ютуқларга эришганини қайд этган ҳамда ўз ширкатининг янги йўналишлар учун очиқ, илғор ва истиқболли давлат сифатида Ўзбекистонга қизиқишини таъкидлаган.

Учрашув пайтида, вазирлик қайдича, “Rothschild & Co” компаниясининг Буюк Британия, АҚШ ва ЕИнинг етакчи хорижий инвестор-компанияларини саноат кооперацияси лойиҳаларини амалга оширишга, шунингдек, Ўзбекистондаги давлат активларини хусусийлаштиришга ва мамлакатнинг банк-молия сектори жозибадорлигини биргаликда оширишга жалб қилишдаги иштирокининг истиқболлари кўриб чиқилган.

“Учрашув якунида ҳамкорлик қилиш истиқболларини биргаликда ўрганиш ва инвестициялар соҳасида ўзаро манфаатли шериклик механизмларини ишлаб чиқиш тўғрисида келишувга эришилди”, дейилади хабарномада.

“Rothschild & Cо” Ротшильд хонадонининг Британия ва Франциядаги авлодлари томонидан назорат қилинадиган молиявий-холдинг ширкати бўлиб ҳисобланади.

Фарғонада Жамоат саломатлиги тиббиёт институти ташкил этилади

Тошкент тиббиёт академияси Фарғона филиали негизида Фарғона жамоат саломатлиги тиббиёт институти ташкил қилинади. Бу ҳақдаги қарор президент Ш. Мирзиёев томонидан 3 декабрь куни имзоланган.

Қарорга мувофиқ, қуйидагилар институт фаолиятининг асосий йўналишлар этиб белгиланган:

соғлиқни сақлаш ҳамда санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги муассасалари учун тор соҳадаги мутахассисликлар бўйича шифокорларни тайёрлашни ташкил этиш;

етакчи хорижий тиббиёт олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда малакали мутахассисларга эҳтиёж юқори бўлган соҳалар учун қўшма таълим ва академик мобиллик дастурлари асосида кадрлар тайёрлаш;

соғлиқни сақлаш, санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлигини, касалликлар профилактикаси, паразитология, микробиология, вирусология, соғлом турмуш тарзини ривожлантириш масалалари бўйича истиқболли инновацион, амалий ва фундаментал илмий-тадқиқот ишларини амалга ошириш, шунингдек, уларнинг натижаларини тиббиёт амалиётидаги мавжуд муаммолар ечимига қаратиш;

бириктирилган Абу Али ибн Сино номидаги Жамоат саломатлиги техникумлари ва тиббиёт коллежлари дастурларининг узлуксизлиги ва изчиллигини таъминлаш, улар фаолиятини самарали ташкил қилиш, илмий-услубий ёрдам кўрсатиб бориш;

хорижий мамлакатларнинг етакчи тиббиёт ташкилотлари, илмий-тадқиқот марказлари билан таълим ҳамда илм-фан соҳаларида узоқ муддатли ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва ривожлантириш;

моддий-техника базасини модернизация қилиш ва мустаҳкамлаш, симуляцион марказ, ўқув ва илмий-тадқиқот лабораторияларини замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш.

Давлат олий таълим муассасаси ҳисобланган мазкур институтга қабул ҳар йили белгиланадиган ОТМга ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрлари доирасида ва қўшимча қабул параметрларидан келиб чиққан ҳолда амалга оширилиши кўзда тутилган.

Институт ўқиш 2021/2022 ўқув йилидан бошланиши кутилмоқда.

Россия саноат ва савдо вазири Тошкентга коронавирусга қарши рус вакцинаси намуналарини олиб келди

Вакцина намуналарини санитария эпидемиология хизмати бошлиғининг биринчи ўринбосари Холмамат Норбоев қабул қилиб олган.

Россиянинг COVID-19га қарши “Cпутник V” вакцинаси намуналари Ўзбекистонга олиб келинди. Вакцинани Тошкентга шахсан Россия саноат ва савдо вазири Денис Мантуров олиб боргани ҳақида 4 декабрь куни вазирлик матбуот хизмати маълум қилди.

Расмий билдирувда таъкидланишича, вакцина намуналарини Ўзбекистон санитария эпидемиология хизмати бошлиғининг биринчи ўринбосари Холмамат Норбоев қабул қилиб олган.

“Намуналар ўзбек томонига вакцинани рўйхатга олиш ва уни Ўзбекистонда ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш учун зарур бўлган синовларни ўтказиш учун тақдим этилди”, -дейилади вазирлик билдирувида.

Аввалроқ Озодлик радиоси 1994 йилдан бери Ўзбекистон фармацевтика бозорида ишлаётган Laxisam ширкати бош директори Шавкат Алимуҳамедов ўз ширкати Россиянинг тўғридан-тўғри инвестициялар фонди (РТИФ) билан эришилган келишув доирасида вакцинани қабул қилиб олишга тайёрлигини билдиргани, аммо вакцина таъминоти бўйича Россиядан шу кунгача жавоб келмагани тўғрисида хабар берган эди.

Шу йилнинг сентябрь ойида Laxisam ширкати билан Россия ўртасида эришилган дастлабки келишувга кўра, 10 миллион доза 2020 йилнинг охирига қадар, яна 25 миллион доза эса 2021 йил бошида Ўзбекистонга етказилиши кўзланган эди.

Куни кеча Соғлиқни сақлаш вазирлиги "Спутник-V" вакцинасини Ўзбекистонда синовдан ўтказиш режалангани ва бунинг учун Россияга 500 доза вакцина учун буюртма берилганини хабар қилганди.

Аммо Россияда вакцинани кенг кўламда ишлаб чиқариш жараёни ҳануз бошлангани йўқ. Россия саноат ва савдо вазирлигининг билдиришича, Россия яқин кунларда фақат 2 миллион доза вакцина ишлаб чиқариш қувватига эга.

Ўзбек армияси қуроллари ва техникасининг 27 фоизи янгиланди

Ўзбекистон армияси штатидаги EJDER 4x4. зирҳли машинаси.

Сўнгги йилларда қўшинларни янги қурол-аслаҳа ва техникалар билан таъминлаш ишлари доирасида мавжуд бўлган қурол-яроғ ва техникаларнинг 27 фоизи янгиланди. Бу борада Олий Мажлиси Сенати Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасида 3 декабрь куни ўтказилган видеомажлисда маълум қилинди.

Видеомажлисда Қуролли Кучлар ва ҳарбий қурилишни ривожлантириш ҳамда ҳарбий хавфсизликни таъминлаш бўйича 2020 йилнинг 10 ойи давомида бажарилган вазифалар ҳолати тўғрисидаги ахбороти эшитилди.

Йиғилишда таъкидланишича, “Чирчиқ” полигони ҳудудида Мудофаа вазирлигининг моделлаштириш ва симуляция дала-ўқув маркази янгидан барпо этилган. Мазкур марказда айни кунгача 160 нафар тактик бўғиндаги командир ҳамда 23 нафар куч тузилмалар офицери илк бор махсус ўқув курсда таҳсил олган.

Тоғ тайёргарлиги ўқув-машқлар маркази, “Каттақўрғон”, “Термиз”, “Ангрен” ва “Сазаган” полигонлари халқаро талабларга мос равишда янги кўринишда таъмирланди. Уларнинг ўқув-моддий базалари замонавий воситалар билан жиҳозланган.

Бундан ташқари, Мудофаа вазирлиги автоматлаштирилган ахборот тизими ва маълумотлар базаси асоси ҳисобланган “Сафарбарлик” электрон маълумотлар базаси барпо этилган.

Бир ой ичида Тошкентда пичоқ олиб юрган 50 киши қамалди

Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган пичоқлар.

Жорий йилнинг 5 ноябридан 2 декабригача Тошкент шаҳрида совуқ қурол ёки совуқ қурол сифатида фойдаланиши мумкин бўлган ашёларни олиб юрганларга нисбатан 541 та баённома тузилди.

Тошкент шаҳар Ички ишлар Бош бошқармасиининг 3 декабрда хабар беришича, суд 50 нафар ҳуқуқбузарга нисбатан маъмурий қамоқ жазосини белгилаган, қолган шахслар суд органлари томонидан айбдор деб топилиб, жаримага тортилган.

5 ноябрда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 14, 245, 287-моддалари тўлдирилиб, кодексга янги 185² ва 185³-моддалари қўшилган эди.

Мазкур ўзгартишларга асосан, совуқ қуролни жамоат жойларида ғилофсиз олиб юрганларга 111 минг 500 сўмдан 223 минг сўмгача миқдорда жарима жазоси белгиланди.

Шунингдек, Жиноят кодексининг қурол ёки совуқ қурол сифатида ишлатилиши мумкин бўлган ашёлардан фойдаланган ҳолда қасддан баданга шикаст етказганлик учун жазо чораларини белгилаш тўғрисидаги 104 ва 105-моддаларга ўзгартириш киритилган.

Расмий маълумотларга қараганда, Ўзбекистонда жорий йилнинг январидан августигача ўтган 8 ой мобайнида ўткир тиғли буюмлардан фойдаланган ҳолда 542 та жиноят содир этилган, шундан 168 таси қотиллик.

Жорий йилнинг февралида Ички ишлар ходимлари ўтказаётган рейдларда пичоқ, ўроқ, болта, чопқи, қайчи, кетмон каби ўткир тиғли асбобларни очиқда сотаётган савдогарлардан бундай буюмлар тортиб олингани ҳақда Озодлик хабар берган эди.

Оролбўйида маҳаллий бюджетлар ва ҳайрия пуллар ҳисобидан ўрмонзорлар барпо этилади

Орол денгизининг бугунги аҳволи.

Орол денгизи ва Оролбўйи ҳудудидаги 375 минг гектар ерда ўрмонзор барпо этилади. Бу ҳақда ҳукуматнинг “Республика ҳудудларида ўрмонзорлар, шунингдек, Орол денгизи ва Оролбўйи ҳудудларида “Яшил қопламалар” барпо этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида белгилаб қўйилди.

Қарорга асосан жами 560 минг гектар майдон “яшил қопламалар” учун ажратилган. Бу майдоннинг 375 минг гектарида ўрмонзорлар барпо этилади.

Қорақалпоғистондаги ўрмон фонди ерлари ва Орол денгизининг суви қуриган ҳудудларида, Хоразм, Бухоро ва Навоий вилоятларидаги Оролбўйи ҳудудларида 172 минг гектар ҳамда бошқа ҳудудлардаги ўрмон фондининг тоғ, водий ва тўқай ерларида 13 минг гектар майдонга дарахтлар экилади.

Ўрмонзорлар барпо этиш учун зарур бўлган қўшимча ер майдонлари доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида давлат ўрмон фондига берилади.

Ўрмонзорларни вилоятлар бюджетлари, юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳайриялари, Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик траст жамғармаси (БМТ) маблағлари ҳисобига барпо этиш режалаштирилмоқда.

Россия ўрмонидан топилган "Маугли" ва унинг отаси Ўзбекистонга қайтарилди

Ота-бола 3 декабрь куни Тошкентга учиб келди. Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги фотосурати.

Москва вилоятида қийин аҳволга тушиб қолиб, ўрмонда яшаётган Ўзбекистон фуқароси ва унинг етти ёшли фарзанди Ўзбекистонга олиб келинди.

Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг маълум қилишича, 3 декабрь куни Москва-Тошкент рейси билан учиб келган Шуҳрат Жалилов ва унинг ўғли Амал Жалилов Тошкент халқаро аэропортида агентлик вакиллари томонидан кутиб олиниб, доимий яшаш жойига кузатиб қўйилди.

Шуҳрат Жалилов ва унинг ўғли Амал Жалилов ҳақида аввалроқ маҳаллий нашрлар ва ижтимоий тармоқларда хабарлар тарқатилган эди.

Ташқи миграция агентлигининг билдиришича, 1974 йилда туғилган Ўзбекистон фуқароси Шуҳрат Жалилов узоқ йиллардан буён Россияда ишлаб келган. Унинг Украина фуқароси бўлган аёлдан 2013 йилда фарзанди туғилган. 2020 йил август ойида боланинг онаси вафот этган.

Шуҳрат Жалилов ва унинг ўғли Амал Жалилов Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Россиядаги ваколатхонаси, Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси, Халқаро миграция ташкилоти ҳамкорлигида ватанига қайтарилган.

“Халқ сўзи” нашри 19 ноябрь куни Москва вилоятидаги Балашиха ўрмонидан топилган Маугли лақабли Амал Жалиловга туғилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома берилгани ҳақида хабар берган эди.

БП мулозими: Андижонлик блогерга қарши очилган жиноят иши бекор қилинди

Андижонлик блогер Абдуфатто Нуритдинов

Андижон шаҳар ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ҳузуридаги тергов бўлими томонидан блогер Абдуфатто Нуритдиновга қарши очилган жиноят иши бекор қилинди. Бу ҳақда Ўзбекистон Бош прокуратураси жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими бошлиғи Ҳаёт Шамсутдинов телеграм канали орқали маълум қилди.

Қайд этилишича, Отабек Нуритдинов тахаллуси остида фаолият юритадиган Абдуфатто Нуритдинов шу йил октябрь ойида Facebook ижтимоий тармоғидаги ўз саҳифасида Андижон шаҳридаги 25-мактаб директор ўринбосари Гулчеҳра Мирзаевани “маънавий бузуқ аёл” ва шу каби сўзлар билан ҳақоратлаганлиги бўйича 20 ноябрь куни Андижон шаҳар ИИО ФМБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 140-моддаси (ҳақорат қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Бундан хабар топган блогер ўзига нисбатан асоссиз жиноят иши қўзғатилганлиги ҳақида Facebook’да пост қолдирган. Бу маълумот асосида Андижон вилояти прокуратураси ташаббуси билан мазкур жиноят иши назорат тартибида ўрганилган.

БП мулозими Ҳ. Шамсутдиновга кўра, ҳолатни ўрганиш чоғида жиноят иши қўзғатиш ҳақидаги қарорни қабул қилишда жиноят-процессуал қонунчилиги талабларига тўлиқ риоя қилинмаганлиги аниқланган. Шу важдан Жиноят-процессуал кодексининг 23-моддаси (айбсизлик презумпцияси) 3-қисмига мувофиқ, Абдуфатто Нуритдиновга нисбатан қўзғатилган жиноят иши бекор қилинган.

Блогер А. Нуритдинов ўтган йил 30 декабрь куни маҳаллий мулозимлар шикояти асосида Андижон вилояти маъмурий суди томонидан 15 сутка қамоқ жазосига ҳукм қилинганди. Расмий маълумотларда айтилишича, Абдуфатто Нуритдинов туҳмат, ҳақорат ва майда безориликда айбдор, деб топилган. А. Нуритдинов ўзига қўйилган айбловларни тан олмаган ва кассация тартибида судга шикоят қилган. Суд унинг шикоятини рад қилган ва блогер 15 суткадан сўнг – 2020 йил 14 январида озод қилинган.

Андижонлик блогер 15 суткага қамалган пайтда Озодлик суҳбатлашган манбалардан бири Абдуфатто Нуритдиновнинг “асосан Андижон вилояти ва Асака тумани ҳокимлик вакилларининг бюджет пулларини талон-торож қилишларини аёвсиз ёритиб келган”ини айтган эди.

Тошкентдан Нур-Султонга мунтазам авиақатнов кейинги ҳафтадан тикланади

Uzbekistan Airways авиаширкати жорий йил 10 декабридан эътиборан Тошкентдан Нур-Cултонга мунтазам қатновларни тикламоқда.

Авиаширкат матбуот хизмати тарқатган маълумотга кўра, Қозоғистон пойтахтига парвозлар кейинги ҳафтадан бошлаб ҳар пайшанба ва сешанба (15 декабрдан эътиборан) кунлари амалга оширилади.

Айни пайтда 8 декабрдан Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрига ҳам мунтазам авиақатнов тикланади.

Авиаширкат хабарномасида парвоз чоғида пандемия важидан жорий қилинган чекловлар ҳақида (масалан, йўловчилардан ПЗР маълумотномаси талаб қилиниши каби) ҳеч нарса дейилган эмас.

Тошкентда яна уч шифохона коронавирусга чалинган беморларни қабул қилишни тўхтатди

Тошкент шаҳар тез тиббий ёрдам клиник шифохонаси, Тошкент шаҳар перинатал маркази ва Тошкент шаҳар 3-сон юқумли касалликлар шифохонаси шу йил 2 декабридан бошлаб коронавирус чалинган беморларни қабул қилишни тўхтатган. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг жамоатчилик билан алоқалар бўлими раҳбари Фурқат Санаев ўз телеграм канали орқали маълум қилди.

Қайд этилишича, мазкур шифохоналар соғлиқни сақлаш вазирининг тегишли буйруғига асосан бундан буён ўз йўналиши бўйича дастлабки тартибда фаолиятини давом эттиради. Бу касалхоналарда муолажаси давом этаётган беморлар эса 1- ва 2-сон Зангиота юқумли касалликлар шифохоналарига кўчирилади.

Беморлар чиқарилгандан сўнг муассаса ўрнатилган тартибда зарарсизлантирилади ва эпидемияга қарши чоралар кўрилиб, мавжуд тиббий жиҳозлар консервация қилинади”, дейилган хабарномада.

Ўзбекистоннинг турли жойларида ўтган ҳафтадан бошлаб COVID-19 марказлари ёпила бошлагани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилганди.

Тижорат банклари активлари 345 триллион сўмни ташкил этди

Ўзбекистондаги тижорат банклари активлари, Марказий банк маълумотига кўра, жорий йил 1 ноябрь ҳолатига кўра 345 триллион 100 миллиард сўмни ташкил қилди. Бу эса 2020 йил аввалидаги ҳолат билан солиштирганда 26,5 фоизга кўпдир.

Айни пайтда Ўзбекистон банк сектори активларининг 85 фоизи ёки 292 триллион 820 миллиард сўм давлат улуши мавжуд банклар ҳиссасига тўғри келади.

Активлар ҳажми бўйича Ўзмиллийбанк (77 триллион 5 миллиард сўм ёки жами активларнинг 22,3 фоизи), Ўзсаноатқурилишбанк (45 триллион 983 миллиард сўм ёки жами активларнинг 13,3 фоизи) ва Асака банк (40 триллион 731 миллиард сўм ёки жами активларнинг 11,8 фоизи) пешқадамлик қилмоқда.

Жорий йил 1 ноябригача Ўзбекистон банклари 266 триллион 93 миллиард сўм кредит берган. Берилган кредитлар ҳажми бўйича ҳам номлари юқорида зикр этилган банклар олдинда бормоқда.

Ноябрь ойигача банклар 105 триллион 7 миллиард сўмлик депозит жалб қилишган. Айни пайтда депозитларнинг 71 фоизи ёки 74 триллион 780 миллиард сўм давлат банкларига жойлаштирилгани айтилмоқда. Жалб қилинган депозитлар бўйича Ўзмиллийбанк, Халқ банки ва Ўзсаноатқурилишбанк олдинда бормоқда.

Бу орада Ўзбекистондаги тижорат банкларининг мажбуриятлари 2020 йил 1 ноябрь ҳолатига кўра 287 триллион 590 миллиард сўмни ташкил қилган. Жорий йил 1 январь ҳолатига кўра бу кўрсаткич 221 триллион 700 миллиард сўмга тенг эди.

Пойтахтда ўқиш япон ва ўзбек тилларида олиб бориладиган университет ташкил этилади

Ўзбекистон пойтахти Тошкент шаҳрида Япония рақамли университети ташкил этилади. Бунга оид ҳукумат қарори жорий йил 2 декабрида қабул қилинган.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги маълумотига кўра, янги университетнинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб АКТ, дастурий таъминотни ишлаб чиқиш, ахборот тизими ва компьютер тармоқларини бошқариш бўйича олий маълумотли рақобатбардош кадрларни тайёрлаш ҳамда бошқалар белгиланган.

Ҳукумат қарорига мувофиқ, Тошкентдаги Япония рақамли университети нодавлат олий таълим муассасаси ҳисобланади.

Университетда ўқитиш Япониянинг Отемае университети, Токио онлайн университети ва бошқа нуфузли ОТМ ҳамда Ўзбекистон давлат таълим стандартлари талаблари инобатга олинган ҳолда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишилган ҳолда тасдиқланадиган ўқув режалари ва фан дастурларига мувофиқ равишда япон ва ўзбек тилларида тўлов-контракт асосида амалга оширилади.

Университетда бакалавриат таълим йўналишлари бўйича кундузги ва масофавий таълим шаклларида кадрлар тайёрланади.

“Муҳандис-дастурчи” бакалавриат таълим йўналиши бўйича университетга талабаларни қабул қилиш 2020/2021 ўқув йилидан, “Компьютер графикаси ва дизайн” бакалавриат таълим йўналиши бўйича – кейинги ўқув йилидан бошлаб амалга оширилади.

“2020/2021 ўқув йили ҳамда кейинги ўқув йилларида университетга қабул қилиш параметрлари Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишилган ҳолда белгиланади”, дейилган хабарномада.

Қайд этилишича, битирувчиларга олий таълим тўғрисидаги ҳужжат сифатида тан олинадиган Япония университетлари ҳамда Ўзбекистон Республикасининг белгиланган намунадаги дипломлари берилади.

Тошкентда Британияда рўйхатдан ўтган “шубҳали ширкат” қураётгани иддао қилинган завод ишга туширилади

2017 йилда Тошкент металлургия заводи лойиҳаси келиб чиқиши ўзбекистонлик бўлган қозоғистонлик миллиардер Фаттоҳ Шодиевга қарашли экани иддао қилинган эди.

Йилига 500 минг тонна темирни қайта ишловчи Тошкент металлургия заводи 4 декабрь куни ишга туширилади. Бу ҳақда ТАСС “Метпром” давлат концерни раҳбари Андрей Дейнекога таянган ҳолда хабар тарқатди.

Хабарда айтилишича, мазкур завод Ўзбекистон ҳукумати ва Россиянинг “Метпром” ширкати ҳамкорлигида қуриб битказилди. Лойиҳанинг умумий қиймати 325 миллион еврони ташкил қилган. Бу маблағнинг 50 фоизини Росэксимбанк таъминлаган. Лойиҳанинг қолган эллик фоизини Ўзбекистон ҳукумати ва хусусий инвестор молиялаштирган.

Дайнеконинг айтишича, Россия ҳукумати лойиҳани молиялаштирибгина қолмай, балки уни амалга ошириш учун қўшимча 90 миллион евро миқдорида кўмак кўрсатган. Яъни техник лойиҳалаштириш, инжиниринг, ускунлар ва метал конструкцияларини етказиб бериш ишларини амалга оширган.

“Тошкент металлургия заводини қуришда 30та ишлаб чиқарувчи ва мингга яқин одам иш билан таъминланди”,-деди Дейнеко.

Озодлик радиоси 2017-2018 йилларда Ўзбекистондаги йирик бизнес лойиҳалар, жумладан, Тошкент металлургия заводи лойиҳаси шубҳали ширкатлар томонидан амалга оширилиши режалаштирилаётгани ҳақида мақолалар берган эди.

Ўзбекистонда бошланган йирик бизнес лойиҳаларига оид маълумотлардан яхши хабардор мулозимнинг Озодлик билан суҳбатда иддао қилишича¸ 2017 йил февраль ойида президент Шавкат Мирзиëев бевосита танишиб¸ маъқуллаган Тошкент металлургия заводи лойиҳаси келиб чиқиши ўзбекистонлик бўлган қозоғистонлик миллиардер Фаттоҳ Шодиевга қарашли.

Ўзбек матбуоти ўшанда 1000 иш ўрни яратадиган бу янги завод икки йил ичида Сергели туманидаги 100 гектарлик ҳудудда қурилиши ҳақида билдирганди. Лойиҳа таъсисчиси сифатида Британияда рўйхатдан ўтган Quality Trade Supplies номи келтирилди¸ лойиҳанинг умумий қиймати 278¸2 миллион еврога тенглиги айтилди.

The Herald газетаси Quality Trade Supplies (қисқартмаси QTS) Шотландияда ëмон ном чиқарган ва Transparency International томонидан “пул ювиш механизми” сифатида баҳоланган чекланган шерикчилик компанияларидан бири экани ҳақидаги журналистик суриштирувни эълон қилган.

Spot нашри эса Тошкент металлургия заводи бошқаруви SFI Management Group ширкатига берилишини билдирди.

Озодлик 2020 йилнинг 11 сентябрида эълон қилган мақолада айтилишича, Ўзбек ва Россия матбуоти SFI Management Groupнинг асли наманганлик миллиардер Алишер Усмоновга қарашли экани ҳақида ëзгани ортидан Усмонов унинг асли жиззахлик яна бир миллиардер Фаттоҳ Шодиевнинг акаси Қобул Шодиевники экани¸ айни пайтда ўзининг бу гуруҳ билан бирга ишлашини билдирган эди.

2017-2018 йиллари Ўзбекистон металлургия комбинати, Олмалиқ кон-металлургия комбинати, Тошкент металлургия заводи Вазирлар Маҳкамаси ва президент қарорлари асосида айни йилда таъсис этилган SFI Management Group ишончли бошқарувига берилди.

2021 йилда Абдулла Орипов, Ўткир Хошимов ва Ботир Зокиров юбилейлари нишонланади

Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов 2016 йилнинг 5 ноябрида вафот этган.

Ўзбекистонда 2021 йилнинг мартида Абдулла Орипов, августида Ўткир Хошимов, декабрида Ботир Зокировнинг юбилейлари давлат даражасида тантанали нишонланади. Бу борадаги қарорларни президент Шавкат Мирзиёев 2 декабрда имзолади.

2021 йил март ойининг учинчи ўн кунлигида Ўзбекистон Халқаро анжуманлар саройида Абдулла Орипов хотирасига бағишланган тантанали адабий-бадиий хотира кечаси ўтказилади.

Шоирнинг ўзбек тилидаги икки жилдлик “Танланган асарлар”и, қорақалпоқ, рус, инглиз ва бошқа тилларга таржима қилинган шеърий тўпламлари, шунингдек, “Абдулла Орипов замондошлари хотирасида” китоби нашр этилади.

2021 йил август ойининг биринчи ўн кунлигида Ўзбек Миллий академик драма театрида Ўткир Ҳошимов таваллудининг 80 йиллигига бағишланган адабий-бадиий хотира кеча ўтказилади.

Адибнинг ўзбек тилидаги “Танланган асарлар”ини, қорақалпоқ, рус ва бошқа хорижий тилларга таржима қилинган асарларини, шунингдек, “Ўткир Ҳошимов замондошлари хотирасида” китобини нашрга тайёрлаш ва чоп этиш назарда тутилмоқда.

Бундан ташқари Тошкент шаҳридаги кўчалардан бирига Ўткир Ҳошимов номи берилади.

Ўзбекистон халқ артисти Ботир Зокиров таваллудининг 85 йиллиги эса 2021 йил декабрь ойининг биринчи ўн кунлигида Ўзбекистон Халқаро анжуманлар саройида нишонланади.

Тошкент шаҳрида Ботир Зокиров номидаги миллий эстрада олий мактаби ва мактаб қошида хонанда хотирасига бағишланган ёдгорлик мажмуаси ва музейи ташкил этилади.

Тошкент шаҳрида Ботир Зокиров ҳайкали ўрнатилади. Ўзбекистон давлат консерваторияси жойлашган кўчага Ботир Зокиров номи берилади.

Ўзбекистон давлат филармониясининг Миллий эстрада-симфоник оркестри билан Ботир Зокиров номидаги эстрада оркестрини бирлаштириб, Ботир Зокиров номидаги миллий эстрада-симфоник оркестри ташкил этилади.

Ўзбекистондаги бозорлар хусусий шахсларга сотилади ва ижарага берилади

Тошкентдаги "Олой" бозори.

Давлат активларини бошқариш агентлиги хусусий шахсларга сотилиши ва ижарага берилиши назарда тутилган бозорлар рўйхатини эълон қилди. Мазкур рўйхатдан 339та бозор ўрин олган.

Мазкур рўйхатга озиқ-овқат маҳсулотлари билан савдо қилувчи марказий деҳқон бозорларида ташқари, буюм, қурилиш маҳсулотлари ва автомобилларни сотувчи бозорлар, савдо марказлари ҳам киритилган.

Давлат активларини бошқариш агентлиги Ўзбекистондаги энг йирик “Сергели” автомобил бозори ҳам сотилишини эълон қилди.

Spot нашрининг хабар беришича, бозорни бошқарадиган «Истеъмолда бўлган транспорт воситалари ва эҳтиёт қисмлар Сергели бозори» МЧЖнинг йиллик соф фойдаси 3,3 миллиард сўмни ташкил қилади.

Компаниянинг қарзи 1,5 миллиард сўм. Бошқа компаниялар эса автомобиль бозоридан 3,7 миллиард сўм қарздор.

Мирзиёев Россия Федерацияси делегациясини қабул қилди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев (ў) ва Россия президенти администрацияси раҳбарининг ўринбосари Дмитрий Козак (ч), Тошкент, 2020 йил 2 декабри

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2 декабрь куни амалий ташриф билан Тошкентга келган Россия президенти администрацияси раҳбарининг ўринбосари Дмитрий Козак бошчилигидаги делегацияни қабул қилган.

Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, қабул чоғида бўлажак икки томонлама ва кўп томонлама форматдаги учрашувларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш масалалари кўриб чиқилган.

Учрашув чоғида халқаро сиёсатнинг айрим жиҳатлари юзасидан ҳам фикр алмашилди.

Ортиқча ҳужжат талаб қилган ўнга яқин ОТМ масъули интизомий жазога тортилди

Иллюстратив сурат

Ўзбекистонда абитуриентлардан асоссиз равишда ортиқча ҳужжат талаб қилган 10 нафарга яқин ОТМ раҳбар ходими жазоланган. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Қайд этилишича, адлия органлари Самарқанд вилоятидаги ОТМларда фуқаролардан талаб қилиш тақиқланган ҳужжатлар олинганлиги, белгиланган талабларга зид равишда расмий ҳужжатларнинг нусхалари талаб қилинганлиги ва бошқа бюрократик ғовлар мавжудлигини аниқлаган.

Мисол учун, Самарқанд давлат чет тиллар университети абитуриентлардан фуқаролик паспортидан нусха, солиқ тўловчининг ҳисобга қўйилганлиги тўғрисида гувоҳнома, жисмоний шахслардан жамғариб бориладиган пенсия тизимига қўйилганлиги тўғрисида маълумотнома каби ҳужжатларни тақдим этишни асоссиз равишда талаб қилган”, дейилган вазирлик хабарномасида.

Шунга асосан Адлия вазирлиги олий таълим муассасалари томонидан ортиқча бюрократик ғов ва тўсиқларга барҳам бериш бўйича Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига тегишли тақдимнома киритган.

Бунинг ортидан 10 нафарга яқин олий таълим муассасаларининг раҳбар ходимларига турли интизомий жазо чоралари кўрилган.

Вазирлик ортиқча бюрократик тўсиқларни бартараф этиш юзасидан адлия органлари тизимли ишларни амалга оширишда давом этишини билдирган.

Навоийда кўрсаткичи паст бўлган 26 та мактабнинг директори ишдан олинди

Навоий вилоятида таълим сифати паст бўлган 26 нафар мактабнинг директори, 2 нафар халқ таълими бўлими мудири, 3 нафар халқ таълими бўлими мудири ўринбосари эгаллаб турган лавозимидан озод этилган. Бу ҳақда, вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати маълумотига кўра, халқ депутатлари Навоий вилояти кенгашининг 1 декабрь куни бўлиб ўтган галдаги сессиясида билдирилган.

Айни пайтда Навоий вилоятининг туман ва шаҳарларида ўтказилган йиғилишларда олий таълим муассасасига кириш кўрсаткичи юқори бўлган 106 та мактабнинг директори 10 миллион сўмдан пул мукофоти билан тақдирланган.

Сессияда вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Марат Шамуратов шу кунда “Битирувчи–2021” маълумотлар базаси шакллантирилгани ҳамда битирувчи синф ўқувчилари қизиқиши, билими, салоҳиятидан келиб чиққан ҳолда ОТМлар ҳамда касбий курсларга йўналтирилаётганини маълум қилган.

Аввалроқ Озодлик Қашқадарё вилоятида бирорта битирувчиси олий таълим муассасаларига кирмаган 20 та мактабнинг директори ишдан олингани ҳақида хабар қилган эди.

Ҳукумат ҳокимларга ҳафтасига камида бир марта ишга автомобилсиз келишни тавсия қилди

Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов иштирокида Тошкентда ўтказилган велопойга

Жорий йилнинг 1 декабридан Ўзбекистонда барча давлат органлари ва ташкилотлари ҳамда ҳокимлар ва ўринбосарларига “Шахсий намуна” тамойили асосида ҳафтада камида бир марта автомобиллардан фойдаланмаган ҳолда ишга келиб-кетиш тавсия этилди.

Мазкур тавсия “Аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ҳукумат қарорида акс этган.

Қарорга мувофиқ, 2021 йил 1 апрелига қадар маҳаллалар, қишлоқлар, туманлар, шаҳарлардаги пиёда ва велосипедда юриш учун мўлжалланган “Саломатлик йўлаклари” ташкил этилади. Мазкур йўлакларда автомобил қўйишни тақиқловчи белгилар ва йўлакларнинг бошланиш қисмига махсус тўсиқлар ўрнатилади.

2021 йилдан бошлаб 22 сентябрь куни республика бўйича “Автомобилсиз кун” сифатида эълон қилинган.

Ҳукуматнинг мазкур қарори Ўзбекистон президенти томонидан шу йил октябрь ойи охирида имзоланган “Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонга асосланган.

Ўзбек расмийларининг мамлакатда соғлом турмуш тарзини татбиқ этиш бўйича саъй-ҳаракатларини бир томондан ижобий баҳолаган Озодлик суҳбатдошлари бошқа томондан бу ишнинг қиш-қировли кунларда бошлангани ҳамда “хўжакўрсин” тадбирларга йўл очаётганига норозилик билдирмоқдалар.

Фарғонадаги футбол беллашувида чиққан оммавий муштлашувда иштирок этган 6 киши ушланди

Фарғонада 1 декабрь куни футбол беллашуви оммавий муштлашувга айланиб кетгани юзасидан жиноят иши қўзғатилди ва дастлабки тергов бошланди. Бу ҳақда 2 декабрь куни Фарғона вилоят ИИБ Ахборот хизмати маълум қилди.

Хабарда айтилишича, Жиноят кодексининг 277-моддаси 3-қисми “в” банди (оммавий тадбирлар ўтказилаётган вақтда безорилик қилиш) асосида қўзғатилган жиноят иши доирасида 6 нафар шахс гумонланувчи сифатида қўлга олинди.

Бундан ташқари 5 киши Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (майда безорилик) асосида маъмурий тартибда ушланган ҳамда уларга нисбатан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилган.

“Тергов ҳаракатлари якунига кўра, ишга алоқадор бўлган барча шахсларнинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилади.Мазкур ҳолат вилоят Ички ишлар бошқармаси томонидан назоратга олинган. Тергов ҳаракатлари якунига кўра, қўшимча хабар берилади”,-дейилади расмий хабарда.

Озодлик 1 декабрда Ўзбекистоннинг суперлигасига йўлланма олиш учун Фарғонанинг “Нефтчи” ва Яйпаннинг “Турон” командалари ўртасида 1 декабрь куни ўтказилган ўйин оммавий муштлашувга уланиб кетгани тўғрисида хабар берган эди.

ИИВ: Ёшларни Сурияга жўнатиб келаётган шахс қўлга олинди

"Сурияга ёшларни жўнатган шахс" ДХХ ва ИИВ қўшма амалиёти пайтида қўлга олинди.

Ўзбекистонлик ёшларни Суриядаги “Тавҳид ва жиҳод катибаси” террор ташкилоти сафига жўнатиш билан шуғулланиб келган шахс ДХХ ва ИИВ қўшма амалиёти пайтида қўлга олинди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги 2 декабрь куни маълум қилди.

Вазирликнинг билдиришича, 1996 йилда Самарқанд вилоятида туғилган О. Х., 2019 йилда Миср Араб Республикасида ўқиши давомида “халқаро террорчилик ташкилоти раҳнамоларининг ғоявий таъсирига тушиб” қолган.

Қўлга олинган шахс Мисрга диний таълим олиш мақсадида борган ёшлар орасида “ўзининг ақидапарастлик ғояларини тарғиб қилган ҳамда Сурия давлати ҳудудида фаолият олиб бораётган “Тавҳид ва жиҳод катибаси” халқаро террорчилик ташкилотининг сафига қўшилишга даъват қилиб, уларни юбориш билан шуғулланиб келган”.

Ички ишлар вазирлиги расмий билдирувида ушланган шахснинг уяли телефон аппарати хотирасида экстремистик мазмундаги материаллар мавжудлиги аниқлангани таъкидланади. Бироқ у қачон, қаерда, қандай шароитда ва кимларни Сурияга жўнатгани тўғрисида бирорта маълумот берилмаган.

Ўзбекистон Республикаси Олий судининг 2016 йил 26 сентябрдаги қарори билан "Тавҳид ва жиҳод катибаси" халқаро террорчилик ташкилоти фаолияти Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тақиқланган ташкилотлар рўйхатига киритилган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG