Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:18

Тожикистон мадрасаларида касб-ҳунарга ҳам ўқитиш таклиф қилинди


Хўжанддаги мадрасада талабалар илм олмоқда.
Хўжанддаги мадрасада талабалар илм олмоқда.
Тожикистондаги Сўғд вилояти ҳокимияти диний уламолар ва мударрислар билан биргаликда мадрасалар талабалари учун янги таълим дастурини жорий қилмоқчи. Янги дастурга кўра, талабалар диний таълим олиш жараёнида ҳаётда асқотадиган бирор касбни ҳам эгаллайди.


Тожикистондаги мадрасаларда диний таълим билан бирга касб-ҳнар ўргатиш тизимини йўлга қўйиш таклиф қилинмоқда.

Сўғд вилояти ҳокимиятининг Дин ишлари қўмитаси раиси Абдулҳаким Шариповнинг айтишича, янги дастур мадрасалар ўрнига ҳам диний илм, ҳам касб-ҳунар ўргатадиган лицейлар ташкил қилишни кўзда тутади.

- Чунки фақат диний маълумот олиш билан тирикчилик қилиб бўлмайди. Сўғд мадрасаларини бир йилда 500 талаба тугатади. Уларнинг аксарияти масжидга имом бўламан, халқ ўзи мени боқади, деб умид қилади. Лекин бу давлат талабини қаноатлантирмайди, чунки ҳар бир одамнинг кун кечириши учун қўлида ҳунари ва даромад манбаи бўлиши керак, - деди Абдулҳаким Шарипов.

Мадраса талабаларига диний таълим олиш билан бирга компьютер мутахассислиги, сартарош, пазандалик ва тикувчилик каби касбларни ўргатиш таклиф қилинмоқда.

Абдулҳаким Шариповга кўра, мадрасаларни лицейларга айлантириш таклифини асослайдиган яна бир жиҳат Тожикистоннинг “Маориф тўғрисида”ги қонунида “мадраса” деган тушунчанинг йўқлигидир.

Бошқа тарафдан, Хўжанд шаҳридаги “Нури ислом” масжидининг имом-хатиби Ибодуллоҳ Калонзоданинг айтишича, Тожикистондаги мадрасалар бугунги кун талабларига жавоб бермайди.

- Замон илгарилаяпти, бироқ мадрасаларимиздаги таълим бериш шакли собиқ иттифоқ пайтидаги Бухоро мадрасаларидан мерос қолган. Мадрасаларда биз муллаларни тайёрлардик, холос. Тафсир, ҳадис, ақоид каби соҳаларда мадраса талабалари учун махсус китоблар ёзилмаган. Шунинг учун ҳам, мамлкатадаги исломий мадрасаларни ислоҳ қилиш ҳақидаги фикр жуда яхши ва бу ислом маърифатининг ошишига хизмат қилади, деб ўйлайман. Муллаларнинг бошқа касб эгаллагани ҳам яхши, бироқ асосий мақсад масжидларни диний маълумотли кадрлар билан таъминлаш бўлса, яхши бўларди, - деди Ибодуллоҳ Калонзода.

Бугунги кунда 7 миллион аҳолиси бўлган Тожикистонда қарийб 3500 та масжид мавжуд. Аҳолиси 30 миллиондан ошган Ўзбекистонда эса бор-йўғи 2037 та масжид бор.
XS
SM
MD
LG