Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:46

Қорақалпоғистон: Янгиталапликлар – 27 даражада газсиз қолди


Қорақалпоғистон Республикасида ҳаво ҳарорати - 27 даражагача пасайган шу кунлар Қўнғирот туман Янги Талап жамоа хўжалигига газ узатиш тўхтади. Совуқдан қийналаётган аҳоли вакилларининг ёрдам сўраб маҳаллий расмийлар ва прокуратурага қилган мурожаатлари жавобсиз қолмоқда.

Қорақалпоғистон Республикасида ҳаво ҳарорати -27 даражагача пасайган шу кунларда Қўнғирот туман Янги Талап қишлоғига газ узатиш тўхтаганига бугун 3 кун бўлди. Совуқдан қийналаётган аҳоли вакилларининг ёрдам сўраб маҳаллий расмийлар ва прокуратурага қилган мурожаатлари жавобсиз қолмоқда.

Бу ҳақда Озодликка Янги Талапда яшовчи аҳоли номидан Озодликка қўнғироқ қилган Гулистон Медетова, Зайнаб Қуватбаева, Қарлиғаш Нуримовалар шикоят қилди.

Гулистон Медетованинг айтишича, ҳар ойда газ учун ойлик маош ва пенсиялардан мажбуран пул ушлаб қолинишига қарамай, Янги Талап аҳолиси вакилларининг маҳаллий расмийларга газ таъминотини қайта тиклашни сўраб қилган мурожаатлари натижа бермаган.

- Ҳозир ҳаво ҳарорати кундузи -20 даража. Кечаси -25 -28 даражагача пасайяпти. Уч кундан бери газ йўқ. Совуқда қаттиқ қийналдик. Ҳокимиятга борганимиз билан қабул қилмайди. Маҳалла оқсоқоли мен газга, сувга ва электрга жавоб бера олмайман, деб айтди. Прокуратурага борган эдик, Тошкентга боринг, қаёққа борсангиз боринг, бизнинг қўлимиздан келмайди, деб айтишди, деди Гулистон Медетова.

Ногирон фарзанди бўлган Медетова Янги Талапда аксар оилалар совуқдан жон сақлаш учун ўтин ёқиб, битта хонада тиқилиб кун кўраётганини, ўқув муассасалари совуқ туфайли ёпилганини қўшимча қилди.

- Ҳозир кўп одамлар “котёл”ларнинг сувини тўкиб ташлаган. Уйни ўтин олиб келиб ёқиб иситишяпти. Ҳамма битта хонада тиқилиб ўтирибди. Совуқ сабабли мактаблар ва коллежларда ўқиш 6 февралгача тўхтатилди, дейди пенсионер аёл.

Гулистон Медетова Янги Талап жамоа хўжалигида газ тақчиллиги фақат қиш фаслига оид муаммо эмаслигини, газ бўлмагани учун болалар касал бўлиб қолаётганини айтди.

- Мўйноқдан олинган газ қаерга кетаётганини билмаймиз. Нима учун Мўйноқда газ бору бизда йўқ? Уч йил бўлиб қолди жуда қийналяпмиз газдан. Ёзда ҳам газ умуман берилмайди. Ҳозир болаларимиз касал. Газ бўлса, шундай муаммо бўлмайдику?! дейди Гулистон Медетова.

Қўнғирот тумани газ таъминоти идораси телефонини кўтарган ходим саволни эшитибоқ гўшакни ташлаб қўйди.

Ўзбекистоннинг аксар вилоятлари каби Қорақалпоғистонга қўшни Хоразмда ҳам қаҳратон совуқда газ ва электр тақчиллиги кузатилмоқда.

Шовот туманида яшовчи Алишер Азимовнинг Озодликка айтишича, "газ ва электр бўлмагани учун одамлар совуқнинг кучлилигидан тунда ҳатто ухлай олмаётибди".

Алишернинг фикрича, "одамлар газ ва электр тақчиллигидан қийналаётганидан Ўзбекистон Президенти хабардор эмас, бунинг учун маҳаллий раҳбарлар айбдор,

- Совуқ -25 -30 даражагача бўлди. Газ масаласи, свет масаласи жуда оғир. Халқ қийналиб турибди ҳозир. Ечинмай ётиб-турибмиз. Ҳаво совуқ бўлгани учун ечиниб бўлмайди. Кечаси уйқу йўқ. Уйлар совуқ. Газ йўқ. Свет ҳозир ҳам йўқ. Свет масаласи жуда оғир. Келинлар овқатни ўтин ёқиб пиширишяпти. Президентимиз буни билмайди. Буни ҳокимлар қилиб турибди, дейди хоразмлик Алишер Азимов.

Ўзбекистон Гидрометереология маркази маълумотига кўра, 5 февралга ўтар кечаси Нукусда – 20 даража, Урганч шаҳарида – 18 даража бўлган. Синоптиклар 4-10 февраль кунлари Республикада совуқ об-ҳаво сақланиб туришини башорат қилмоқда.
XS
SM
MD
LG