Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 02:28

Британия фойдасига жосуслик қилганликда айбланган Ортиқовга АҚШ бошпана берди


Буюк Британия фойдасига жосусликда гумон қилиниб, оғир қийноқларга солинганини иддао қилган муҳожиратдаги собиқ ҳарбий Қаюм Ортиқовга АҚШдан бошпана берилди. Британиянинг Тошкентдаги элчихонасида 5 йил қоровул бўлиб ишлаган кезда аввалига одам савдосида айбланган Ортиқов 2009 йилда 6 йиллик қамоққа ҳукм қилинган, кейинчалик панжара ортидан унга жосуслик айбини қўйишга уриниш бўлганини иддао қилган эди.



Британия фойдасига жосусликда гумон қилинган, аммо одам савдосида айбланиб, Ўзбекистонда қарийб 2 ярим йил қамоқда ўтирган 44 яшар собиқ ҳарбий Қаюм Ортиқовга АҚШдан бошпана берилди.

Халқаро матбуот диққат марказида қолаётган собиқ ҳарбий тақдирига оид бир неча мақола чоп этган Independent газетаси 4 фарзанди билан Украинада жон сақлаётган Ортиқовга Буюк Британиядан бошпана берилиши кутилаётгани ҳақида ёзган эди.

Хусусан, Буюк Британия парламенти аъзоси, парламентнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитаси вакили Анн Клойд Ортиқовлар оиласи мурожаати билан шуғулланаётгани хабар қилинган эди.

Independent нашри Анн Клойддан: "Биз Британия ҳукумати учун ишлаган кишиларга масъулмиз", деган иқтибосни келтирган эди.

Бироқ, Қаюм Ортиқовнинг Озодликка айтишича, Британия расмийларидан унга бирор аниқ жавоб берилмаган. (Озодликнинг Британия парламенти аъзоси идорасига йўллаган мактубига ҳам жавоб келгани йўқ - Таҳр.)

- Уларнинг ўзи (Буюк Британия парламенти ва элчихонаси расмийларини назарда тутилмоқда - Таҳр.) бизнинг ишимиз билан қизиқиб, УВКБ ООН га ҳам телефон қилиб, суриштириб туришган эди. Кейинчалик улардан бизга аниқ жавоб берилмади узоқ вақт. Киевдаги элчиси ҳам аниқ жавоб беролмаслигини айтган. Унгача бизга Швеция ҳам отказ берди. Охири, ўтган йилнинг декабрида бизга АҚШдан бошпана бериладиган бўлганини айтишди. Биз ҳам ўйлаб кўриб, буни қабул қилдик, - деди Қаюм Ортиқов Озодлик билан суҳбатда.

Шу кунларда оғир шароитда Украинада қолаётган Қаюм Ортиқов Буюк Британиянинг Тошкентдаги элчихонасида 5 йил — 2004 йилдан 2009 йилга қадар қоровул бўлиб ишлаган.

Унга қадар Ўзбекистон Республикаси Қуролли кучларига қарашли Чирчиқ гарнизонида ҳарбий хизматчи бўлган Қаюм Ортиқов 2008 йилнинг 26 декабрида ҳибсга олинган эди.

Собиқ ҳарбийга унинг ёрдамида Россияга ишлагани кетган ва у ердан маошини тўлиқ ололмай қайтган бир неча ҳамюртининг даъво аризаси асосида одам савдосига алоқадорлик айби қўйилган эди.

2009 йилнинг январь ойида Тошкент шаҳар Чилонзор тумани Жиноят ишлари суди айни айблов асосида Ортиқовни 6 йилга озодликдан маҳрум қилган.

Аммо, ҳибсга олинганидан бироз ўтиб, панжара ортида Ортиқовга жосуслик айбини қўйишга уриниш бошлангани ҳақида илк бор унинг рафиқаси - Моҳира Ортиқова халқаро ахборот воситаларига интервью берган ва турмуш ўртоғи қийноқларга солинаётганини даъво қилган.

2011 йилнинг 4 майида муддатидан аввал озод қилингач, дарҳол оиласи билан мамлакатни тарк этган Ортиқов 2012 йилда Буюк Британияда чоп этиладиган The Independent нашрига илк интервьюсида қийноқлардан гап очган эди.

Газетада эълон қилинган "Ўзбекистонда мени қийноққа солишди" сарловҳали мақола ортидан Озодлик мухбири билан суҳбатлашган Қаюм Ортиқов 2009 йилнинг февралидан то августига қадар оғир қийноқларга солинганини иддао қилган.

- 2009 йилнинг февралида миллий хавфсизлик хизматидан иккита йигит келди, Тоштурмада сўроқ қилиш учун. "Биз яхши биламиз, сен ва яна элчихонада ишлайдиган шерикларинг Британия жосусисан", деб тўғридан-тўғри айблади. Шу айбни бўйнимга олишим ва яна бир неча таниганларимга қарши кўрсатма беришимни сўрашди. Мен рози бўлмадим ва ўша куниёқ иккаласи 2 соатдан ошиқ, ҳуморидан чиққунча урган эди мени,- дея хотирлайди Ортиқов.

Унинг сўзларига кўра, Британия фойдасига жосуслик айбини бўйнига олишини талаб қилиб, уни аввалига миллий хавфсизлик хизмати ходимлари, кейинчалик эса маҳбус "лохмач"лар мисли кўрилмаган қийноқ усуллари билан синаб кўришган.

Унинг сўзларига кўра, қамалганидан сўнг 4 ой давомида уни яқинларига кўрсатишмаган.

Натижада, рафиқаси Моҳира Ортиқова адвокат ёллаган ва адвокат 2009 йилнинг май ойида Тоштурмага кириб Қаюм Ортиқовнинг ҳолидан хабар олишга муваффақ бўлган.

- Хуллас, аёлим курашдан тўхтамади ва менимча, унинг тўхтовсиз ҳаракати учун, халқаро матбуотда шов-шув бўлгани учун охири қўйворишдида, хуллас,- дейди Қаюм Ортиқов.

У 2011 йилнинг 4 майида қолган муддатни маошининг маълум бир қисмини давлатга тўлаш мажбурияти билан 3 йилу 7 ой аввал қамоқдан озод қилинди.

Қамоқдан озод бўлиши билан Қаюм Ортиқов оиласини олиб, Ўзбекистонни тарк этди ва бундан буён хорижда ўз номини оқлаш учун курашишни ният қилмоқда.

- Тўғрисини айтсам ҳар гал сўрашганида, бу қийноқларни эсласам, гапирсам, ичим бўшагандай туюлади. Лекин бир соатлардан кейин ичимда вулқон қайнашни бошлайди. Нега мени айблашди, нега ноҳақдан қийнашди, нега мени қийнаганларга жавобимни айтолмадим, деб эзиламан. Кейин қон босимим ошади, яна дориларни ичишга мажбур бўламан. Бир ярим суткагача қимирламай ухлатиб ташлайди бу дорилар, - дейди оғир қийноқлар азобидан озодликда ҳам қутула олмаётган собиқ ҳарбий.

У ҳозир ҳам муттасил шифокорлар назорати остида қолмоқда. Шунга қарамасдан, фикрларини жамлаш ва келажагига оид режаларни тиниқлаштириб олишга уринган ҳарбий битта ниятида ҳамиша собитлигини айтади:

- Мен китоб қоралаб қўйганман. Мен ҳали ҳақлигимни кўрсатаман уларга, албатта! Келажакни вақт кўрсатади ҳали, - дейди Қаюм Ортиқов.

Бу оила тақдирини Буюк Британия, Германия ва АҚШдаги инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи қатор халқаро ташкилотлар кузатиб келмоқда.

Жумладан, Хюман Райтс Уотч ташкилотининг Марказий Осиё давлатлари бўйича мутахассиси Стив Свердлов ҳам Қаюм Ортиқовга нисбатан аёвсиз қийноқлар қўлланганини қоралаб, баёнот тарқатган.
XS
SM
MD
LG