Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:11

Қизириқнинг 40-мактаб ўқувчилари мажбурий таълимдан мосуво қолди


Самарқанд вилояти Нарпай туманидаги мактаблардан бирининг йиллардан буён капитал таъмирга муҳтож қолаётган эски биноси.
Самарқанд вилояти Нарпай туманидаги мактаблардан бирининг йиллардан буён капитал таъмирга муҳтож қолаётган эски биноси.
Сурхондарё вилоятининг Қизириқ тумани Зарбдор қишлоқ фуқаролар йиғинидаги 320 ўқувчилик 40-мактаб ўқувчиларининг каттагина қисми 2 ойдан буён мактабга боролмаяпти. Мактаб маъмурияти ва туман ҳокими эскириб кетган бино капитал таъмирда, ўқувчилар эса уй шароитида дарс олаётганини айтди. Қизириқликлар эса болалар икки ойдан буён ўқимаётганини айтмоқда.


Қизириқ туманининг бошқа аҳоли пунктларидан узоқроқ жойлашган Зарбдор қишлоғидаги 40-мактаб ўқувчилари икки ойдирки дарсга боролмаётгани ҳақида Озодликка мактуб йўлланди:

Sizdan bitta iltimos bor surxondaryo vil..ti qiziriq tuman zaribdor maxalasidagi 40 umimiy urta talim maktabi 2 oydan beri yopiq qolmoqda xa, desa maktab remunt buladi deydi uzu sovuqdan yopilgan busa kerak shu aniqlab yuzaga chiqarsangiz”, деб ёзди қизириқлик бир муштарий.

Қарийб 100 минг аҳоли истиқомат қиладиган Қизириқ тумани Сурхондарёнинг пахта етиштириладиган туманларидан биридир.

Муштарий иддаосича, ўқитувчилар жамоаси кузда икки ой пахта терими билан оввора бўлган 40-мактабда декабрда таъмир бошланган ва шу боис, 2013-2014 ўқув йилида қарийб дарс бўлмаган.

Бундан ташқари, мактубда қишнинг қировли кунларида бошланган капитал таъмир ҳам ҳаминқадар бораётгани, унинг ҳали-бери битишига умид йўқлиги айтилди.

Қизириқ туманининг Зарбдор қишлоқ фуқаролар йиғинида жойлашган 40-мактабда шу қишлоқнинг 320 боласи ўқийди. Бу қишлоқ ҳудудида бошқа мактаб йўқ.

Мактуб ортидан, дастлаб 40-мактабга боғланган Озодлик мухбири қоровул билан суҳбатлашишга муваффақ бўлди.

“Шу декабрдан бери мактаб капитал ремонтда. Битта корпуси ҳозир ремонтга бўшатилди. Битта корпусида дарс бўлаяпти. У ерда фақат юқори синф ўқувчилари ўқияпти. Кичкина синфларнинг ҳаммаси уй шароитида ўқияпти. Тўлиқ маълумотни директоримиз Муқаддас Мажидовадан оласиз”, деди мухбир билан микрофонсиз суҳбатда мактаб қоровули.

Қоровул мухбирни директор билан улашни ваъда қилди, аммо натижа бўлмади.

Қизириқ туман ҳокимлиги мутасаддилари 40-мактаб биноси айни дамда капитал таъмирда эканини тасдиқлади. Ҳокимиятнинг ўзини таништирмаган мутасаддиси ўқувчилар уй шароитида дарс олаётгани ва бу мактабдаги таъмирни шахсан ҳокимнинг ўзи назорат қилаётганини айтди.

Озодлик мухбири мурожаатини беэътибор қолдирмаган туман ҳокими Олимжон Алимардонов интервю беришга рози бўлмади, аммо мухбир билан ўзаро суҳбатда баъзи саволларга жавоб берди.

Туман ҳокими Олимжон Алимардоновдан олинган маълумотга кўра, ҳужжатларда 40-мактабдаги капитал таъмир декабрда эмас, балки 20-январда бошлангани қайд этилган. Мактаб биносини тўлиқ — ички ва ташқи деворларию томига қадар қайта таъмир қилиш режаланган. Таъмирни 20-августда якунлаш белгиланган.

“Ўқувчилар масаласига келинса, - деди туман ҳокими мухбир билан микрофонсиз суҳбатда, - улар дарссиз қолгани йўқ. Уй шароитида, аҳолининг бўш ётган уйларида синфхоналар ташкил қилинган”.

Ҳоким Олимжон Алимардоновдан олинган маълумотга кўра, мактабнинг жами 320 ўқувчиси бир қисми аҳоли бўшатиб берган уйларда 3-сменада ўқитилмоқда.

“Бўш ётган уйлардаги синфхоналарга парта, доска ўрнатилган, иситилган. Как положено, болалар ўқияпти. Бунинг ҳаммаси олдидан режалаштирилган, Вазирлар Маҳкамаси қарори билан бўлаётган ишлар", деди мухбир билан микрофонсиз суҳбатда туман ҳокими.

Таъмир нега қишда, бунинг устига мактаб жамоаси эндигина тўлиқ таълим жараёнига қайтган вақтда бўлаётгани ҳақидаги саволга жавобан туман ҳокими 40-мактаб жамоасининг пахта теримига чиқарилмагани, капитал таъмир эса ҳар қандай шароитда ҳам ози билан 7-8 ойга чўзилиши, яъни ўқув йили давомида бўлишини айтди.

Қизириқ тумани шароитидан бохабар сурхондарёлик ўқитувчи Абдулла Ҳакимов эса туман ҳокими берган жавобнинг ҳаққонийлигини шубҳа остига олди.

- Мен Қизириқ туманида кўп бўлганман. У ердагиларнинг ҳаммаси фермерлик қилади. Мактаб болалари бўлмаса ҳам ўқитувчилар пахтага чиқарилади. Декабрда ремонт бошлаган бўлса, бу ўқув йили дарс бўлмаган, ҳисоб. Лекин капитал таъмир, одатда ёзда бошланади. Қишда, шундай совуқда ким капремонт қилади — бу ақлга сиғмайди, - деди Абдулла Ҳакимов.

Бундан ташқари, "уй синфи" тизимининг бирданига 200га яқин ўқувчига уюштирилиши ҳақидаги расмий изоҳни ҳам бу ўқитувчи "ақл бовар қилмайдиган гап", деб қабул қилди.

- Ҳар битта қишлоқда 5-6 нафар идроки паст, соғлиги мукаммал бўлмаган болалар бор ва улар учун уй синфи ташкил қилинади. Лекин, тасаввур қилинг, Қизириқда ким борки, уйида 20-30 та ўқувчини партасию доскаси билан жойлаштирадиган хоналари бўлса?! Қишда ким бунақа хонасини иситиб беради болаларга?! Бунақа синфлардан бир нечта бўлса?! - дея норози бўлди сурхондарёлик ўқитувчи Абдулла Ҳакимов.

Озодликда номи тилга олиниши ва овози берилмаслигини истаган қизириқлик муштарий аслида 40-мактаб биноси бу йилги қишга дош беролмайдиган даражада яроқсиз ҳолга келгани, йиллар давомида болаларни зах босган хонадаларда ўқишга маҳкум қолдирган ҳокимият капитал теъмирга жуда кеч киришганини айтмоқда.

"Болалар шумтираб, музлаб ўқиган ўтган қишда ҳам. Биз Озодликка телефон қилиб айтганмиз ўшанда ҳам. Ҳокимиятга ҳам айтганмиз, лекин чора кўрмаган. Агар шу бу йил ёпмаса, томи босиб қолиши аниқ эди. Лекин болаларнинг умри ўтаяптида! Бадтар чаласавод бўлаяптида?!" деди тумандаги Зарбдор қишлоқ фуқаролари йиғинида истиқомат қиладиган муштарий.

Қизириқ тумани Халқ таълими бўлими ва Сурхондарё вилояти Халқ таълими бошқармаларидан бу борада маълумот олишнинг ҳозирча имкони бўлмади.

Аммо, 200 дан ортиқ ўқувчининг Ўзбекистон Конституциясида белгиланган таълим олиш ҳуқуқи қўпол бузилиши ва мамлакатда мажбурий қилинган умумий ўрта таълим таъминотидаги узилишга оид бу ҳолат борасида Озодлик Сурхондарё вилояти ҳокимлиги, вилоят Халқ таълими бошқармаси, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ва бошқа мутасадди идоралардан маълумот олишга уринишда давом этади.
XS
SM
MD
LG