Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:56

Асакадаги “GM-Ўзбекистон” заводида сигарет чекиш тақиқланди


17 январдан бошлаб “GM-Ўзбекистон” қўшма корхонасининг Асакадаги заводи ишчи-хизматчиларига завод ҳудудига сигарет олиб кириш ва чекиш тақиқланди. Завод маъмурияти буни ёнғин хавфсизлиги билан боғлиқ тадбир ўлароқ изоҳлади.



“GM-Ўзбекистон”нинг Асакадаги заводи ҳудудига сигарет олиб кириш тақиқлангани борасида завод ишчиларидан бири Озодликка маълум қилди.

“Эрталаб заводга кираётган пайти милиция ходимлари сигаретларни олиб қўймоқда. Заводда 9000 одам ишлайди. Ишчиларининг асосий қисми эркаклар. Орасида чекувчилар ҳам кўп. Ҳозир умумун завод ҳудудида чекиш мумкин эмас, дейишаяпти”, дея хабар йўллади исмини очиқламасликни сўраган завод ишчиси.

“GM-Ўзбекистон” корхонасининг Асакадаги корхонаси маъмурияти ишчи-хизматчиларга завод ҳудудида чекиш тақиқланганини тасдиқлади.

“Бу ёнғиннинг олдини олиш мақсадида қилинаяпти. Раҳбариятнинг махсус буйруғи бор. Заводнинг ёнғин хавфсизлиги бўлими ходимлари шу буйруқ асосида қатъий назорат қилаяпти. Ишчиларимиз ҳам тартибга амал қилишаяпти”, деди исмини очиқламаётганимиз завод масъулларидан бири.

Унинг айтишича, 5 январь куни “GM-Ўзбекистон”нинг автомобил ўриндиқлари ишлаб чиқарадиган Андижон шаҳридаги "Ўз-Тонг Хонг Ко” қўшма корхонаси омборида ёнғин содир бўлганидан сўнг ёнғин хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ишчиларга чекишни тақиқлашга қарор қилинган.

“Омбор ёниши натижасида анча-мунча зарар кўрилди. Бу ишлаб чиқаришга ҳам салбий таъсир кўрсатади. Шунинг учун бу каби ҳолатлар бошқа такрорланмаслиги учун ёнғин хавфсизлигини кучайтираяпмиз”, деди завод масъули.

Асака заводининг ёнғин хавфсизлиги бўлимидан олинган маълумотга кўра, янги тартибга амал қилмаган ишчилар жаримага тортилади.

“Ишчилар бизнинг талабларимизни бажараяпти. Талабни бажармаганга чора кўрилади. Инспекторларимиз бор, улар қонун-қоидадан чиқмаган ҳолда тартибни бузганларга, яъни завод ҳудудига яширин сигарет олиб кириш ёки чекиш билан ушланганларга жарима солишади”, деди заводнинг ёнғин хавфсизлиги бўлимининг ўзини таништирмаган ходими.

Заводнинг қўриқлаш хизматидан олинган маълумотга кўра, кашанда ишчилар корхонага сигарет ўрнига нос олиб киришлари мумкин.

“Тартиб-интизом деган нарса бор. Иш вақтида нос чекиш мумкин эмас. Кун давомида танаффус учун белгиланган вақтларимиз бор. Ўша вақтда белгиланган жойга бориб, нос чекишлари мумкин”, деди ўзини таништирмаган завод қўриқчиларидан бири.

Завод ишчиларидан бирининг ўзини очиқламаслик ва овозини ёзиб олмаслик шарти билан айтишича, ҳозирда сигарет чекувчи кўпчилик ҳамкасблари нос чекишга ўтишга мажбур бўлаяпти.

“Ҳозир кашанда ишчилар олдида икки йўл бор: Чекишни умуман ташлаш ёки сигаретни носга алмаштириш. Бу иккисидан биттасини танламаса чекишга ўрганган одамнинг бошқа битта йўли қолади, бу ишдан кетиш. Лекин ким ҳам ишдан кетишни истайди. Шунинг учун заводда носкашлар кўпаядиган бўлди”, дейди завод ишчиси.

Ўтган йили бу завод ишчи-хизматчиларнинг корхона ҳудудига мобил телефон олиб кириши тақиқланган эди.

Ушбу тартибни бузган ишчилар ойлигидан 30 фоиз миқдорида жарима учун ушлаб қолинган ҳолатлари ҳам кузатилди.

Завод маъмуриятидан олинган маълумотга кўра, ҳозирда ишчиларнинг барчаси мобил телефонсиз келишга ўрганиб қолишган.
XS
SM
MD
LG